#Сайёр_йиғилиш
Бугун, 2026 йил 2 февраль куни Тошкент шаҳридаги «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жоме масжиди мажлислар залида навбатдаги маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов олиб бордилар.
Йиғилишда ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги мутасаддилари, шаҳримиз уламолари шунингдек туманлар бош имомлари, отинойилар, «Ҳаж 2025» зиёратчилари ва мҳаллалар раислари иштирок этди.
Тадбир доирасида ҳар бир маҳалланинг камида 5 тагача муаммоли хонадонига кирилиб, у ерда яшаётган кишилардан ҳол-аҳвол сўралди.
Имом-хатиблар 7 тоифага мансуб юздан зиёд оилага, отинойилар 4 тоифага мансуб ўнга яқин оилага кирилиб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирлари олиб борилди.
Ёт ғоялар таъсирига мойил бўлган фуқаролар билан суҳбатлашилиб, уларнинг тушунчалари тўғриланди.
Нотинч оилалар ўрганилиб, улар яраштирилди.
Тадбирда ичкиликка ружу қўйган кишилар билан ҳам суҳбатлашилиб, уларга соғлик катта неъмат экани тушунтирилди.
Диний соҳа ходимларининг «Ҳаж 2025» зиёратчилари билан бирга маҳаллаларга, оилаларга кириб бораётганидан аҳоли жуда мамнун.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Имом Саълабий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Абу Муҳаммад Халил ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Масъуд Музаккар раҳимаҳуллоҳнинг бундай деганларини эшитдим: “Баъзи улуғлардан бундай ҳикоя келтирилган:
“Мансур ибн Аммор айтади: “Бир хароба жойга кирдим. У ерда қўрқув билан намоз ўқиётган йигитни кўрдим. Ичимда: “Албатта, бу йигитда бир гап бор. Эҳтимол, у Аллоҳ азза ва жалланинг валий дўстларидан бўлса”, дедим. Намоз ўқиб бўлгунича кутиб турдим. Намозидан салом бергач, унга салом бердим. У алик олди. Унга: “Жаҳаннамда бир водий борлигини билмадингиз-ми? Аллоҳ таоло у ҳақида бундай деган:
كَلَّا إِنَّهَا لَظَى
“Йўқ! Албатта у (жаҳаннам) кучли алангадир”.
نَزَّاعَةً لِّلشَّوَى
“Бошнинг терисини сидириб олувчидир”. (Бош териси шилиб олинган дўзахийга Аллоҳ таоло яна янги тери ато этади. Жаҳаннам ўти эса яна уни шилиб олади ва шу тариқа тўхтовсиз давом этаверади.)
تَدْعُو مَنْ أَدْبَرَ وَتَوَلَّى
“У чақирадир; орқага кетган ва юз ўгирганни” (Маориж сураси, 15-17-оятлар).
Оятни эшитган йигит чуқур нафас олди-да, ҳўнграб йиғлаб юборди, оҳ тортди-ю, ҳушидан кетди. Ўзига келганда, менга: “Яна Қуръон оятидан ўқиб беринг!” деди. Мен:
وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ
“Ёқилғиси одамлар ва тош бўлган” (Бақара сураси, 24-оят) деган оятни ўқидим. Оятни эшитиши биланоқ жони узилиб, ерга йиқилди.
Либосини кўтариб, кўксини очсам, кўкраги устига:
فَهُوَ فِي عِيشَةٍ رَّاضِيَةٍ
“Бас, у розилик ҳаётидадир”
فِي جَنَّةٍ عَالِيَةٍ
“Олий жаннатдадир”
قُطُوفُهَا دَانِيَةٌ
“Унинг мевалари яқиндир” (Ҳааққоҳ сураси, 21-23-оятлар) деган оятлар ёзилганини кўрдим.
Кеч бўлгач, уйқуга ётдим. Тушимда уни тўшак устида, бошига тож кийиб ўтирган ҳолда кўрдим. Ундан: “Аллоҳ таоло сени нима қилди?” деб сўрадим. Шунда у: “У Зот менга Бадр аҳлининг савобини берди ва яна зиёда қилди”, деб жавоб берди. Мен яна ундан: “Нега сенга уларнинг савоби мислича савоб берди?” десам, у: “Чунки улар кофирларнинг қиличлари билан ўлдирилдилар. Мен эса Маликул Ғаффорнинг қиличи билан ўлдирилдим”, деб жавоб берди.
Ушбу қиссани олим Ёфиъий “Ровзур раёҳийн фий ҳикаятис солиҳийн” китобида келтирган.
Аҳмад ибн Иброҳим Саълабийнинг
"Қуръон ошиқлари" китобидан