Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Инсон шундай яратилганки, у бошқаларнинг табиати, камоли ва жамолидан таъсирланиб, уларга муҳаббат қўяди, уларни севади. Аллоҳ таоло Набийи карийм соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг олий камолотларни ато қилган. Шунинг учун ҳар бир мўмин киши ўзининг суюкли пайғамбари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сохталикларсиз, чин дилдан севади, муҳаббат қўяди. Қуйида у зотни севишимизнинг сабаблари келтирилади.
1. У ЗОТ – АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ МАҲБУБИДИР
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севишимизнинг энг биринчи ва асосий сабаби шуки, У зот Аллоҳ таолонинг маҳбуби (суюклиси)дирлар. Бутун оламларнинг Робби Аллоҳ таоло у зотни севар экан, биз уммат нима учун севмайлик? Қуръони карим у зотнинг камоллари ва жамолларига энг катта гувоҳдир.
Қуръони каримнинг амалий тафсири – Набийимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларидир. Қуръони каримнинг илмий ажойиботлари тугамаганидек, сийрати набавийянинг ҳам амалий ажойиботлари тугамайди.
Бу муборак зотга муҳаббат қилиш – туғма ва табиий ҳолатдир. Аллоҳ таоло Ўз маҳбуби Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга жуда кўплаб иззат-икром ва қадр-қиммат кўрсатди. Қуръони каримнинг бир неча ўринларида улар очиқ-ойдин келтирилган. Қуйида ана шу далилларни санаб ўтамиз.
БИРИНЧИ ДАЛИЛ
Алллоҳ таоло Қуръони каримда бир неча ўринда Ўзининг набийлари билан бўлиб ўтган суҳбатини келтириб, уларга ўз исми билан хитоб қилади:
يَا آدَمُ – «Эй Одам» (Аъроф сураси, 19-оят).
يَا نُوحُ – «Эй Нуҳ» (Ҳуд сураси, 46-оят).
يا زَكَرِيَّا – «Эй Закариё» (Марям сураси, 7-оят).
يَا اِبْرَاهِيْمُ – «Эй Иброҳим» (Соффаат сураси, 104-оят).
يَا دَاوُودَ – «Эй Довуд» (Сод сураси, 26-оят).
يَا عِيْسَى – «Эй Ийсо» (Оли Имрон сураси, 55-оят).
يَا مُوسَى – «Эй Мусо» (Тоҳа сураси, 17-оят).
Лекин Ўз маҳбубига ҳеч қачон у зотнинг исми билан мурожаат этмади, балки қуйидаги лафзлар билан хитоб қилди:
يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ – «Эй Набий» (Аҳзоб сураси, 1-оят).
يَا أَيُّهَا الرَّسُوْلُ – «Эй Расул» (Моида сураси, 67-оят).
يَا أَيُّهَا الْمُزَمِّلُ - «Эй ўраниб ётган» (Муззаммил сураси, 1-оят).
يَا أَيُّهَا الْمُدَثِّرُ – «Эй бурканиб ётган» (Муддассир сураси, 1-оят).
Маълумки, шарқда фарзандлар отани, шогирдлар устозни, аёллар эса эрни исми билан чақирмайдилар. Ўзимиздан ёш жиҳатдан катта бўлган кишиларни ҳам ҳурмат юзасидан исмини тилга олиб чақирмаймиз. Бундан шу нарса ойдинлашадики, Аллоҳ таоло Ўз маҳбубини ниҳоятда икром билан эъзозлайди, уни севади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿اِنَّ أَوْلَى النَّاسِ بِاِبْرَهِيْمَ لَلَّذِيْنَ اتَّبَعُوْهُ وَهَذَ النَّبِيُ﴾
«Одамларнинг Иброҳимга ҳақлироғи – унга эргашганлардир ва мана бу Набийдир» (Оли Имрон сураси, 68-оят).
Бу оятда Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг зотий исмларини келтирди, лекин Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зотий исмлари ўрнига «Набий» лафзини келтириб, у зотга муҳаббатини ифода этди. Аллома Саховий раҳматуллоҳи алайҳ бу оятни мана шу мазмунда шарҳлаганлар.
"Илоҳий Расул" китобидан
Нодир Одинаев таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мусулмоннинг таваккулга эҳтиёжи кучли бўлади. Хусусан “Ризқ” масаласида. Чунки ризқ инсоннинг ақлини ва қалбини машғул қилиб қўяди. Кечани бедор, ухламасдан ҳамда кундузини меҳнат ва машаққат билан ўтказиш натижасида инсоннинг жисми чарчайди.
Кўпинча инсон ризқни ўзига ўхшаш яратилган инсоннинг қўлида деб, ҳаёт луқмасини топиш учун нафсини хорлайди, лаганбардорлик қилади, бошини эгади, шаъни ва қадр-қимматини сарфлайди. У ўзига ўхшаш яратилган инсон хоҳласа беради, хоҳласа бермайди ҳамда унинг ва болаларининг ҳаёти унинг қўлида деб ўйлайди. Ҳудди Намруд Иброҳим алайҳиссаломга айтган гапларидек, Аллоҳ таоло жонни олиш ва қайтаришга қодир Зотдир.
Баъзи инсонлар ўзларига ҳаромни ейишга, пора олишга, рибони мубоҳ деб санашга ва ботил йўллар билан молларни ейишга фатво берадилар. Сабаби, ёшликдан кейин қарилик, саломатликдан кейин касалилк, лавозимидан бўшаб ёки ундан кейин зурриёти кучсиз бўлиб қолишидан қўрқадилар.
Абдуллоҳ Муборак раҳимаҳуллоҳ: “Кимда ким камбағаллик сабабли ҳаром нарсани еса, у таваккул қилувчи эмас”, деганлар. Буларнинг барчасидан чиқиш йўли Аллоҳ таолога таваккул қилишни маҳкам тутмоқликдир.
Мусулмон киши агар воъиз, дин тарқатувчи ва ислоҳ қилувчи бўлса таваккул қилишга кўпроқ муҳтож бўлади. Албатта у, таваккул қилишда мустаҳкам устунни ва мустаҳкам қўрғонни топади ҳамда куфр, зулм, боғий ва фасод мустабидларига юзланганда таваккул қилишга суянади. У Аллоҳ билан нусрат топади ва Аллоҳ билан азиз бўлади.
Кимга Аллоҳ нусрат берса, асло мағлуб бўлмайди, кимни беҳожат қилса, фақирлик кўрмайди ва кимни Аллоҳ азиз қилса хорликка юз тутмайди.
﴿إِنْ يَنْصُرْكُمُ اللَّهُ فَلَا غَالِبَ لَكُمْ وَإِنْ يَخْذُلْكُمْ فَمَنْ ذَا الَّذِي يَنْصُرُكُمْ مِنْ بَعْدِهِ وَعَلَى اللَّهِ فَلْيَتَوَكَّلِ الْمُؤْمِنُونَ﴾
“Агар сизга Аллоҳ нусрат берса, сиздан ғолиб келувчи йўқ. Агар сизни ташлаб қўйса, Ундан ўзга ким ҳам ёрдам берар эди. Мўминлар фақат Аллоҳгагина таваккул қилсинлар”[1].