Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бугунги глобаллашув ва ахборот алмашинуви ниҳоятда тезлашган шароитда жамиятнинг барқарорлиги нафақат иқтисодий ёки сиёсий омиллар, балки инсонлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва ишончга ҳам бевосита боғлиқ. Айниқса, турли миллат, элат ва диний конфессиялар вакиллари истиқомат қиладиган жамиятларда тотувликни таъминлаш ижтимоий барқарорликнинг муҳим шартларидан биридир.
Ўзбекистон учун миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик тарихий тажриба билан бирга, бугунги тараққиёт жараёнининг ҳам муҳим омилидир. Шу боис ушбу йўналишдаги сиёсат фақат маънавий-маърифий тадбирлар билан чекланмай, ҳуқуқий кафолатлар, институционал механизмлар, таълим, маҳалла ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликни қамраб олмоқда.
Тотувликнинг ҳуқуқий асоси. Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликнинг энг муҳим кафолати Конституцияда белгиланган инсон ҳуқуқлари ва тенглик тамойилларидир. Янги таҳрирдаги Конституцияда давлат барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарига ҳурмат билан муносабатда бўлишни таъминлаши ҳамда уларнинг ривожланиши учун шароит яратиши белгиланган. Шунингдек, виждон эркинлиги кафолатланиб, инсоннинг исталган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқи эътироф этилган.
Бу нормаларнинг аҳамияти шундаки, миллий ёки диний мансублик инсоннинг жамиятдаги ҳуқуқий мақомини белгиловчи мезонга айланишига йўл қўйилмайди. Демак, бағрикенглик фақат ахлоқий фазилат эмас, балки фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигига асосланган конституциявий тамойилдир.
Миллатлараро муносабатларда янги институционал ёндашув. 2025-йил 19-мартдаги ПФ-52-сон Фармон билан умуммиллий тотувлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, барча фуқароларга тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш ҳамда ягона фуқаровий ўзликни шакллантиришга қаратилган вазифалар белгиланди. Ҳужжат асосида Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ташкил этилди.
Мазкур ёндашув миллатлараро муносабатларни фақат маданий тадбирлар доирасида эмас, балки жамиятнинг умумий тараққиёти, фуқароларнинг дахлдорлиги ва тенг имкониятлари билан боғлиқ масала сифатида кўриш зарурлигини кўрсатади.
Миллий маданий марказлар, таълим муассасалари, маҳалла ва фуқаролик жамияти институтларининг фаолияти ҳам шу жараённинг амалий таркибий қисмидир. Турли миллат ва элатларнинг тили, маданияти ва анъаналарига ҳурматни сақлаш эса умумий фуқаролик бирдамлигини мустаҳкамлаш билан уйғунлашади.
Диний бағрикенглик — виждон эркинлиги ва ўзаро ҳурмат. Диний бағрикенгликнинг мазмуни фақат турли эътиқод вакилларига сабр-тоқат билан муносабатда бўлишдан иборат эмас. У виждон эркинлигини ҳурмат қилиш, фуқароларнинг диний мансублигидан қатъи назар тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, диний камситиш ва адоватнинг олдини олиш каби тамойилларни ҳам қамраб олади.
2025-йилда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ҳужжатда диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, аҳоли орасида бирдамлик ва ўзаро ҳурматни кучайтириш устувор йўналиш сифатида белгиланди. Унда “Бағрикенг жамият — барқарор давлат” тамойили асосида давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш механизми ҳам назарда тутилган.
Бу ёндашувнинг муҳим жиҳати — диний бағрикенгликни фақат диний ташкилотларнинг вазифаси сифатида эмас, балки давлат идоралари, маҳалла, ёшлар ташкилотлари, оила ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлигини талаб қиладиган ижтимоий жараён сифатида кўришдир.
2026-йил: маърифат ва амалий профилактика. Диний бағрикенглик ва ижтимоий тотувликни таъминлашда амалий маърифий ишлар муҳим ўрин тутади. Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2026-йил 16-июлдаги расмий брифингида қайд этилишича, йилнинг биринчи ярим йиллигида республика бўйича 223 мингдан ортиқ маърифий ва профилактик тадбир ўтказилган.
Уларнинг 32 873 таси “Жаҳолатга қарши маърифат” йўналишида, 22 571 таси ёшлар билан очиқ мулоқот, 35 072 таси ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, 21 706 таси нотинч ва ажрим ёқасидаги оилалар, 35 295 таси эса меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари билан боғлиқ тадбирларни ташкил этган. Шу даврда диний-маърифий соҳа ходимларидан 3 575 нафари малака ошириш курсларини тамомлаган.
Бу рақамлар диний-маърифий фаолиятнинг тобора кўпроқ бевосита мулоқот, профилактика ва ижтимоий муаммолар билан ишлашга йўналтирилаётганини кўрсатади.
Шунингдек, расмий маълумотларда Ўзбекистонда 199 та ноисломий диний ташкилот фаолият юритаётгани қайд этилган. 2026-йилнинг биринчи ярмида турли конфессиялар вакилларининг илмий-амалий ва маданий тадбирлардаги иштироки ҳам таъминланган. Бу конфессиялараро мулоқотнинг амалий шаклларидан биридир.
Бағрикенглик ва рақамли ахборот макони. Бугунги кунда миллатлараро ва диний муносабатларга таъсир қилувчи омиллардан бири — рақамли ахборот маконидир. Ижтимоий тармоқларда фойдали маърифий материаллар билан бир қаторда нотўғри, контекстдан узилган ёки манипулятив ахборотлар ҳам тез тарқалиши мумкин.
Шу сабабли бағрикенглик маданиятини шакллантириш медиа саводхонлик билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Фуқаро ахборотнинг манбасини текшира олиши, фактни фикрдан ажрата билиши, ҳиссий ва провокацион материалларга танқидий ёндашиши зарур.
Бу масаланинг долзарблиги 2026-йил 8-июлда ўтказилган “Рақамли дунёда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик барқарорлигининг долзарб масалалари” мавзусидаги илмий-амалий конференсияда ҳам алоҳида муҳокама қилинган. Унда рақамли макондаги замонавий таҳдидлар, медиа саводхонликни ошириш, ёшларни бузғунчи ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш ва ижтимоий тармоқларда бағрикенглик маданиятини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.
Демак, бугунги шароитда бағрикенгликни таъминлаш масаласи маҳалла ёки реал ижтимоий муҳит билангина чегараланмайди. У интернетдаги мулоқот маданиятини ҳам қамраб олади.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик Ўзбекистон жамиятининг тарихий тажрибасига таянган ҳолда, бугунги тараққиёт жараёнида ҳам муҳим ижтимоий қадрият сифатида намоён бўлмоқда. 2025–2026-йилларда қабул қилинган ҳужжатлар ва амалга оширилаётган амалий ишлар бу йўналишда ҳуқуқий, институционал ва маърифий механизмларнинг такомиллашиб бораётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, бағрикенгликни фақат давлат сиёсати ёки алоҳида тадбирлар натижаси сифатида эмас, балки ҳар бир фуқаронинг кундалик мулоқот маданияти билан боғлиқ жараён сифатида тушуниш муҳим. Қўшнига ҳурмат, бошқа миллат вакилининг тили ва маданиятига эътибор, турли эътиқодларга нисбатан қонуний ва холис муносабат, интернетдаги ахборотни текшириб қабул қилиш — буларнинг барчаси жамиятдаги тотувликнинг амалий кўринишларидир.
Бугунги вазифа миллатлараро ва конфессиялараро муносабатларда мавжуд ижобий тажрибани сақлаш билан бирга, янги ахборот муҳити ва глобаллашув шароитида юзага келаётган муаммоларга ҳам замонавий ёндашувларни ишлаб чиқишдан иборат. Зеро, жамиятдаги ўзаро ҳурмат ва ишонч қанчалик мустаҳкам бўлса, фуқароларнинг умумий тараққиёт жараёнидаги иштироки ва дахлдорлиги учун шунчалик кенг имкониятлар яратилади.
Шу маънода миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик — нафақат маънавий қадрият, балки барқарор ижтимоий тараққиётнинг муҳим шартидир.
Султонов Лочинбек Жалолиддин ўғли
Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги
Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти
Наманган минтақавий филиали
2026-2027- ўқув йили
имом-хатиб ва имом-ноиблари учун
ташкил этилган малака ошириш курси I давра тингловчиси