Алҳамдулиллаҳ, биз мўмин-мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтишга буюрилганмиз. Агар бир марта салавот айтсак, бизга Аллоҳ ўн марта раҳмат йўллайди, ўнта гуноҳимиз ўчирилади, мартабамиз ўн даража ортади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта раҳмат йўллайди. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади, мартабаси ўн даража кўтарилади” (Имом Аҳмад ривояти). Манбаларда қисқа салавот сифатида қуйидаги салавот берилади:
اَللَّهُمَّ صل وَسَلِّمْ عَلَى نَبِيِّنَا مُحَمَّد
Алло́ҳумма солли васаллим ала́ набиййина́ Муҳаммад
Маъноси: “Эй, Аллоҳ! Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга раҳмат ва салом йўллагин!”
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими
Самарқанд вилоятидан 40 дан ортиқ имом-хатиб Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, унинг илмий-маърифий фаолияти, тарихий экспозициялари ва аждодларимиздан қолган бой меросни ўрганиш имкониятлари билан танишди, хабар бермоқда iccu.uz.
«Учинчи Ренессанс чорраҳаси» мавзуси доирасида ташкил этилган ташриф давомида меҳмонларга ислом цивилизациясининг шаклланиши ва тараққиёти, турли даврларда илм-фан, таълим, маърифат ва маданият соҳаларида эришилган ютуқлар ҳақида маълумот берилди. Экспозициялар орқали улар тарихий жараёнлар, ноёб манбалар ва буюк алломаларнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси билан яқиндан танишди.
Булунғур туманидаги Исори Ўрокли жоме масжиди ноиб имоми Илҳомжон Мардиев Марказда кўрганлари унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади. Унинг айтишича, экспозициялар нафақат аждодлар меросини, балки мамлакатимиздаги бугунги ўзгаришларни ҳам чуқурроқ англаш имконини берди.
«Бу ерга аввалроқ келмаганимга афсусландим. Таассуротларим жуда катта. Ибтидоий жамоа тузумидан бугунги кунгача бўлган тарихий жараёнлар билан танишиб, кўплаб янги маълумотларга эга бўлдим, десам хато бўлмайди. Боболаримиз тарихи, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, айниқса, бугунги ўзгаришлар ҳақидаги экспозициялар мени жуда таъсирлантирди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ишларга алоҳида ҳавас билан қарадим.
Марказни кўриб, жамоатимизни ҳам бу ерга олиб келиш нияти туғилди. Худо хоҳласа, яқин кунларда масжидимиз жамоаси билан келиб, экспозицияларни яна бир бор кўришни режалаштиряпман. Бу — қайта-қайта келишга арзийдиган мажмуа. Барчага бу ерга ташриф буюришни тавсия қиламан.
Бугун мамлакатимиздаги тараққиёт биз кутганимиздан ҳам жадал кечаётганини кўриш мумкин. Бу ишларга ҳисса қўшаётган барчага, хусусан, давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдираман», — деди Илҳомжон Мардиев.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тарихий меросни кенг жамоатчиликка етказиш, аждодларимизнинг илмий-маънавий ютуқларини ўрганиш ва уларни бугунги авлод билан боғлашга хизмат қилмоқда. Самарқандлик имом-хатибнинг ўз жамоатини ҳам Марказга олиб келиш нияти эса бундай ташрифларнинг маърифий аҳамиятини яна бир бор кўрсатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати