1. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуда намоз арконларини ўрнига қўйиб, чиройли ўқиган қулларини озод этиш одати бор эди. Хожаларининг бундай феълини билган қуллари хўжакўрсинга чиройли намоз ўқирдилар. Ҳазрати Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу эсалар уларни озод этардилар. Бу ҳақда кимдир у зот розияллоҳу анҳуга буни эслатганида: “Модомики, кимдир Аллоҳнинг динига алоқадор нарсада мени алдамоқчи экан, марҳамат, мен алданишга тайёрман!” – деб жавоб берибдилар.
2. Ахнаф ибн Қайс[1] қуддиса сирруҳудан:
– Хушхулқликни кимдан ўргандингиз? – дея сўрашганда у зот қуддиса сирруҳу:
– Қайс ибн Осим ан-Нақрий қуддиса сирруҳудан, – деб жавоб бердилар.
Шунда ундан:
– Қайснинг қай бир хулқидан ибратландингиз, – дея сўрашганида ҳазрати Ахнаф айтдилар:
– Бир гал Қайснинг жорияси унга кабоб қовурадиган чўғли идишда кабоб келтираётиб қўлидан тушириб юборди. Иттифоқо, бу унинг чақалоғининг устига тушиб, гўдак нобуд бўлди. Бундан бояги чўри аёл даҳшатга тушиб, ақлдан озаёзди. Бу ҳолни кўрган Қайс унга шундай дедилар:
– Қўрқма, сенга ҳеч қандай зиён етмайди, мен сени Аллоҳ йўлида, Аллоҳ учун озод этдим!
3. Болалар Увайс Қараний қуддиса сирруҳуни кўришганида тош отишарди. Шунда у зот қуддиса сирруҳу айтардилар:
– Агар менга тош отмасдан туролмасангиз, майли, отинг, фақат майдароғидан, токи оёқларимни қаттиқ жароҳатламасин. Йўқса, туриб ибодат қилишга ярамай қоламан.
4. Бир гал қандайдир киши Ахнаф ибн Қайс қуддиса сирруҳуга дашном бергани ҳолда кетидан эргашиб келарди. У зот ўз маҳаллаларига яқин етиб келганларида тўхтаб шундай дедилар:
– Эй йигит, менга тағин айтадиган гапинг бўлса, ҳаммасини шу ерда айтақол, йўқса, бу маҳалланинг баъзи телбасифат кишилари сўкинишингни эшитиб сенга зарар етказиб қўйишлари мумкинлигидан хавотирдаман.
5. Нақл қилишадики, бир куни амирул мўминийн Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу хизматкорни чақирган эдилар, жавоб бермади. Қайта-қайта чақирган эдилар, яна жавоб бермади... Ночор, ўзлари туриб бориб сўрадилар:
– Чақирганимни эшитмадингми?..
Хизматкор эшитганига иқрор бўлди. Шунда Мўминлар амири каррамаллоҳу важҳаҳу:
– Чақирганимни эшитган бўлсанг, нимага ахир жавоб бермайсан, – деб сўрадилар. Шунда хизматкор:
– Жазоламаслигингизни билиб, шунчаки эринганимдан бормагандим...– дея жавоб берди.
Шунда ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу унга:
– Сени Аллоҳ учун озод этдим! – дедилар.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.
[1] Ахнаф ибн Қайс (Аллоҳ у зотдан рози бўлсин) бениҳоя камтар ва кўплаб яхши хулқ соҳиби бўлганлар. Араблар у кишини мақталган хулқ ва одоблари туфайли мисол қилиб келтирадилар - Муҳаррир.
* * *
“Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг шифонгизни сизларга ҳаром бўлган нарсада қилган эмас!” (Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривояти).
* * *
“Кишининг оғзига тупроқ солиши ҳаром луқма солишидан яхшироқдир”
(Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди”(Имом Абу Аъло ривояти).
Дуонинг қабул бўлиши учун иккита сабаб лозим. Биринчиси, ҳалол луқмадир.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, дуоси қабул бўлмаганидан арз қилганида, у зот: “Эй Саъд, ҳаромдан узоқ бўлгин! Чунки кимнинг қорнига ҳаром луқма кирса, унинг дуоси қирқ кунгача ижобат бўлмас”, дедилар.
Яҳё ибн Муоз айтади: “Ибодат Аллоҳ хазиналаридан биридир. Бу хазинанинг калити эса дуодир. Бу калитнинг тишлари эса ҳалол касб ва ҳалол луқмадир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Айрим кишилар Аллоҳнинг молига ноҳақ шўнғийдилар. Қиёмат кунида уларга дўзах бўлур” (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтганлар: «Бир киши узоқ сафар қилади, сочи тўзғиб, уст-боши чанг бўлади. Қўлларини осмонга чўзиб: “Эй Раббим, эй Раббим”, дейди. Ҳолбуки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаромдан озиқланган. Бас, унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!» (Имом Муслим ривояти).
Нигора МИРЗАЕВА, тўплади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан