3-ҚИСМ
Раддия: Уламолар ҳижратнинг ҳукми борасида турли қарашларни баён қилганлар:
1. Исломнинг аввалида ҳижрат мандуб, яъни тарғиб қилинган амал эди. Кейин Маккадан Мадинага ҳижрат қилиш фарз бўлди. Макка фатҳ қилинганда эса ҳижратнинг вожиблик ҳукми бекор бўлди. Иш яна мандубликка қайтди.
Демак, фарз ҳижрат тугатилиб, мандуб ҳижрат қолган. Оʻз мазмунига коʻра ҳижратнинг Қиёмат кунигача давом этишини ифода этувчи ҳадисларда ана шу мандублик назарда тутилган. Бу Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва Шофеийдан Ал-Хаттобийнинг қарашларидир. Бизнинг ҳанафий уламолари мана шу фикрни таъкидлайдилар (Ал-Хаттобий “Маъолимус-сунан, Имом Сарахсий “Мабсут”, Косоний “Бадоиъус-саноиʼ”, Ибн Обидин “Раддул муҳтор”, Алий Қори “Мирқотул мафотиҳ”).
Ҳижрат деганда “Куфр диёри”дан “Ислом диёри”га қочиш тушунилади.
Демак, мазкур имомларимиз “Куфр диёри”дан “Ислом диёрлари”га кўчишни мандуб ҳукмида қолди, вожиб ҳукмида эмас, деганлар. Албатта, уларнинг мандуб деган гаплари “Ислом диёри”дан чиқиб кетаётганларга тегишли эмас.
2. Маккадан Мадинага ҳижрат қилишнинг вожиблиги Макка фатҳи куни бекор бўлган. Чунки Макка ўша кундан эътиборан “Ислом диёри”га айланган. Макка фатҳигача ким у ердан Мадинага ҳижрат қилган бўлса, ҳижратнинг савобини олган, бошқаларга бу насиб бўлмаган. Энди қиёматгача боқий қолган ҳижрат эса “Куфр диёри”да иймон келтирган кишининг ҳижратидир. Унга Ислом ҳукмлари жорий боʻлиши учун “Ислом диёри”га келиши вожиб бўлади.
Бу фикрни айтган уламолар ҳам ҳижрат “Куфр диёри”дан “Ислом диёри”га бўлишига урғу бермоқдалар. Улар янада фикрларини ривожлантириб, Аллоҳ таоло учун илм излаш, Маккадаги МасжидулҲаромни, Мадинадаги Масжидун-набавийни ва Қудусдаги Масжидул Ақсони зиёрат қилиш, ватанини душмандан ҳимоя қилиш, ҳалол ризқ топиш учун сафар қилиш ҳам боқий қолган ҳижрат турларидандир, дейдилар;
Аллоҳ таоло жаннатни ваъда қилган ҳижрат, яъни, боридан маҳрум бўлиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнларига келиш Макка фатҳи билан тўхтаган. Энди қолган ҳижрат гуноҳу ёмонликлардан четланиш ҳижратидир.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай дейдилар: “Албатта, ҳижрат икки хислатдир: гуноҳлардан четланиш ҳамда Аллоҳ ва Расулига ажралиб келиш...” (Имом Аҳмад ривояти).
Бошқа ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Ҳижрат қилувчи хато ва гуноҳлардан узоқлашган кишидир” (Имом Ибн Можа ривояти).
Яна бошқа ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Худо йўлида ҳижрат қилган кишидир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яна бир ҳадисда эса Умму Анас розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломдан насиҳат қилишни сўрайдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳлардан тийилгин, ўша ҳижратнинг энг каттасидир. Фарзларга риоя қилгин, ўша жиҳоднинг энг афзалидир. Зикрни кўпайтиргин, Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганингда, унга энг маҳбуб амал шу бўлади”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Тарихдан маълумки, узоқ асрлар давомида юртимизда Ислом аҳкомлари устувор бўлиб, аждодларимиз унга ихлос билан амал қилиб келганлар. Шундан сўнг юртимизни ғайридинлар истило қилган бўлса-да, бу даврларда ҳам мусулмонларнинг ҳаммаси бошқа юртларга кўчиб кетмаганлар. Балки, мўмин-мусулмон ота-боболаримиз ватанда қолиб, қўлларидан келганча динимизга амал қилишга ва келгуси авлодга дин омонатини етказишга ҳаракат қилганлар.
Шукрки, ватанимиз истиқлолга эришганидан кейин яна юртимиз мусулмонлари динга ошкора амал қилиш, тоат-ибодатларни жамоат бўлиб масжидларда адо этиш, ҳаж ва умра каби амалларни ҳам кенг миқёсда бажариш имкониятига эга бўлдилар. Шу сабабли юртимиз “Ислом диёри” ҳукмида қолган.
Шундай экан, юртимиздан гўёки ҳижрат қилиш фарз ёки вожиб эканини даъво қилаётган шахсларнинг айтаётган сўзлари шаръий асосга эга эмас. Балки, диний тушунчаларни бузиб талқин қилиш ҳисобланади. Барчамиз бундан огоҳ бўлишимиз лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан имом-хатиблар ва диний-маърифий соҳа вакиллари учун “Ботил даъволарга асосли раддиялар” номли янги медиа-қўлланма нашрдан чиқди.
Мазкур қўлланма сўнгги йилларда интернет тармоғида “салафийлик”, “мазҳабсизлик” ва ва мотуридийлик таълимотига зид бўлган ғояларни тарғиб қилувчи, миллий-диний қадриятларимизни инкор этган ҳолда анъанавий ҳанафий мазҳаби ёндашувларга нисбатан ишончсизлик уйғотишга уринаётган "даъватчи"ларнинг ботил иддаоларини таҳлил қилиш асосида тайёрланди.
Медиа-қўлланмадан кўзланган асосий мақсад:
– Ижтимоий тармоқларда асоссиз ғояларни илгари сураётган турли радикал тоифаларга қарши илмий ҳамда асосли раддиялар бериш;
– Замонавий медиа-маконда аҳолига Ислом динининг асл инсонпарварлик ва бағрикенглик ғояларини етказишда имом-хатибларга ёрдамчи манба бўлиб хизмат қилади.
Китобда ёритилган асосий мавзулар:
Қўлланмада 100 дан ортиқ муҳим ва долзарб мавзулар камраб олинган. Жумладан:
– Аҳли сунна вал жамоа тушунчаси ва меъёрлари;
– Фатво бериш масъулияти ва тартиби;
– Ҳанафий мазҳаби ва Мотуридия ақидаси асослари;
– Аллоҳ таолонинг зотий ва феълий сифатлари;
– Замонавий ва анъанавий фиқҳий масалалар;
– “Дорул ислом” ва “дорул куфр” тушунчаларининг асл моҳияти;
– Жиҳод, ҳижрат ва такфир (кофирга чиқариш) тушунчаларининг сохта талқинларига раддиялар;
– Жамият барқарорлиги ва диний бағрикенглик тамойиллари;
– Мазҳабсизлик хатари ҳамда миллий-диний қадрият ва маросимларнинг шаръий асослари.
Шунингдек, китобда замонавий имкониятлардан фойдаланилган бўлиб, QR-код орқали қўлланманинг электрон шаклини юклаб олиш ва ундан фойдаланиш имконияти яратилган.
ЎМИ, Ахборот-таҳлил бўлими