Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ходимий айтадилар: «Илмнинг инқирозга юз тутиши сабабларидан бири муаллимнинг ҳаққини риоя қилмасликдир, ўтган азизларимиз: “Кимдан устози озор кўрса, илмнинг баракасидан маҳрум бўлади, ундан озгина фойда ололади холос”, деганлар».
Бу каби одобсизликка айрим мисоллар келтирсак:
Олим бор даврада илмсиз кишиларнинг сўз бошлаши, устознинг олдида талабанинг сўзамоллик қилиши, илмда устун бўлмаса-да, парҳезкорлиги ёки зуҳди ёки ёши катталиги сабабли мартабаси юқорироқ кишининг олдида гапдонлик қилиш.
Устознинг гапига эътироз билдириш. Гарчи хато бўлса-да, устознинг сўзига (кескин) эътироз билдирмаслик даркор. Устозини ношаръий иш устида кўриб қолганда “Нега ундай қиляпсиз?” деган шогирд муваффақият қозона олмайди, дейишган уламоларимиз. Агар эътироз билдириш керак бўлса, уни очиқчасига, кескин оҳангда эмас, ишора орқали билдириш керак .
Имом Ғаззолий айтадилар: “Устозини зоҳири номақбул бўлган иш устида кўриб қолса гумонини ёмон қилмасин, устози бунинг сир-асрорини ундан кўра яхшироқ билиши мумкин. Шу пайтда Мусо алайҳиссалом Ҳизр алайҳиссаломга: “Буни унинг аҳлини ғарқ қилиш учун тешдингми?! Жуда ғалати нарса қилдинг-ку”, деб айтганларини эсласин. Мусо алайҳиссалом ишнинг зоҳирига асосланган ҳолда эътироз билдириб хато қилгандилар”.
Проф. Др. Салоҳ Абул Ҳожнинг “Тил сайқали” китобидан
1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан «Вақф» хайрия жамоат фонди Хоразм вилоят филиали томонидан «Имом Фахриддин ар-Розий» ўрта махсус ислом таълим муассасасида байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда таълим муассасасида фаолият юритаётган устоз ва мураббийларнинг илм-маърифат йўлидаги шарафли меҳнати эътироф этилиб, уларга самимий тилаклар билдирилди. Байрам муносабати билан 8 нафар устозга 5 миллион сўмдан, жами 40 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари топширилди.
Шунингдек, бошқа ўқитувчи ва мураббийларга озиқ-овқат маҳсулотларидан ташкил топган жамланмалар ҳамда маиший техника воситалари байрам совғаси сифатида тақдим этилди.
Байрам тадбири давомида устоз ва мураббийларга эзгу тилаклар билдирилиб, уларнинг масъулиятли ва шарафли фаолиятларига муваффақиятлар тиланди. Зеро, устозга кўрсатилган эҳтиром — илмга, маърифатга ва келажак авлодга кўрсатилган эҳтиромдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати