#xabar #qabul #muftiy
Бугун, 28 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари юртимизнинг турли ҳудудларидан келган фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитдилар.
Қабул жараёнида фуқароларимиз томонидан билдирилган масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти, диний таълим, оилавий масалалар, ҳаж ва умра ҳамда моддий ёрдам масалалари бўйича мурожаатлари атрофлича кўриб чиқилди.
Жумладан, оилавий муносабатлар билан боғлиқ масалалар юзасидан маслаҳатлар берилди, шаръий саволларга батафсил тушунтиришлар тақдим этилди. Шунингдек, моддий ёрдам сўраган фуқароларга белгиланган тартиб-қоидалар асосида кўмак кўрсатилди.
Қайд этиш жоизки, кишиларнинг дардини енгиллатиш, уларнинг ташвишларини аритиш — савоби улуғ амал ҳисобланади. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ана шу набавий таълимотга амал қилган ҳолда, бугун Муфтий ҳазратлари мутасаддилар билан бирга турли масалалар бўйича мурожаат қилган фуқароларнинг ташвишлари бартараф этилишига амалий ёрдам кўрсатдилар.
Илиқ кутиб олинган фуқаролар мурожаатларининг ижобий ечим топганидан мамнун бўлиб, масъуллардан миннатдор ҳолда қайтдилар.
Мана шундай қабул жараёнлари мамлакатимиздаги барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
1. Уч марта “Астағфируллоҳ” деб, сўнгра ушбу дуони ўқиш:
اللَّهُمَّ أَنْتَ السَّلامُ وَمِنْكَ السَّلامُ تَبَارَكْتَ ذَا الْجَلالِ وَالإِكْرَام
“Аллоҳумма антас салаам ва минкас салаам. Табаарокта йаа зал Жалаали вал Икром”
“Ё Аллоҳ! Сен Саломсан. Омонлик Сендандир. Эй, буюклик ва икром Соҳиби бўлган Зот, Сен улуғсан”.
2. Оятал – курсийни ўқиш. Ҳар фарз намозидан сўнг Оятал-курсийни ўқиб юрган кишини жаннатдан фақатгина ўлим тўсиб туради.
3. “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ” ва “Аллоҳу акбар”ни ўттиз уч мартадан айтиб, бир маротаба “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува аъла кулли шайин қодийр”ни ўқиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта (Субҳаналлоҳ) Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта (Алҳамдулиллаҳ) Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта “Аллоҳу акбар” деса, жами тўқсон тўққиз бўлади. Юзта бўлиши учун – “Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодийр” деб айтса, гуноҳлари денгиз кўпиги каби кўп бўлса ҳам мағфират қилинади» (Имом Муслим ривояти) дедилар.
4. Қуйидаги зикрни ўқиш:
لا إله إلا الله وحده لا شريك له، له الملك وله الحمد وهو على كل شيء قدير. اللهم لا مانع لما أعطيت ولا معطي لما منعت ولا ينفع ذا الجد منك الجد
“Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайин қодийр. Аллоҳумма лаа мааниаъ лима аътойта ва лаа мутиъа лима манаъта ва лаа”.
“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У Ёлғиздир. Унинг шериги йўқ. Мулк ва мақтов Унга хосдир. У барча нарсага қодирдир.”
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким «Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайин қодийр», деб ўн марта айтса, Исмоил зурриётидан тўрт кишини озод қилгандек бўлади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким: «Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайин қодийр», деб бир кунда юз марта айтса, ўнта қул озод қилган баробарида бўлибди. Унга юзта ҳасанот ёзилиб, юзта ёмонлиги ўчирилади, кеч киргунича шайтондан омонда бўлади. Унинг бу амалидан афзалроқ ишни ҳеч ким қила олмайди. Фақат шу калималарни кўпроқ айтган киши ўзиб кетиши мумкин”, дедилар.
5. Қуйидаги зикрни ўқиш:
لا إله إلا الله وحده لا شريك له، له الملك وله الحمد وهو على كل شيء قدير لا حول ولا قوة إلا بالله، لا إله إلا الله ولا نعبد إلا إياه له النعمة وله الفضل وله الثناء الحسن ولا إله إلا الله مخلصين له الدين ولو كره الكافرون
“Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува аъла кулли шайин қодийр. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ. Лаа илаҳа иллаллоҳу ва лаа наъбуду илла иййаҳу лаҳун нимату ва лаҳул фазлу ва лаҳус санаул ҳусна. Ва лаа илаҳа иллаллоҳу мухлисийна лаҳуд дийн ва лав кариҳал каафирийн”
6. Ушбу дуони ўқиш:
اللهم أعني على ذكرك وشكرك وحسن عبادتك
“Аллоҳумма аъинний ъалаа зикрика ва шукрика ва ҳусни ъибаадатик”
“Аллоҳим! Ўзингни зикр қилиш, шукр қилиш ва Сенга чиройли ибодат қилишимда мадад бер”.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлимдан тутиб, “Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, мен сени яхши кўраман”, дедилар. “Ота-онам сизга фидо бўлсин! Аллоҳга қасамки, мен ҳам сизни яхши кўраман”, дедим. У зот алайҳиссалом: “Эй Муоз, ҳар (фарз) намоздан сўнг: “Аллоҳумма, аъинний ъалаа зикрика ва шукрика ва ҳусни ъибаадатик” деб айтгин”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан кейин бундай дуо қилар эдилар:
“Аллоҳумма, инний аъуузу бика минал жубни вал бухл ва аъуузу бика мин фитнатид дуня ва аъузу бика мин фитнатил қобр”
“Аллоҳим, қўрқоқликдан, бахилликдан паноҳ сўрайман. Дунё фитнасидан паноҳ сўрайман. Қабр фитнаси (қабрда икки фариштанинг саволларига жавоб бера олмай қийналиш)дан паноҳ сўрайман” (Имом Бухорий ривояти).
7. Ихлос, Фалақ ва Нас сураларини ўқиш: Бомдод ва Шом намозларидан сўнг уч мартадан ўқилади.
8. Қуйидаги зикрни Бомдод ва Шом намозларидан сўнг ўн мартадан ўқиш:
لا إله إلا الله وحده لا شريك له له الملك وله الحمد يحيي ويميت وهو على كل شيء قدير
“Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду йуҳйии ва йумийту ва ҳува аълаа кулли шайин қодийр”.
“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У Ёлғиздир. Унинг шериги йўқ. Мулк ва мақтов Унга хосдир. У барча нарсага қодирдир”.
9. Тасбеҳларни ўнг қўл билан санаш. Ўнг қўл билан санаш афзалдир.
10. Мазкур зикрларни намоз ўқиган жойда қилиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) садақадир[1]. Ҳар бир такбир (Аллоҳу акбар) садақадир. Ҳар бир таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) садақадир. Ҳар бир таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ) садақадир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу кўчат ўтказаётганларида ёнларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтиб қолдилар ва айтдилар: “Эй Абу Ҳурайра, сени сенинг учун бундан-да яхши нарсага далолат қилайми?”.
У киши: “Ҳа, айтинг, ё Расулуллоҳ”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Субҳаналлоҳ, Аллоҳу акбар, Алҳамдулиллаҳ, Лаа илаҳа иллаллоҳ дегин, ҳар бирига сенинг учун жаннатда бир дарахт ўтказилади”, дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).
Ушбу зикрлар намозда бўлган нуқсон, камчиликларнинг ўрнини тўлдиради.