Имом Байҳақий роҳимаҳуллоҳ Фотир сурасининг "Хуш каломлар Унга кўтарилур" 10-ояти ҳақида шундай деганлар:
“Хуш каломлар ва садақанинг кўтарилиши уларнинг (Аллоҳ томонидан) қабул бўлганига ишорадир. Фаришталарнинг юксалишидан эса осмондаги манзилларига кўтарилишлари назарда тутилган. Аммо, “Аллоҳга кўтарилиш” деган маънонинг бу ўриндаги таъбири салаф солиҳлар томонидан тафвиз қилиш билан бўлса, улардан кейин келган имомлар томонидан таъвил қилиш билан бўлади."
Ибн Баттол роҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Мана шу бобда Имом Бухорийнинг мақсадлари (муташобиҳ) оят ва ҳадисларининг зоҳирини оладиган мужассима жаҳмияларга раддия бериш бўлган. Аллоҳ таоло жисм эмаслиги аниқ бўлди, демак у бирор маконга ўрнашиб олишга ҳам муҳтож бўлмайди. Зеро, Аллоҳ бирор макон бўлмаган пайтда ҳам бўлган. Аллоҳ таоло фаришталарнинг кўтарилишини Ўзига нисбат бериши бу ишни шарафли эканига далолат қилади. Демак, Унга кўтарилишликнинг маъноси Аллоҳни макондан поклаган ҳолда, даражасини улуғлаш бўлади”.
Рустам Охунжонов "Кўкалдош" ўрта махсус
ислом таълим муассасаси Матбуот котиби
Манба: @ahnafuz
Наманган вилоятида “Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасаси битирувчиларини ишга тақсимлаш бўйича учрашув ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Кадрлар бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шерхонов, Масжидлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Музаффар Камолов, Наманган вилояти бош имом хaтиби Абдуллоҳ Самадов ҳамда таълим муассасаси директори Қобилжон Мирзабоев битирувчиларни ишга тақсимлашга доир масалаларга тўхталишди.
Маълумот учун, "Ҳидоя" ўрта махсус ислом таълим муассасасининг бу йилги битирувчилари сони 35 нафар бўлиб, юртимиздаги масжидларга имом-хатиб ва имом ноиби вазифаларига тайинланади. Таълимни давом эттирмоқчи бўлганлар эса Тошкент ислом институти ва бошқа олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишлари мумкин.
Шунингдек, таълим муассасасида “Ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғусини шакллантириш куни” муносабати билан тадбир ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов сўзга чиқиб, ёш авлод қалбида Ватанга бўлган муҳаббат, миллий ғурур ва фидойилик туйғуларини сайқал топтириш ҳамма даврлар учун муҳим вазифа саналиб келишини таъкидлади.
Тадбирлар сўнгида талабаларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилиб, хайрли дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати