Бугун, 12 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари “Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” эсдалик кўкрак нишони билан тақдирландилар. Диний идорада бўлиб ўтган тадбирда нишонни Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Улуғбек Муҳамедов топширди.
Улуғбек Муҳамедов ўз сўзида давлатимиз Раҳбари ташаббуслари асосида олиб борилаётган янгиланишлар ва инсон қадрини юксалтиришдаги саъй-ҳаракатларга ҳамоҳанг тарзда саккиз миллионлик аъзоси бўлган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам самарали фаолият олиб бораётганини айтиб ўтди. Айни пайтда, бу ишларда диний соҳа ходимлари ҳам фаол иштирок этаётгани давлат миқёсида эътироф қилинаётгани, Муфтий ҳазратлари бошчилигида кейинги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ишлар эътирофининг рамзий ифодаси ўлароқ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам ушбу эсдалик нишонни тақдим этаётганини таъкидлади.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Муфтий ҳазратларини эсдалик нишони ва барчани касаба уюшмаси ходимлари байрами билан қутлади. Шунингдек, диний жабҳага кўрсатилаётган бундай эътибор ва эътирофларга жавобан ҳар бир соҳа ходими янада масъулият ва шижоат билан ишлаши, миллат ва дин равнақи йўлида фидойилик кўрсатиши кераклигини эслатиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” эсдалик кўкрак нишони аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган устувор вазифа ва дастурлар ижросини таъминлашда жонбозлик кўрсатган, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлида ибратли фаолият олиб бораётганларга тақдим этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.