Инсон осмонга кўтарилса нима бўлади?
Қуръонда инсоннинг осмонга кўтарилиши ҳақида нима дейилган?
Аллоҳ таоло Қуръон каримда бундай дейди: “Аллоҳ кимни ҳидоятга йўллашни ирода этса, унинг кўкси (қалби)ни Ислом учун (кенг) очиб қўяди. Кимни адаштиришни ирода этса, кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва сиқиқ қилиб қўяди. Шундай қилиб, Аллоҳ имон келтирмайдиганларга (лойиқ) жазони раво кўргай” (Анъом сураси, 125-оят).
Доктор Салоҳиддин ал-Мағрибий (АҚШ космик тиббиёт ассоциацияси аъзоси ва Лондон космик тиббиёт институти профессори) Исломободда бўлиб ўтган Қуръон ва Суннадаги илмий мўъжизаларга бағишланган биринчи конференцияда маъруза қилган. У ўз нутқида инсон юқори қатлам атмосферага кўтарилганда унинг ҳолати қандай бўлиши ҳақида бундай деган эди: “Бизнинг тана ҳужайраларимиз ҳаво билан боғлиқ.
Кислород ўпка орқали кирганда, улар ҳаво билан тўлади. Бироқ инсон юқорироқ қатламга кўтарилганда ҳаво сийраклашади, ундаги кислород миқдори камаяди. Натижада босим тушади ва ҳужайралар сиқилади. Бу эса кўкракда сиқилиш ҳиссини вужудга келтиради.
Субҳаналлоҳ! Аллоҳ таоло Қуръон каримда айтганидек: “Гўё у осмонга кўтарилиб кетаётгандек”.
Бу эса нафас олишнинг қийинлашишига олиб келади. Оятда айтилганидек: “унга кўксини тор ва сиқиқ қилиб қўяди”.
Доктор сўзида бундай давом этади:
— Денгиз сатҳидан 10 000 футгача (3 км) организмда сезиларли ўзгариш бўлмайди.
— 10 000 футдан 16 000 футгача (3–5 км) ҳаво камайганига организм мослаша бошлайди.
— 16 000 футдан 25 000 футгача (5–7,5 км) кўкрак сиқила бошлайди, одам боши айланиши, ҳушдан кетиши ёки йиқилиши мумкин.
Бу баландликда нафас олиш жуда қийинлашади. Самолёт учувчиларида кислород таъминоти тизими ишдан чиқса, айнан шундай ҳол юзага келади. Чунки қанчалик юқори кўтарилса, шунчалик ҳавода кислород камаяди, нафас олиш оғирлашади ва ҳаётий жараёнлар издан чиқади.
25.000 фут баландликдан кейин инсоннинг меъдасидаги газлар кенгайиб, диафрагмага босим қилади. Диафрагма эса ўпкага босим ўтказади. Шунинг учун кўкракда қаттиқ сиқилиш ҳисси пайдо бўлади. Бу ҳолат айнан Қуръон каримда айтилгани кабидир:
“Аллоҳ кимни ҳидоятга йўллашни ирода этса, унинг кўкси (қалби)ни Ислом учун (кенг) очиб қўяди. Кимни адаштиришни ирода этса, кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва сиқиқ қилиб қўяди. Шундай қилиб, Аллоҳ имон келтирмайдиганларга (лойиқ) жазони раво кўргай” (Анъом сураси, 125-оят).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қўлларида бу ҳақиқатни билиш учун учувчи аппаратлар ёки ҳаво кимёси асбоблари бор эди, деб айта оламизми?
Йўқ. у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан улканроқ нарсага Аллоҳнинг ваҳийсига эга эдилар.
Бу масала устида Жиддадаги Подшоҳ Абдулазиз университетининг тўрт нафар олими тадқиқот олиб боришган. Юшиди Козану — Япониянинг Токио шаҳридаги обсерватория директори бўлган олимга ушбу оятлар таржима қилинганда, у жуда ҳайратда қолган. У Қуръон каримдан оятларни эшитиб турди, у оятлар эса Козанунинг илм соҳаси — астрономия ва атмосфера ҳақида эди. Сўнг у бундай деди: “Қуръон карим ким томонидан келган бўлса, У барча нарсани, ҳар бир майда-чуйдасини ҳам билади”.
Илёсхон АҲМЕДОВ
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати