Франциянинг "Musulmans en France" ("Франциядаги мусулмонлар") онлайн газетасида жорий йил май ойида Бухорода ўтказилган "Декларациялар мулоқоти" халқаро форуми ва унинг натижасида қабул қилинган ҳужжатга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.
Форумнинг мақсади виждон ва эътиқод эркинлигини ҳимоя қилиш ва тарғиб қилиш, маърифат ва бағрикенглик маданияти ғояларини илгари суриш, турли дин вакилларининг миллий анъаналарини ҳурмат қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, конструктив мулоқотни мустаҳкамлашдан иборат эди.
Ушбу форум натижалари бўйича иштирокчилар ҳар бир инсоннинг эътиқодини тушуниш ва ҳурмат қилиш низолардан ҳимоя қилишнинг ягона имконияти эканлигини тасдиқловчи бутун инсониятни эътиқодларидан қатъи назар, бағрикенглик, ҳурмат, тинчлик ва бирдамликка чақирувчи декларацияни маъқулладилар ва имзоладилар.
Газетада маълумотларнинг тўлиқ матни тақдим этилди, шунингдек, Бухоро шаҳрининг қадимий ва бой тарихи ҳақида ҳикоя қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати