#Сурхондарё
Бир неча йиллардан буён Туркия Республикаси Рамазон ойи арафасида мамлакатимизда яшаётган эҳтиёжманд оилалар учун озиқ-овқат маҳсулотларини хайрия қилиб келади. Бу анъана жорий йилда ҳам давом этиб, яқинда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан 900 дона бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат қутилар "Вақф" хайрия жамоат фондига топширилди.
Туркия элчихонаси Диёнат бўлими раҳбари Маҳмут Туркнинг таъкидлашича, ушбу хайрия маҳсулотлари қардош ўзбек халқи учун ўзига хос Рамазон туҳфасидир. Бу маҳсулотлар ҳақдор, кам таъминланган оилаларга етиб борса, улар бундан хурсанд бўлиб, Рамазон ойини хушнудликда ўтказса муродимиз ҳосил бўлади, деди элчихона вакили.
Хайрия маҳсулотларини қабул қилиб олиш ва манзилга кузатиш тадбирида фонднинг халқаро алоқаларни ривожлантириш бўлими раҳбари Миржалол Қосимов, фонд масъул ходими Зиёдулла Абдуллаев иштирок этди.
Ушбу хайрия Рамазон – 2026 хайрия акцияси доирасида ташкил этилган бўлиб, ушбу юклар Сурхондарё вилоятининг олис ва чекка ҳудудларидаги кам таъминланган, ногиронлиги бор оилаларга етказилади.
Vaqf.uz
Муборак ой муносабати билан Хоразм вилоятидаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар учун ҳам “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи”, деган эзгу ғоя асосида ифторлик дастурхонлари ёзилмоқда. Ҳозирга қадар умумий ҳисобда имомлар томонидан 11 та оилага кирилиб, уларга жами 27 миллион сўмлик озиқ-овқат жамланмалари туҳфа қилинди.
Жумладан, вилоят бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Абдуллаев Урганч шаҳридаги Абулғози Баҳодирхон кўчаси 159-уйда яшовчи Сўнажон Бозорбоева хонадонида файзли ифторлик уюштириб, хонадон аъзоларидан ҳол-аҳвол сўраб, уларнинг қалблари қувончга тўлдирилди.
Бу йилги Рамазонда вилоят маҳаллаларидаги кам таъминланганлар учун бошланган бундай ифторликлар Рамазонни янада файзли, тароватли ўтказишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати