Инсоният тарихида айрим маконлар борки, улар фақат географик нуқта эмас, балки руҳий тарбия ва маънавий уйғониш маркази ҳисобланади. Ана шундай муқаддас масканларнинг энг улуғи – Масжидул ҳаром ва увинг қалби бўлган Каъбаи муаззамадир. Миллионлаб мусулмонлар ҳар йили турли миллат, тил ва маданиятдан қатъи назар, бир мақсад – Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш учун ушбу муборак жойга йўл оладилар. Ҳаж – Исломнинг бешинчи рукни бўлиб, у оддий саёҳат ёки расмий маросим эмас. Ҳаж инсоннинг қалбини поклайдиган, нафсини тарбиялайдиган, уни янада масъулиятли ва тақводор шахсга айлантирадиган буюк ибодатдир. Аслида, ҳақиқий ҳаж – инсоннинг ички дунёсини ўзгартирувчи ҳаждир.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Албатта, одамлар (ибодати) учун қурилган биринчи уй Баккада (Маккада) муборак ва оламлар учун ҳидоят (манбаи) бўлган (Каъба)дир» (Оли Имрон сураси, 96-оят). Ушбу муборак оят Каъбатуллоҳнинг инсоният тарихидаги юксак ўрнини кўрсатади. У нафақат мусулмонларнинг қибласи, балки тавҳид рамзи ҳамдир. Ер юзида турли цивилизациялар пайдо бўлиб, йўқолиб кетган бўлса-да, Каъба асрлар давомида инсониятни ягона Роббга ибодат қилишга чақириб келмоқда.
Тарихий манбаларда Каъбанинг бир неча бор қайта таъмирлангани зикр қилинади. Одам алайҳиссаломдан тортиб, Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломларгача, ҳатто Қурайш қабиласи ва Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳулар давригача унинг қайта қурилгани ҳақида ривоятлар келтирилган. Бу ҳолат Каъбанинг инсоният онгида нечоғли муқаддас ўрин тутишини англатади.
Кўпчилик ҳажни фақатгина фарз амалини адо қилиб қўйиш деб тушунади. Аслида эса ҳаж – инсоннинг ахлоқий ва маънавий камолотини синовдан ўтказадиган улкан мактабдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: «Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир» (Муттафақун алайҳ). Лекин ҳар қандай ҳаж ҳам «мабрур» (қабул бўлган) бўлавермайди. Уламолар мабрур ҳажни — холис ният билан, ҳалол молдан, гуноҳ, риё ва хўжакўрсинликдан узоқ ҳолда адо этилган ибодат деб таърифлайдилар. Демак, ҳаждан мақсад фақат Каъбани кўриш ёки эл қатори «ҳожи» деган ном олиш эмас. Балки инсоннинг ички дунёси ўзгариши, гуноҳлардан чин дилдан тавба қилиши ва ҳаётини янги, пок босқичдан бошлаши муҳимдир.
Билишимиз керак бўлган энг муҳим масалалардан бири — ҳажга кетишдан аввал чин дунёдан тавба қилиш ва одамлар ҳақини адо этишдир. Зеро, зиммасида қарзи ёки ўзганинг ҳақи бўлган инсон ҳаж қилишдан аввал уларни эгаларига қайтариши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада шундай деганлар: «Бой (қодир) кишининг қарзини бермай пайсалга солиши зулмдир» (Имом Бухорий ривояти). Афсуски, бугунги кунда айримлар ҳажни обрў, тижорат ёки ижтимоий мақом воситасига айлантириб юбормоқда. Ислом шариатида пора, таниш-билишчилик ёки ноҳақ йўллар билан ҳажга бориш қаттиқ қораланади. Бундай йўллар ибодатнинг руҳий моҳиятини бутунлай йўққа чиқаради. Исломда ибодатнинг қабул бўлиши учун унинг ташқи дабдабаси эмас, балки ихлос, тақво ва ҳалоллик асос қилиб олинади.
Ҳақиқий ҳожи ҳаждан қайтгач, унинг хулқида, оилавий ва ижтимоий ҳаётида ижобий ўзгаришлар сезилиши керак. Улуғ тобеин Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Мабрур ҳаж — инсоннинг ҳаждан дунёга бефарқ (зоҳид), охиратга эса рағбатли ҳолда қайтишидир». Агар инсон табаррук сафардан қайтганидан кейин ҳам ғийбат, такаббурлик, манманлик, тарозидан уриш ва ноҳақликни тарк этмаса, у ҳажнинг ҳақиқий мазмун-моҳиятини англаб етмаган бўлади. Ҳаж мусулмон кишига сабрни, тартиб-интизомни, камтарлик ва биродарликни ўргатади. Эҳромга кирган пайтда бой билан камбағал, раҳбар билан оддий ишчи бир хил кийимда, ёнма-ён туради. Бу эса инсонлар ўртасидаги барча сунъий фарқларни йўқотиб, Аллоҳ ҳузуридаги ҳақиқий тенглик ғоясини намоён этади.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Ҳажарул асвадни ўпаётиб, тарихга муҳрланган ушбу сўзларни айтган эдилар: «Сен фақат бир тошсан, на фойда ва на зарар етказа оласан. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени ўпганларини кўрмаганимда, сени асло ўпмас эдим». Бу теран фикр Исломда ибодатлар фақатгина соф ақида ва суннатга асосланишини кўрсатади. Мусулмон киши Ҳажарул асвадни қандайдир сеҳрли куч деб эмас, балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига бўлган чексиз муҳаббат ва эҳтиром рамзи сифатида зиёрат қилади.
Ҳаж — мусулмон умматининг энг буюк маънавий қурултойидир. У инсонни ташқи жиҳатдан эмас, балки ички оламини тубдан ўзгартириш учун фарз қилинган. Ҳақиқий ҳаж инсонни камтар, ҳалол, масъулиятли ва тақводор қилади. Бугун мусулмон жамиятимизда ҳажнинг фақат ташқи расмиятчилигига эмас, балки унинг маънавий-руҳий моҳиятига кўпроқ эътибор беришимиз зарур. Чунки Каъбани шунчаки кўз билан кўришдан ҳам муҳимроғи — қалб кўзини очиш ва уни поклашдир. Ҳақиқий мабрур ҳаж эса инсонни гуноҳлардан узоқлаштириб, Яратувчисига яқинлаштиради.
Жамол Мавлонов,
Бухоро шаҳридаги «Масжиди Калон» жоме масжиди имом-хатиби
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати