Президентимиз Оқдарё тумани Даҳбед шаҳарчасида жойлашган Маҳдуми Аъзам мажмуасида амалга оширилаётган реконструкция ишлари билан танишди.
Давлатимиз раҳбари шу йилнинг март ойида Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Маҳдуми Аъзам қадамжосини обод қилишга оид лойиҳа билан танишган эди.
Асли ҳозирги Косонсой туманида туғилган сўфий олим нақшбандия таълимотининг раҳнамоларидан бири бўлган. Ёшлик чоғларида Фарғонадаги мадрасада савод чиқариб, Самарқандда Хожа Аҳрор Валийнинг шогирди мавлоно Муҳаммад Қозий қўлида пирлик даражасига етишади. Кейинчалик ўзи тариқат илмига доир 30 дан зиёд асар ёзган, кўплаб шогирдлар етиштирган.
Бу зотга илм йўлидаги хизматлари учун Маҳдуми Аъзам унвони берилади. Илм ва дин йўлидаги узоқ сафардан сўнг Самарқанд вилоятида абадий қўним топган.
Самарқанд ҳукмдори бўлган Ялангтўш Баҳодир Маҳдуми Аъзам қабри устида дахма қурдирган ҳамда бу ерда йирик масжид, илм толиблари учун мадраса ҳам барпо қилган. У вафот этганидан сўнг ўз васиятига кўра, шу ерда дафн этилган. Умуман, зиёратгоҳда 50 дан зиёд қабртош сақланган бўлиб, аксарияти кимнинг шарафига қўйилгани аниқланган. Бу ерда кўплаб алломалар қаторида икки нафар Афғонистон ҳукмдори (Шоҳ Ҳидоят ибн Шоҳ Қосим (1668 йил), Шоҳ Саодат ибн Шоҳ Ҳидоят) ҳам дафн этилган.
Аллома мангу қўним топган зиёратгоҳда лойиҳа доирасида кенг кўламли реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.
Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳининг умумий майдони қарийб 5 гектарни ташкил этади. Бу масканга келувчи зиёратчилар ҳам кўп. Уларга шароитларни яхшилаш мақсадида Маҳдуми Аъзам мақбараси ёнида уч қаватли замонавий автотураргоҳ, кириш дарвозаси, кушхона ва маъмурий бинолар, таҳоратхона, минг кишилик масжид ва қўшимча айвонлар қурилмоқда.
Таъмирлаш ишларидан сўнг бир вақтнинг ўзида 35 минг зиёратчини қабул қилиш имконияти яратилади. Авваллари 5 минг зиёратчи қабул қилинган.
Шунингдек, ҳудудда зиёратчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, 40 дан ортиқ савдо ва сервис объектлари ташкил этилади.
Алломанинг руҳлари йодга олиниб, Қуръон тиловати қилинди. Президент зиёратгоҳда дарахт экди.
Зиёратгоҳни янада ободонлаштириш, боғда асрларга татигулик дарахтлар барпо этиб, ташриф буюрувчилар учун қулайликлар яратиш юзасидан топшириқлар берилди.
Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши доирасида улуғ мутафаккир, тасаввуф олими Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Ушбу нуфузли тадбирда Туркий давлатлар ташкилоти, Бутунжаҳон мусулмон донишмандлар кенгаши, IRCICA, ICESCO, Ал-Азҳар уламолар кенгаши вакиллари ҳамда етук шарқшунос ва исломшунос олимлар иштирок этмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маъруза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари Саййид Яҳё Бокувийнинг тасаввуф тарихидаги мақоми ва унинг таълимоти ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, нутқда аллома нафақат тасаввуф, балки диний илмлар, табиий ва аниқ фанларни эгаллаган қомусий олим бўлгани, ўттизга яқин асарлари инсон нафсини тарбиялашда муҳим қўлланма экани таъкидланди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга таянган ҳолда қалб саломатлиги ва поклиги инсон ҳаётининг бош мезони эканини баён этиб, туркий халқларни боғлаб турган умуммаънавий илдизларга алоҳида урғу бердилар:
«Ҳазрат Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби буюк зотлар илгари сурган нафс тарбияси, инсонпарварлик ва юксак ахлоқ ғоялари бугун ҳам қардош халқларимизни бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий кўприкдир. Бундай улуғ сиймолар меросини ҳамкорликда ўрганиш халқларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш ва ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга хизмат қилади».
Уч кунлик анжуман давомида Ўзбекистон илмий жамоатчилиги ҳам маърузалар билан иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати