Жорий йил 27 декабрь куни Андижон вилоятида фаолият кўрсатаётган шаҳар-туман бош имом-хатиблари иштирокида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг "Инсон қадри" номли китоблари тақдимоти ўтказилди.
Китоб тақдимотида вилоят бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов томонидан ушбу китобда ислом таълимотига кўра инсоннинг ҳақиқий қадри унинг ташқи кўриниши, бойлиги ёки мансаби билан эмас, балки қалб поклиги, нияти, одоб-ахлоқи ва эзгу амаллари билан ўлчаниши Қуръон ва суннат асосида ёритиб берилганлиги, асарда инсон қадри, тарбия, илм-маърифат, соғлом турмуш тарзи, ҳалол меҳнат ва касб-ҳунарнинг ҳаётдаги ўрни содда ва халқчил услубда баён этилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Андижон вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
﴿تَبَّتْ يَدَا أَبِي لَهَبٍ وَتَبَّ مَا أَغْنَى عَنْهُ مَالُهُ وَمَا كَسَبَ سَيَصْلَى نَارًا ذَاتَ لَهَبٍ وَامْرَأَتُهُ حَمَّالَةَ الْحَطَبِ فِي جِيدِهَا حَبْلٌ مِنْ مَسَدٍ﴾
“Абу Лаҳабнинг икки қўли ҳалок бўлсин, ҳалок! Унга моли ва касб қилган нарсалари фойда бермади. У тезда чўғи қизиб турган оловга кирадир. Ва унинг ўтин кўтарган хотини ҳам. Унинг бўйнида эшилган арқон” (Масад сураси).
Ушбу сура Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Лаҳаб ҳақида нозил бўлган. У Аллоҳга иймон келтирмаган, Ислом динига душманлардан эди. Ушбу сура Абу Лаҳабнинг тириклик вақтида нозил бўлган. Ўша пайтда Маккада бошқа кофирлар ҳам кўп эди. Бошқалар ҳидоят топиб мусулмон бўлдилар. Абу Лаҳаб ҳам улар каби иймон келтириши мумкин эди. Лекин агар у иймон келтирганида ҳақиқат юзага чиқмасди.
Хўш, Абу Лаҳаб одамларни тўплаб: “Муҳаммад ўзича пайғамбарман деяпти. Унга осмондан ваҳий келаётган эмиш, айтишича мен кофир бўлар эканман. Лекин ҳаммангизнинг олдингизда мен шаҳодат калимасини айтаман ва уни мот қиламан” деганида нима бўларди?
Лекин ундай бўлмади. Ундай қилиш Абу Лаҳабнинг ҳатто хаёлига ҳам келмади. Бу Аллоҳнинг иродаси, ҳукми ҳар нарсадан устун эканлигига очиқ-ойдин далил эмасми?! Исломнинг энг катта душманига динни шарманда қилиш имконияти берилди ахир! Хоҳлаганида шарманда қилиши мумкин эди. Аммо, Аллоҳ унинг хоҳлашини ҳам истамади.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан