Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Апрел, 2026   |   20 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:32
Қуёш
05:54
Пешин
12:30
Аср
17:02
Шом
19:00
Хуфтон
20:16
Bismillah
09 Апрел, 2026, 20 Шаввол, 1447
Мақолалар

Касалликни сўкманг

27.02.2026   10478   3 min.
Касалликни сўкманг

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ислом таълимотида касаллик фақат жисмоний ҳолат эмас, балки тарбия, покланиш ва илоҳий раҳматнинг бир кўриниши сифатида талқин қилинади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам касалликка дучор бўлган кишиларга тасалли берар, уни ёмонлашдан қайтарар ва бу ҳолатнинг маънавий ҳикматларини баён қилиб берар эдилар. Қуйидаги ривоят ҳам айнан шу ҳақиқатни очиб беради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Саиб розияллоҳу анҳони касаллик пайтида зиёрат қилдилар. Уни қалтираб турган ҳолда кўриб:

– "Эй Умму Саиб, сизга нима бўлди, нега титраяпсиз?" – дедилар.

– У: Иситма! Аллоҳ уни баракали қилмасин! (касалликка лаънат бўлсин), – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

"Эй Умму Саиб, иситмани сўкманг. Чунки у Бани Одамнинг гуноҳларини, худди босқон темирнинг зангини кетказгандек, кетказади", дедилар.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам касалликнинг илоҳий ҳикматларини баён қилиб, шундай дедилар...-

– "Албатта, Аллоҳ таоло бандасини касаллик билан уч ҳолатдан бири учун синовдан ўтказади:

Агар банданинг гуноҳлари бўлса, Аллоҳ уларни кечиришни ирода қилса;

Агар бандасини Ўзидан узоқлашганини кўриб, уни Ўзига яқинлаштиришни хоҳласа;

Ёки банданинг жаннатда у учун тайёрланган жойи бўлиб, қилмаган амаллари ўша тайёрланган жойга етмай турганда, Аллоҳ уни ўша мақомга етказишни ирода қилса".

Демак, касалликда сабр қилгандан кейин банданинг олдида фақат яхшилик бор: у тавбага келади, ибодатда собит бўлади ва Аллоҳга нисбатан гўзал гумон билан яшайди.

Аллоҳ таоло ниҳоятда раҳмлидир, бандаларидан азобни даф этувчидир ва У бизга оналаримиздан ҳам кўра раҳмлироқдир. Шунинг учун дардни Яратганга арз қилинг, Унга ҳамд билан юзланинг ва қалбларингизни истиғфор билан покланг.

Ушбу ривоятдан англашиладики, Исломда касаллик жазолаш воситаси эмас, балки бандани тарбияловчи, уни гуноҳлардан покловчи ва Аллоҳга яқинлаштирувчи раҳмат эшигидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам касалликни ёмонлашдан қайтариб, ундаги илоҳий ҳикматларни очиб бердилар. Чунки мўмин киши учун касаллик сабр, тавба ва ибодат билан қарши олинса, юксалиш ва даража ошишига сабаб бўлади.

Шунингдек, бу ҳадис бандага ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ ҳақида гўзал гумонда бўлиш, дардини Унга арз қилиш ва қалбини истиғфор билан поклаш лозимлигини ўргатади. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларига ниҳоятда раҳмли бўлиб, У касаллик орқали ҳам Ўз қулининг охиратини обод қилишни ирода қилади.

Демак, мўмин инсон учун муҳим бўлган нарса касалликнинг ўзи эмас, балки унга қандай муносабатда бўлишидир. Сабр, шукр ва ихлос билан қарши олинган ҳар бир синов охир-оқибат бандани Аллоҳ розилигига етаклайди.

Адҳам Шарқовийнинг китоби асосида
ТИИ магистратура талабаси
Саидбурхон ФАЗЛИДДИНОВ тайёрланди.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Самарқанд имомлари ўртасида кураш мусобақаси ўтказилди

08.04.2026   4785   1 min.
Самарқанд имомлари ўртасида кураш мусобақаси ўтказилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларининг ташаббуслари билан диний соҳа ходимлари ўртасида миллий спорт тури – кураш бўйича Самарқанд вилояти босқичи кўтаринки руҳда ташкил этилди.
 

Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Б.Каримов ва вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Н.Абдуманнонов иштирок этиб, бу каби мусобақалар соҳа ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.

 

Ғолиблар ва совриндорлар: 

 

Муросасиз кечган баҳсларда қуйидаги полвонлар ўз вазн тоифаларида тенгсиз деб топилди ва республика босқичига йўлланмани қўлга киритдилар:

  • 80 кг вазнда: 1-ўрин – М.Ҳидоятов (Булунғур т.), 2-ўрин – А.Янгибоев (Қўшработ т.), 3-ўрин – Ю.Шодиев (Тайлоқ т.).

  • +80 кг вазнда: 1-ўрин – О.Сайдуллаев (Пайариқ т.), 2-ўрин – Ҳ.Худоёров (Нуробод т.), 3-ўрин – М.Тошпўлатов (Иштихон т.).

  • 90 кг вазнда: 1-ўрин – И.Хидиров (Жомбой т.), 2-ўрин – О.Жумаев (Самарқанд ш.), 3-ўрин – Р.Турсунов (Самарқанд т.).

  • +90 кг вазнда: 1-ўрин – М.Валиев (Каттақўрғон т.), 2-ўрин – Л.Хожиқурбонов (Пастдарғом т.), 3-ўрин – Ж.Ражабов (Нуробод т.).


Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан муносиб тақдирланди. Бу каби тадбирлар нафақат жисмоний чиниқиш, балки миллий қадриятларимиз ва спорт анъаналаримизга бўлган ҳурматнинг яққол ифодаси бўлди. 

Sammuslim.uz

Самарқанд имомлари ўртасида кураш мусобақаси ўтказилди Самарқанд имомлари ўртасида кураш мусобақаси ўтказилди Самарқанд имомлари ўртасида кураш мусобақаси ўтказилди Самарқанд имомлари ўртасида кураш мусобақаси ўтказилди
Ўзбекистон янгиликлари