Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло Расулуллоҳга шундай мақом ва даража ато этдики, у зотга итоатни Ўзининг итоати даражасига кўтарди:
"Ким Расулга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлур" (Нисо сураси, 80-оят).
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Нисо” сурасида шундай бир оят борки, у Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳуни қаттиқ ўйга солган ва у киши: “Бу Қуръондаги энг қўрқинчли оятлардан бири” деб айтганлар. Оят:
﴿مَنْ يَعْمَلْ سُوءًا يُجْزَ بِهِ﴾
“Ким ёмонлик қилса, ўша (ёмонлик) билан жазоланади” (Нисо сураси, 123-оят).
Бу оятни эшитганда саҳобалар жуда қаттиқ хавотирга тушганлар. Чунки инсон ҳаётида хатолар, камчиликлар, гуноҳлар бўлиб туради. Саҳобалар: “Агар ҳар бир ёмон иш учун жазо бўлса, унда биздан ким нажот топади?” деб ташвишга тушганлар. Ривоят қилинишича, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бу оятни эшитиб: “Ё Аллоҳнинг Расули! Агар ҳар бир ёмон иш учун жазо бўлса, биз ҳалок бўламиз-ку?” деб сўраганлар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абу Бакр! Сен касал бўлмайсанми? Сен чарчамайсанми? Сен ғам-ташвишга ботмайсанми?” деб сўрадилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Албатта шундай ҳолатларга тушаман”, деб жавоб бердилар. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мана шу нарсалар сен қилган хатоларинг учун каффоратдир”, дедилар.
Уламолар бу оятни бундай тушунтиришган:
Инсон қилган ёмон ишларининг жазоси фақат охиратда эмас, балки дунёда ҳам баъзан каффорат билан тўланади:
- Касаллик,
- Ташвиш,
- Мусибат,
- Қийинчилик,
- Қалбдаги изтироб.
Булар мўминни гуноҳлардан поклайди. Шунинг учун бу оятда икки хислат жамланган:
- Адолат — ҳар бир амал ҳисобга олинади.
- Раҳмат — Аллоҳ бандасини дунёда поклаб туради.
Яна уламолар айтадилар:
Нисо сураси инсонни икки қанот билан қўллайди:
- Хавф (қўрқув).
- Ражо (умид).
Шунинг учун бу сура мўминнинг қалбини тарбия қиладиган энг таъсирли суралардан бири.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ