Эр-хотин ҳавонот боғида юрарди. Маймунлар ёнидан ўтаётганларида аёли урғочи маймунга парвона бўлаётган эркак маймунни кўриб:
– Қаранг, қандай ғамхўр, меҳрибон экан, – деди.
Эри унга бир жилмайиб индамай қўяқолди.
Кейин улар шерлар қафаси ёнидан ўтишди. Эркак шер бир четда бепарво ётар, урғочиси ундан узоқда эди. Аёл эрига яна:
– Қаранг, анави шер аёлидан узоқда, лоқайд ётибди. Оиласига ғамхўр эмас, шекилли, – деди.
Шунда эр аёлига:
– Қани, урғочи шерга бирор нарса улоқтириб кўр-чи? – деди.
Аёл бир кичкина чўпни урғочи шерга қарата улоқтирди. Шунда эркак шер тезда ўрнидан туриб, важоҳат билан аёлини ҳимоя қилиш учун аёлга томон югуриб қолди. Унинг важоҳатидан қўрқиб кетган аёл эрининг ортига ўтиб олди. Эр аёлини етаклаб маймунлар томон юрди ва унга:
– Энди маймунларга ҳам бирор нарса улоқтир-чи? – деди. Аёл яна бир чўпни олиб ачомлашиб ўтирган маймунларга қарата отди. Шунда эркак маймун ўзини жонини сақлаш мақсадида дарахт тепасига қараб қочиб қолди.
Эркак аёлига қараб бундай деди:
– Кўрдингми, хотин, ҳамма нарса ҳам кўрингани каби бўлавермайди.
Дарҳақиқат, кўпчиликни кўп нарсаларнинг зоҳири алдаб қўяди. Аммо баъзан биз кўзимиз билан кўрган нарсалар аслидан бошқача бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Ёлғон кўринган нарса эса баъзида рост бўлиб чиқиши мумкин. Шундай экан, хулоса қилишга шошилмайлик.
Акбаршоҳ Расулов
2025 йил 23 ноябрь куни Польша Республикаси, Варшава шаҳридаги “Raszyn” масжидида юртдошларимиз билан самимий ва мазмунли учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов ватандошларимиз билан суҳбатлашдилар.
Суҳбат давомида устоз хусусан ҳанафий мазҳабида маҳкам туриш, узоқ юртда яшашларига қарамай миллий анъана ва қадриятларимизни унутмаслик ҳақида таъсирли фикрлар билдирдилар. Шунингдек, оила, қариндошлар ва ватан билан боғлиқликни асраш ҳар бир мусулмон учун муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, келгусида ҳам ҳар қандай шубҳа ёки диний саволлар пайдо бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фатво бўлимига Telegram: @fatvo_call_1 / @fatvo_call_2
WhatsApp: +998 91 780 66 33 мурожаат қилиш тавсия этилди.
Суҳбат ниҳоясида устоз Зайниддин домла барча йиғилган юртдошлар учун барака, тинчлик, имон-эътиқод мустаҳкамлигини сўраб дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати