Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Навоий вилояти бош имом-хатиби Темурхон домла Атоевнинг қайноталари Райимжон ота Қодировнинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Темурхон домла Атоевга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz
Мисрнинг “See News” ва “Al-Ahram” нашрларида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Биродар шаҳарлар халқаро форуми ҳамда Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси ҳақида мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
“See News” портали маълум қилишича, жорий йилнинг 24–25 июль кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлигини кенгайтириш, шаҳарлар ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш ва халқ дипломатиясини ривожлантиришга қаратилган Биродар шаҳарлар халқаро форуми бўлиб ўтади.
Форум давомида шаҳарлар ҳамкорлиги масалаларига бағишланган халқаро илмий-амалий конференциялар, панель сессиялари ва давра суҳбатларини ўтказиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, биродар шаҳарлар ўртасида меморандум ва битимларни имзолаш маросимлари, халқ дипломатияси ва ҳудудлараро ҳамкорлик тақдимотлари, хорижий делегациялар учун маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш кўзда тутилган.
Самарқанднинг тарихий обидаларига ташрифлар, инвестиция, туризм ва маданият соҳаларига бағишланган турли кўргазмалар эса иштирокчиларда катта таассурот қолдиради.
“Al-Ahram” газетаси мухбири Муҳаммад Абдулсалом Сабрин Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси ҳақида репортаж тайёрлади. Журналистнинг ёзишича, у ушбу муҳташам мажмуани “Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари – уммат китоби” мавзусидаги халқаро илмий конференция доирасида бориб кўрган.
Мақолада Имом Бухорий мажмуаси қарийб 450 минг квадрат метр майдонни эгаллаган яхлит илмий-маърифий ва маънавий марказ сифатида тасвирланган. Унда тўртта 75 метрли минорага эга масжид, Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий сафарларига бағишланган ноёб қўлёзмалар ҳамда хариталар жамланган тўққиз павильондан иборат интерактив музей мавжуд.
Муаллифнинг қайд этишича, реконструкция ишларидан сўнг мажмуанинг кунлик қабул қилиш қуввати 12 минг нафардан қарийб 65 минг нафар зиёратчигача ошган. У ушбу мажмуани нафақат бетакрор меъморий ёдгорлик, балки халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва тинч-тотув яшаш ғояларини ўзида мужассам этган маънавий маскан сифатида таърифлаган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати