Саудия Арабистони статистика марказининг маълумотларига кўра, 899 353 киши ушбу 2022/1443 йилда расмий равишда ҳаж қилган. Шундан Саудия Арабистонида яшовчи 119434 зиёратчи ва 779919 нафари дунёнинг турли мамлакатларидан келган.
Mynamaz.ru билдиришича, барча ҳожилар сонидан 486458 нафари эркак ва 412895 нафари аёл.
Зиёратчилар араб мамлакатларидан - 21 %, Осиё мамлакатларидан - 53,8% (шу жумладан араб мамлакатлари), Африкадан - 13,2% (шу жумладан араб мамлакатлари) ва Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Австралиядан - 11,6%ни ташкил этди.
Ҳаж маросимига давлат муассасалари ва хусусий ташкилотлардан жами 228 721 киши ташриф буюрди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати