Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Намозда ейиш ва ичиш намозни бузади дейилган. Мисол учун тишлар орасида қолиб кетган нон ушоғи ёки гўштни ютиб юбориш намозни бузадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Фақиҳлар тишлар орасида қолиб кетган нўхат ва ундан каттароқ ҳажмдаги таом қолдиқларини ейиш ёки ютиб юбориш намозни бузишини таъкидлаганлар.
Демак, тишлар орасида қолиб кетган қолдиқнинг ҳажмига қаралар экан. Агар у камида ўртача нўхатдек бўлса, намозни бузади, ундан кичик бўлса, бузмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муҳаррам ойи Рамазон ойидан кейин турадиган энг ҳурматли ойдир. Бу ой ҳижрий сананинг бошланиш ойидир. Динимизда бу ой уруш ҳаром қилинган ойлардан бири ҳисобланади. Ашуро куни эса муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда рўза тутишга тарғиб қилганлар.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: "Эй Аллоҳнинг Расули, Рамазондан кейин қайси ойда рўза тутишимга буюрасиз", деди.
Шунда у зот: "Агар Рамазондан кейин рўза тутмоқчи бўлсанг, муҳаррам ойида тутгин. Чунки у Аллоҳнинг ойидир, унда бир қавмнинг тавбасини қабул қилган яна бошқа қавмларнинг ҳам тавбасини қабул қилади", деб жавоб бердилар (Имом Термизий ривояти).