Баҳрайн расмийлари ислом меъморчилигини қайта кўриб чиқиб, янги масжид лойиҳасини маъқуллади. Унга кўра, ушбу масжид футуристик услубда барпо этилади, деб ёзади IslamNews.
Лойиҳа меъмори Али Каримийнинг сўзларига кўра, қурилиш қиймати тахминан 700 000 Баҳрайн динорини ташкил этиб, лойиҳа қиймати худди шундай катталикдаги масжидлардан 10-20 фоизга арзон. Чунки масжид гумбази қуёш нурларини яхши ўтказадиган қилиб бунёд этилмоқда. Бу хонақоҳни ёруғ бўлишига хизмат қилиши баробарида электр энергияни тежаш имконини беради. Бундай услуб масжид қурилишида кенг қўлланилмоқда. Шунингдек, масжид лойиҳасида бир қанча янгиликлар қилинганки, бу намозхонлар учун қулайлик яратади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати