9–11 апрель кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро илмий конференция бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбир жаҳон тарихи ва маданиятида Амир Темур ҳамда Шарқ Ренессанси цивилизациясининг ўрнини муҳокама қилиш учун йирик халқаро майдонга айланади.
Конференцияда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 300 нафардан зиёд иштирокчи — етакчи олимлар, экспертлар, дипломатлар ва жамоатчилик вакиллари қатнашади. Таклиф этилганлар орасида халқаро ташкилотлар ва илмий марказлар, жумладан ICESCO, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, IRCICA ва «Ал-Фурқон» жамғармаси вакиллари ҳам бор.
Конференция ташкилотчилари сифатида Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги иштирок этмоқда. Тадбир Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Жаҳон жамияти (WOSCU) билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.
Дастур доирасида иштирокчилар Темурийлар даврининг асосий жиҳатларини муҳокама қиладилар: давлат бошқаруви ва дипломатия, ҳарбий санъат ва стратегия, меъморчилик ва шаҳарсозлик, шунингдек фан, таълим ва маданият ривожи. Амир Темур меросининг жаҳон цивилизацияси, сиёсат ва иқтисодиёт шаклланишига таъсирига алоҳида эътибор қаратилади.
Халқаро анжуман дастуридан Ислом цивилизацияси марказига ташриф, мавзули кўргазмалар, «Амир Темур ва Донна Мария» бадиий фильми намойиши, мэппинг-шоу, шунингдек «Конигилда тўй» саҳналаштирилган театр томошаси ҳам ўрин олган.
Конференция якунида илмий тавсиялар ишлаб чиқилади ва буюк Темурийлар меросини янада ўрганиш ҳамда оммалаштиришга қаратилган йўл харитаси қабул қилинади. Ёпилиш маросими давомида Ислом цивилизацияси маркази билан қатор етакчи халқаро илмий ва маданий ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланади.
Ушбу конференциянинг ўтказилиши халқаро илмий мулоқотни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини жаҳон ҳамжамиятида тарғиб этишда муҳим қадам бўлади.
t.me/islommarkazi
Бугун, 14 сентябрь куни Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ўз ишини бошлади.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров ҳамда бошқа қардош ва хорижий давлатлар уламоларидан иборат нуфузли делегациялар иштирок этмоқда.
Ялпи мажлисда нутқ сўзлаган муфтийлар ўз маърузаларида қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратмоқдалар:
– Кенгаш қошидаги Фатво ҳайъати фаолиятини ривожлантириш, уммат учун зарур қўшма фатволар ишлаб чиқиш ва замонавий масалаларга шаръий ечим топиш;
– диний таълим муассасаларида устоз ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, илмий-услубий лойиҳаларни амалга ошириш;
– экстремизм, терроризм, такфирчилик, исломофобия ва мазҳаблараро низо қўзғаш каби таҳдидларга қарши якдил маърифий курашни кучайтириш.
Шунингдек, Уламолар диний-маърифий соҳадаги ана шундай ҳамкорлик бутун Туркий дунё бирдамлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Анжуман давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати