Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан самимий мулоқоти кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, фуқаролар қабули давомида ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, ўз ечимини топаётгани қувонарли ҳол.
Бугун, 10 декабрь куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитди. Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган ҳаж-умра, масжидлар ҳолати, оилавий муаммо ва моддий ёрдам олиш сингари масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши доирасида улуғ мутафаккир, тасаввуф олими Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Ушбу нуфузли тадбирда Туркий давлатлар ташкилоти, Бутунжаҳон мусулмон донишмандлар кенгаши, IRCICA, ICESCO, Ал-Азҳар уламолар кенгаши вакиллари ҳамда етук шарқшунос ва исломшунос олимлар иштирок этмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маъруза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари Саййид Яҳё Бокувийнинг тасаввуф тарихидаги мақоми ва унинг таълимоти ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, нутқда аллома нафақат тасаввуф, балки диний илмлар, табиий ва аниқ фанларни эгаллаган қомусий олим бўлгани, ўттизга яқин асарлари инсон нафсини тарбиялашда муҳим қўлланма экани таъкидланди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга таянган ҳолда қалб саломатлиги ва поклиги инсон ҳаётининг бош мезони эканини баён этиб, туркий халқларни боғлаб турган умуммаънавий илдизларга алоҳида урғу бердилар:
«Ҳазрат Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби буюк зотлар илгари сурган нафс тарбияси, инсонпарварлик ва юксак ахлоқ ғоялари бугун ҳам қардош халқларимизни бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий кўприкдир. Бундай улуғ сиймолар меросини ҳамкорликда ўрганиш халқларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш ва ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга хизмат қилади».
Уч кунлик анжуман давомида Ўзбекистон илмий жамоатчилиги ҳам маърузалар билан иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати