Биз кўриб турган бу ажиб дунё илм билан обод бўлади. Янги кашфиётлардан тортиб инсон ҳаётидаги ишларни енгил қиладиган барча замонавий технологиялар илмнинг асосида юзага келди.
Илм сўзи араб тилидан олинган бўлиб, луғатда: “билиш” деган маънони англатади. Бу шундай бир буюк неъматки, Одам алайҳиссаломга берилган илк инъомдир.
Аллоҳ таоло ушбу ҳикояни Ўз каломида шундай марҳамат қилиб айтади:
وَعَلَّمَ آدَمَ الْأَسْمَاءَ كُلَّهَا ثُمَّ عَرَضَهُمْ عَلَى الْمَلَائِكَةِ فَقَالَ أَنْبِئُونِي بِأَسْمَاءِ هَؤُلَاءِ إِنْ كُنْتُمْ صَادِقِينَ
“Ва У Зот Одамга исмларнинг барчасини оъргатди, сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилди. Кейин: Агар ростгўйлардан бўлсангиз, анавиларнинг исмларини Менга айтиб беринг, деди” (Бақара сураси 31-оят).
Юқоридаги оятдан билиб олишимиз мумкин, Одамга берилган энг буюк неъмат илм, ҳар нарсанинг нафақат исми балки унинг фуксионал вазифаларини ҳам оъргатган. Яъни: Бу қуёш, унинг шакли думалоқсимон, у кундузи ер юзини иситади ва ёритади кабилар.
Муҳаммад Аввома ўзининг “Маолимул иршодия” асарида шундай келтиради:
“Аллоҳ таоло Одамга барча нарсанинг исмини ўргатгач, уни фаришталарга ҳам ҳавола қилди. Табиийки, фаришталар бу нарсалар ҳақида билимга эга эмасликларини тан олиб, Сен ўргатгандан ўзга илмимиз йўқдир дея жавоб беришди. Мана шу онда Аллоҳ фаришталарни, ундай бўлса, илм эгаси бўлган Одамни улуғлаб, таъзим ўлароқ унга сажда қилинглар деб амр этди”. Бундан биз илм нечоғлик юксак тортиқ эканини англаб олишимиз мушкил эмас. Ахир фаришталарнинг ҳам сажда қилдирадиган олий неъмат илм бўлди-ку!
Илм инсонни фаришталарнинг мақомидан ҳам юқорига олиб борувчи ягона воситадир. Шунинг учун дунёда бирор пайғамбар ўзидан бойлик ёки шу каби мерос қолдирмаган. Барча бирдек илмни мерос қолдиришган. Илм ва маълумот орасидаги фарқни ҳам бироз аниқлаштириб кетишимиз керак. Киши ўзи ўрганган ва билган нарсаларига амал қилса, бу илм. Агар билган нарсасига амал қилмаса, у маълумотдир. Қуръони каримга назар ташласак, бир неча ўринларда Бану Исроил қабиласини Аллоҳ таоло жоҳил деб келтирган, масалан, Аъроф сурасининг 138-оятида:
“...Албатта, сиз жоҳил қавм бўлаётибсиз”. тарихга назар ташласак, илмий жиҳатдан энг қолоқ ва бирор илоҳий китоб нозил қилинмаган қавм араблар эди. Бану Исроил қабиласига эса бир неча илоҳий китоблар тушган, кўплаб пайғамбарлар айнан улар ичидан чиққан эди. Шундай бўлса ҳам уларни жоҳил дейилди. Сабаби, улар ўз китобларидан билган хабарларига амал қилмадилар. Натижада у билганлари маълумот ўлароқ қолиб кетди.
Илмга тарғиб қилувчи оят ва ҳадислардан намуналар:
Аллоҳ таоло шунча турли неъматларни берди. Барчасини “шукур қилсангиз албатта, сизга зиёда қилурман” (Иброҳим сураси 7-оят), деб таъкидлади. Бироқ, илмга келганда, унинг очиқ-ойдин зиёдалигини талаб қилишга буюрди ва қанда сўрашни ҳам Ўзи ўргатди.
وَقُلْ رَبِّ زِدْنِي عِلْمًا
“Раббим илмимни зиёда қилгин” (Тоҳо сураси 114-оят)., деб Аллоҳ таоло марҳамат қилди. Юқоридаги ояти каримадан коъриниб турибди, ҳаётимизда зиёда бўлишини талаб қилишимизга буюрилган ягона ишимиз бу илм талабидир. Аллоҳ инъом этган ҳар қайси неъматни берсангиз ноқис бўлади. Илм эса унинг акси. Қанча тарқатсангиз шунча зиёда ва пухталашиб бораверади.
Жамиятимизда илм эгаси бўлган инсоннинг дунёқараши ҳам, ахлоқ-одоби ҳам ўзгача бўлади. Аллоҳ таоло Каломида:
“Билганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми!?” (Зумар сураси 9-оят). Яъни: билим эгаси, илмлилар жоҳиллар билан асло тенг бўлмайди.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِير
“Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илмга берилганларнинг даражаларини коътарур. Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир”.
(Мужодала сураси 11-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илм ёълидаги инсонларни шундай мадҳ этадилар:
مَن سلَكَ طريقًا يلتَمِسُ فيهِ علمًا ، سَهَّلَ اللَّهُ لَهُ طريقًا إلى الجنَّةِ ، وإنَّ الملائِكَةَ لتَضعُ أجنحتَها لطالِبِ العلمِ رضًا بما يصنعُ وإنَّ العالم ليستغفِرُ لَهُ مَن في السَّمواتِ ومن في الأرضِ ، حتَّى الحيتانِ في الماءِ ، وفضلَ العالمِ على العابدِ كفَضلِ القمرِ على سائرِ الكواكبِ ، وإنَّ العُلَماءَ ورثةُ الأنبياءِ إنَّ الأنبياءَ لم يورِّثوا دينارًا ولا درهمًا إنَّما ورَّثوا العلمَ فمَن أخذَهُ أخذَ بحظٍّ وافرٍ
“ким илм йўлида бўлса, Аллоҳ жаннат ёълини унга осон қилади. Фаришталар толиби илм учун қилаётган ишидан рози бўлиб, қанотларини тўшайди. Албатта, олим учун ер-у кўкдаги барча нарсалар, ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Бир олимнинг илмсиз ибодатлига нисбатан фазли, худди ойнинг юлдузларга нисбатан бўлган фазли кабидир. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг ворисларидир. Албатта, пайғамбарлар динор ва дирҳам мерос қилиб қолдирмай, илмни қолдирганлар. Ким у илмдан олса, ўз насибасини тўлиқ олибди (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Ушбу ҳадис илм талабидаги инсонларга берилажак барча мукофотларни қамраб олган десак муболаға бўлмайди.
Илмнинг ҳаётимиздаги ўрни ва заруратига тўхталиб ўтадиган бўлсак. Оила жамият пойдевори демакдир. Оиланинг мустаҳкамлиги, болалар тарбияси, эр-хотин ва бошқа қайна-қайноталар орасидаги муносабатларнинг равон бўлиши учун илм зарур. Худони таниган, ўқимишли ва зиёли йигит-қизлар ўзаро турмуш қурсалар, уларнинг орасида муҳаббат бўлади. Машаққатли кунларда ҳар бир масалага муносиб ечим қилади. ўзаро илм асосидаги ахлоқ билан муносабатда бўлиб, зулм қилишдан чекланади. Жоҳил ва билимсиз оилалар эса, жанжал, тўполон ва кўп зиддиятга боришдан тап тортишмайди.
Шу сабаб буюк бобомиз Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Илмдан ўзга нажот йўқ ва бўлмагай”.
Олимлар айтади: “ким дунё азизлигини истаса, илм олсин. Ким охират азизлигини истаса, илм олсин. Ким икки дунёда ҳам азиз боълишни истаса, илм олсин”.
Илм чиндан ҳаётимиздаги энг муҳим омил. Бироқ, унинг ҳам бизга фойда келтирмайдиган қисми ҳам бор.
Бу ҳақида Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг бир дуоларини кўришимиз мумкин:
اللَّهمَّ إني أعوذُ بك من علمٍ لا ينفعُ ، ومن قلبٍ لا يخشعُ ، ومن نفسٍ لا تشبعُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дуо қилар эдилар:
“Эй Аллоҳим, Сендан манфаатсиз илмдан, қўрқмайдиган қалбдан, тўймайдиган (очкўз) нафсдан паноҳ сўрайман”.
Бундан кўринадики, илмнинг зарарли қисми ҳам бор экан. Бизни ҳақдан узоқлаштирадиган, жамият ривожига тўсиқ бўладиган ва инсонларга фойда келтирмайдиган илмлар манфаатсиз, зарарли илмлардир.
Хулоса қилиб айтганда, инсон илм билан Аллоҳнинг наздида фариштадан ҳам юқори даражада бўлиши, дунёда эса одамлар орасида обрўли, зиёли ва оилада тотув яшашини таъминлайди. Жаннатга олиб борувчи энг осон йўл. шу билан зарали илмлардан ҳам паноҳ сўраш керак. Икки дунёда саодатга эришиш истасангиз, илм истанг дўстим.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
1. Қуръони карим.
2. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Тафсири ҳилол”, Ҳилол нашр, Тошкент. 2008.
3. Имом Бурҳониддин Зарнужий, “Таълим ул-мутаъаллим тариқ ат-таъаллум”, Рамадҳон, Индонезия. 2009.
4. Муҳаммад Аввома, “Маолимул Иршодийя”, Дорул юср, 2013.
5. Муҳаммадбобур Муҳиддинов ва Муҳаммадюнус Муҳаммадмусо, “Ҳар мўминнинг орзуси”, Мурувватли-дил пресс, 2026.
Нажмиддин домла Ҳасанов
«Ҳасанхон қори» жоме масжиди имом-хатиби
Париж шаҳрида ЮНЕСКО Бош қароргоҳида 7 октябрь куни "Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий-илмий мероси ва маърифатнинг уфқлари" мавзусида анжуман бўлиб ўтди, хабар бермоқда iccu.uz.
Тадбир доирасида Ислом тарихи, илм-фани ва маданияти, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси, бой маънавий мероснинг замонавий тараққиётдаги ўрни ҳамда маданиятлараро мулоқот масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази — IRCICA Бош директори, профессор доктор Маҳмуд Эрол Килич “Маънавий-маърифий мерос ва замонавий тараққиёт” мавзусида маъруза қилди.
Маърузачи ўз нутқида ўтмишнинг илмий, маънавий ва маданий меросини ўрганиш инсоният учун нафақат тарихий хотирани асраш, балки тинчлик, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, турли халқлар ва маданиятларнинг умуминсоний цивилизацияга қўшган ҳиссини холисона ўрганиш инсониятнинг умумий билим ва тажрибасини янада чуқурроқ англаш имконини беради. Айниқса, буюк олимлар, файласуфлар ва мутафаккирларнинг асрлар давомида шаклланган таълимотлари бугунги дунёда маънавият, ахлоқ ва инсонпарварлик қадриятларини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Маҳмуд Эрол Килич Ўзбекистон ҳудуди жаҳон цивилизацияси тарихида алоҳида ўрин тутганини қайд этиб, Мовароуннаҳр, Хуросон ва умуман Марказий Осиё асрлар давомида илм-фан ва маърифатнинг муҳим марказларидан бири бўлганини таъкидлади.
Ўзбекистон ҳудуди цивилизациянинг асосий ўчоқларидан бири бўлиб, бу ерда инсониятнинг турли соҳаларда тўплаган билим ва тажрибалари қабул қилинди, такомиллаштирилди, ривожлантирилди ва кейинги авлодларга етказилди. Турли эътиқод ва маданиятлар уйғун яшаган бу заминда ҳукмдорларнинг илм-фан ва таълимни қўллаб-қувватлаши илмий изланишларнинг ривожига кенг йўл очди. Ана шу муҳитда шаклланган уч муҳим тамойил — турли манбалардан илғор ғояларни қабул қилишга очиқлик, тайёр ақидалардан кўра ақл ва тафаккурга таяниш ҳамда илм-фан ва диний билимларни бирлаштирувчи яхлит билим тушунчаси — бугун ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолмоқда.
Хоразмий, Форобий, Ибн Сино ва Беруний каби буюк алломаларнинг мероси ана шу интеллектуал муҳитнинг юксак натижаси бўлди. Уларнинг илмий қарашлари нафақат Марказий Осиё, балки бутун инсоният тараққиётига улкан таъсир кўрсатди. Шунингдек, Жалолиддин Румий, Нажмиддин Кубро, Яҳё Боку́вий Ширвоний ва Боязид Бистомий каби буюк маънавий алломаларнинг инсонлар ўртасида бирлик, тенглик, тинчлик ва ҳамжиҳатликни тарғиб этган таълимотлари бугун ҳам жаҳон учун муҳим маънавий манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугун ушбу меросни ўрганиш ва унинг замонавий дунё учун аҳамиятини қайта англаш ниҳоятда муҳим. Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари асосида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, Учинчи Ренессанс ғояси ўтмишнинг бой маданий меросидан келажак тараққиёти учун илҳом олишга қаратилган узоқни кўзлаган стратегияни намоён этади. Бу жиҳатдан мазкур форум ҳам алоҳида аҳамиятга эга: у Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан цивилизацион меросни жаҳон илмий ва маданий маконига олиб чиқиш билан бирга, маданий дипломатия, ўзаро тажриба алмашинуви ва халқлар ўртасидаги мулоқотга хизмат қилади.
2026 йил март ойида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан расман очилган Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу кенг кўламли ташаббусларнинг ёрқин намунасидир. Бу Марказ Марказий Осиёнинг исломгача бўлган даврдан замонавий давргача бўлган тарихини намоён этувчи, бой илмий ва маданий меросни бир жойга жамлаган муҳташам мажмуа ҳисобланади. Мен унинг очилиш маросимида иштирок этиш шарафига муяссар бўлдим. Ҳали ушбу марказга ташриф буюрмаган барчани у билан танишишга самимий тавсия қиламан, — деди IRCICA Бош директори Маҳмуд Эрол Килич.
У, шунингдек, IRCICA фаолияти ҳам ушбу мақсадлар билан уйғун эканини қайд этди. Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги халқаро ташкилот сифатида IRCICA 57 та аъзо давлат ўртасида умумий маданий ва тарихий мерос асосида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида билимга асосланган маданий алмашинувларни ривожлантиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Профессор Маҳмуд Эрол Килич Ўзбекистон ва IRCICA ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда сезиларли даражада кенгайганини ҳам қайд этди. Хусусан, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, қатор олий таълим муассасалари билан қўшма илмий ва маърифий лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.
IRCICA Бош директори бундай ҳамкорликлар буюк алломаларнинг илмий ва маънавий меросини бугунги ва келажак авлодларга етказиш, уларнинг ғояларини замонавий дунёда янада кенг тарғиб қилишга хизмат қилишини таъкидлади.
Маҳмуд Эрол Килич Ўзбекистон, ЮНЕСКО ва халқаро ташкилотлар томонидан тадбирни ташкил этишдаги ҳамкорлик, шунингдек, форумда иштирок этган экспертларга миннатдорлик билдирди.
Маълумот учун: IRCICA — Ислом ҳамкорлик ташкилоти тизимидаги халқаро илмий-тадқиқот ва маданий ташкилот бўлиб, ислом тарихи, маданияти, санъати ва цивилизациясини ўрганиш, шунингдек, аъзо давлатлар ўртасида маданий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати