Фазилатли шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:
"Ҳиндистонлик уламо Шайх Абдулҳай Лакнавий роҳимаҳуллоҳ ҳақида эшитгансизлар. Шайх Абдулҳай Лакнавий роҳимаҳуллоҳ ҳинд уламолари орасида ниҳоятда машҳур олим бўлган. У зот роҳимаҳуллоҳ қирқ ёшга етмасдан, яъни ўттиз тўққиз ярим ёшда вафот этган, қирққа кириб улгурмаган. Шунга қарамай, у жуда улкан илмий мерос қолдирган: унинг ёзган асарлари 115 дан ортиқ! Уларнинг ичида кичик рисолалар ҳам, катта китоблар ҳам бор. Аммо ўша кичик рисолаларнинг ўзи ҳам катта бир китобнинг ўрнини боса оладиган даражада эди, чунки уларнинг ҳар бирида маълум бир илмий масала ниҳоятда пухта ва мукаммал тарзда ёритиб берилган.
Бунинг сабаби қуйидагича: Бир куни ўша пайтдаги Лакнав амири шайхнинг илм билан машғул бўлиб, унга чуқур шўнғиб кетгани ва ақлбовар қилмас истеъдоди ҳақида хабар топади ва уни ўз ҳузурига чақиртиради. Шайх амирнинг олдига боргач, амир у зотга шундай дейди…
Унинг шайхга нима деганини айтишдан аввал ушбу воқеани ҳикоя қилиб берган ҳинд уламоси менга айтган яна бир гапни зикр қилиб ўтай: "Биз олти кишидан иборат оила эдик: ота-онам ва тўрт нафар фарзанд - жами олти киши. Ойига тўрт рупий бизга кифоя қилар эди". Мазкур уламо Шайх Абдулҳай Лакнавий вафотидан ўттиз йил ўтиб туғилган. Яъни, ўша даврда тўрт рупий ҳозиргидан анча катта харид қувватига эга бўлиб, авваллари бу пулга бугунги кундан кўра кўпроқ нарса сотиб олиш мумкин эди. Шунга қарамай, бу киши: "Бизнинг оиламизга ойига тўрт рупий етарди", деяпти...
Энди аввалги гапимизга қайтсак: Шундай қилиб Лакнав амири Шайх Абдулҳайни ҳузурига чақиртириб, у зотга: "Мен сизга ўз ҳисобимдан ойига тўрт юз рупий маош тайинлайман. Сиз илм билан машғул бўлиб, ўзингизни илмга бағишланг!" дейди.
Шайх бу воқеадан кейин илмга буткул берилди ва ана шундай буюк натижага эришди! Эй ёшлар, эътибор беринг, айтилган рақамларни мулоҳаза қилинг! Тўрт юз рупий шайх учун нақадар катта маблағ бўлган. Нега? Айни мана шу нарса учун - мен сизларга айтмоқчи бўлган нарса шу: Толиби илмни ўз кафиллигига олиш, яъни илм талаб қилувчини моддий жиҳатдан таъминлаш!
Бу унинг илмга бўлган таъсиридир. Тарих бизга буни реал воқелик мисолида кўрсатиб бермоқда. Шу боис ушбу ишни барча мусулмонлар орасида, жумладан, бой-зодагонлар ва уламолар ўртасида яна қайта тирилтиришимиз керакки, улар ўзаро ҳамкорлик асосида шаръий илмлар учун вақф қўллаб-қувватловини қайта тикласинлар".
Муҳаддис Муҳаммад Аввома суҳбатларидан
ҲИМ талабаси
Назирхонов Ҳасанхўжа таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳар йили баҳорнинг сўнгги кунларида юртимиздаги минглаб мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари бўлиб ўтади. Бу кун — йиллар давомида олинган билимларнинг сарҳисоби, катта ҳаёт бўсағасидаги илк қадамдир. Аммо, минг афсуски, кейинги йилларда бу қувончли кун баъзи оилалар учун битмас-туганмас куйиниш, айрилиқ ва фалокат кунига айланиб бормоқда. Кўз-кўз қилиш, мақтаниш ва масъулиятсизлик оқибатида ёш умрлар завол топмоқда.
Омонатга хиёнат ва нафсга қуллик.
Ислом дини инсон ҳаётини энг олий қадрият деб билади. Аллоҳ таоло бандаларига ўз жонини хатарга қўйишни, беҳуда ҳалок қилишни тақиқлаб, Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг! Яхшилик қилинг! Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни яхши кўради» (Бақара сураси, 195-оят).
Битирув куни ёшларга қимматбаҳо машиналарни ишониб топшириш, уларнинг тезликни ошириб, кўчаларда тартибсизлик (автокалонналар) уюштиришига кўз юмиш — мана шу оятга зид иш тутишдир. Бу ота-оналар томонидан фарзанд ҳаётини ўз қўли билан ҳалокатга топшириш билан баробардир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида марҳамат қиладилар: "Ҳеч бир банда қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрини нимага сарф қилгани, ёшлигини қандай ўтказгани, мол-давлатини қаердан топиб, нимага сарфлагани ва илмига қандай амал қилгани ҳақида" (Имом Термизий ривояти).
Битирувчи ёшлар ва уларнинг ота-оналари «биз ёшлигимизни ва топган молимизни шу бир кунлик дабдабага қандай сарфладик?» деган саволга жавоб беришни унутмасликлари лозим.
Исроф ва сохта обрў илинжи «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларида ресторанлардаги дабдабали базмлар, қимматбаҳо совғалар ва кийим-бошлар учун қилинадиган харажатлар исрофнинг олий намунасидир. Ваҳоланки, ўша маблағларни боланинг олий таълим олишига, китобларига ёки касб-ҳунар ўрганишига йўналтириш мумкин эди.
Ислом дини исрофни қаттиқ қоралайди. Аллоҳ таоло айтади:
«Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мўл-кўл йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир...» (Исро сураси, 26-27-оятлар).
Шайтоннинг дўстига айланиб, Аллоҳ берган неъматни кўкка совуриш ҳеч бир мўминга тўғри келмайди. Бир кунлик «орзу-ҳавас» деб қилинган исроф ортидан қанча оилалар қарз ботқоғига ботаётгани ҳам сир эмас.
Аччиқ, аммо ҳаётий мисоллар: Ҳар йили 25 май куни ОАВ ва ижтимоий тармоқларда бир хил мазмундаги мудҳиш хабарлар тарқалади: «Битирувчилар иштирокида мудҳиш ЙТҲ содир бўлди: 3 нафар йигит воқеа жойида ҳалок бўлди...» ёки «Дарахтга бориб урилган Каптива ичидаги мактаб битирувчилари шифохонага ётқизилди...». Бу шунчаки статистика эмас, бу — бузилган оилалар, фарзанд доғида куяётган оналар, сочлари бир кечада оқарган оталар фожиасидир. Куни кеча мактаб фоясида аттестат олаётган ўғил ёки қизнинг эртасига қабр ичида ётганини кўришдан кўра даҳшатлироқ мусибат борми?!
Ҳали ҳаёт нималигини тушуниб етмаган, оила қуриб, жамиятга нафи тегмаган ёш ниҳолларнинг ўз хатоси ёки ота-онанинг «болам бошқалардан кам бўлмасин» деган сохта ғурури туфайли тупроққа қорилиши — энг катта трагедиядир.
Нима қилмоқ керак? Мавзуни шунчаки муҳокама қилиш кифоя эмас, амалий чоралар кўриш вақти келди: Ота-оналар масъулияти: Фарзандингизга қиммат машина калитини эмас, келажакка бўлган масъулият ҳиссини беринг. Сўнгги қўнғироқ куни уларнинг қаерда ва ким билан эканини қаттиқ назорат қилинг.
Ёшлар фаросати: Сиз — ота-онангизнинг умидисиз. Бир лаҳзалик мақтаниш ва тезлик ишқи сизни тириклик неъматидан, ота-онангизни эса сиздан жудо қилмасин.
Тадбирларни илмга йўналтириш: Ресторандаги базмлар ўрнига, мактаб кутубхонасига китоб совға қилиш, эҳтиёжманд синфдошларга ёрдам бериш каби хайрли амалларни анъанага айлантириш лозим.
Хулоса шуки «Сўнгги қўнғироқ» ҳаётнинг тугаганини эмас, балки гўзал ва масъулиятли янги бир босқич бошланганини билдирувчи рамз бўлиши керак. Шошқалоқлик, манманлик ва исроф билан бу кунни мотамга айлантирмайлик. Зеро, Аллоҳ таоло бизга берган ҳаёт ва фарзанд неъмати — эртага Қиёматда ҳар бир сонияси учун жавоб бериладиган улуғ омонатдир!
Исломхон Ҳамидов,
Наманган шахар Боқимирзо жоме масжиди имом ноиби