Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сеҳргар инсонларнинг энг ёмони (фосиқи) ва қалби энг қаттиғидир.
Уламолар айтадилар: “Қаттиқ қалб шайтоннинг уйи ва масканларидир. Сеҳр шайтонга итоат қилиш ва унга яқинлашиш оқибатида содир бўлади. Айниқса, Аллоҳдан ўзга учун жонлиқ сўйишга буюриш орқали шайтонга янада яқин бўладилар”.
Аллома Олусий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Шайтонлар фақат ўзларига ўхшаш фосиқларгагина ёрдам берадилар”.
Сеҳргар бир қанча энг жирканч хусусиятлари билан ҳам ажралиб туради. Уларнинг ичида энг биринчиси – ёлғон. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Улар эса унга ўзларидан юзта ёлғон қўшиб, ёлғон гапирадилар”, деганлар (Муттафақун алайҳи).
Сеҳргар ўзини бошқалардан устун деб билади. Такаббурлик, кибрга берилиш унинг иккинчи хусусиятидир. Бу эса иблиснинг жаннатдан чиқарилишига сабаб бўлган феълдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Магар иблисгина мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди” (Сод, 74).
Сеҳргар жинлардан ёрдам сўрайдилар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ва албатта, инсдан баъзи кишилар жинларнинг баъзи кишиларидан паноҳ сўрардилар. Бас, бу(жин)лар у(инсон)ларнинг гуноҳ ва хорлигини зиёда қилдилар” (Жин, 6).
Даврон НУРМУҲАММАД
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирокида Андижон вилояти имом-хатибларининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди.
Мажлисда Давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар сарҳисоб қилинди. Хусусан, мўмин-мусулмонлар тоат-ибодат қилиши учун кенг имкониятлар берилгани, юзлаб янги жоме масжидлар очилгани, мадрасалар таъсис этилгани, Қуръони карим курслари ишлаётгани, илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилгани ва соҳа ходимлари ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётганига урғу қаратилди.
Мана шундай хайрли ўзгаришлар Андижон вилояти мисолида ҳам ўз ифодасини топиб, жорий йилда иккита янги масжид очилиши, намозхонлар эҳтиёжларини таъминлаш йўлида самарали ишлар қилиниши, олий маълумотли имомлар салмоғи ошиши, хорижда касб-маҳоратини ошириш йўлга қўйилиши, тарғибот ишлари кенгайиши ва хайрия ишлари кўлами ортиши кабилар қайд этилди.
Йиғилишда диний соҳа ходимлари олдида турган устувор вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, ёшлар эътиқодини мустаҳкамлаш мақсадида манзилли ишлаш, жамоат намозларида қавм билан бўладиган маърифий суҳбатлар таъсирчанлигини ошириш, хорижда меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан мулоқот ўрнатиш, уларни Фатво марказининг ишончли манбаларига йўналтириш каби вазифалар алоҳида таъкидланди.
Муфтий ҳазратлари имом-домлаларни шариат ходими сифатида меҳроб ва минбар масъулиятини қалбан ҳис этишга, қавмнинг илму маърифати ва тоат-ибодати йўлида сидқидилдан хизмат қилишга чақирдилар.
Масжидларда куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, намозхонлар учун қулай шароитлар ҳозирлаш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этиш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.
Тадбир сўнгида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати