Рўзадор киши ҳалим бўлиши, ўзгалар билан уришиб тортишмаслиги, жаҳли чиққан вақтда ҳам ўзини қўлга ола билиши рўзанинг одобларидан ҳисобланади. Бу ҳақида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: » الصِّيَامُ جُنَّةٌ إِذَا كَانَ أَحَدُكُمْ صَائِمًا فَلاَ يَرْفُثْ وَلاَ يَجْهَلْ فَإِنِ امْرُؤٌ قَاتَلَهُ أَوْ شَاتَمَهُ فَلْيَقُلْ إِنِّى صَائِمٌ إِنِّى صَائِمٌ «. رَوَاهُ اَبُو دَاوُدَ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза қалқондир. Қачон бирортангиз рўзадор бўлса ёмон гап гапирмасин, жоҳиллик қилмасин. Агар бирор киши у билан урушса ё уни ҳақорат қилса: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин”, дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
Ҳадиси шарифдаги “қалқон” дея таржима қилинган “жуннатун” калимаси луғатда “тўсувчи”, “ҳимоя қилувчи” каби маъноларни англатади. Шунга кўра уламолар ушбу калимадан қандай маъно кўзлангани ҳақида қуйидагиларни айтганлар:
– Рўза, гуноҳ маъсиятлардан ҳимоя қилувчидир. Чунки у туфайли рўзадор танасидаги шайтон юрадиган йўллар бўлган таом ва қон йўллари тораяди. Ана шу эътибордан рўза уни гуноҳлардан ҳимоя қилувчи бўлади;
– Рўза, дўзахдан тўсувчидир. Чунки иймон ва савоб умидида тутилган рўза рўзадорнинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлади. Ана шу эътибордан у дўзахдан тўсувчи бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларининг давомида рўзадорга “ёмон гап гапирмасин”, дея тайинлаганлар. Яъни, бировни ҳақоратлаш, биров устидан кулиш, лаънат айтиш ва фаҳш гапларни гапириш каби шариат ман қилган гаплардан қайтарганлар. Демак, рўзадор киши ҳалим бўлиши, ўзгалар билан уришиб тортишмаслиги, жаҳли чиққан вақтда ҳам ўзини қўлга ола билиши рўзадорнинг одобларидан ҳисобланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадорнинг яна бир сифатини таъкидлаб “жоҳиллик қилмасин”, деганлар. Яъни, рўзадор шариат ман қилган нотўғри сўзларни гапирмасин ва нотўғри ишларни қилмасин. Шунга кўра рўзадор кишини биров уришиб ҳақорат қилган тақдирда ҳам: “мен рўзадорман, мен рўзадорман” дейиши ва унинг ҳақоратига “жавоб” қайтаришдан ўзини тийиши лозим. Ана шунда у рўзанинг ҳурматини сақлаган ҳамда мазкур ҳурмат сабабли ўзига жоҳиллик қилаётган беодоб кимсани ҳам одобга чақирган бўлади.
Демак, рўзадор киши агар мазкур ҳолатларга тушиб қолса, эшитиладиган даражада “мен рўзадорман, мен рўзадорман” дейиши керак. Ана шунда, аввало, ўзининг рўзадор эканини ёдга олиб, шунга муносиб бўлишга ҳаракат қилади. Қолаверса, унга жоҳиллик қилаётган кимсага ҳам рўзанинг ҳурмати туфайли унинг беадабчилигига сабр қилишини, ёмонлигига яраша жавоб бермаслигини билдириб қўяди.
Эътибор бериладиган бўлса аслида рўза бўлмаган пайтларда ҳам уни қилиш мумкин бўлмаган ишлардан рўзада таъкидлаб қайтарилган. Бунинг ҳикмати ҳақида уламолар шундай деганлар: “Инсон бир нарсадан узлуксиз бир ой ўзини сақласа, ўша нарса унинг одатига айланиб мазкур муддатдан кейин ҳам доимо ундан сақланадиган бўлиб қолади”.
Шу маънода ҳозирги кунимизда ҳам айрим муҳим хавфсизликларни инсонларнинг одатларига айлантириш мақсадида баъзи ойларни “ҳаракат хавфсизлиги ойлиги”, ёки “ёнғин хавфсизлиги ойлиги” каби номлар билан аталаётгани барчага маълум бўлган оддий ҳақиқатдир.
Зеро рўзадан кўзланган асосий мақсад бошқа пайт истеъмол қилиш мумкин бўлган ейиш-ичиш каби нарсалардан сақланишдангина иборат эмас, балки нафсни жиловлаш малакасини ҳосил қилишдир.
Демак Рамазон ойида мазкур қайтариқларнинг таъкидланиши фақатгина унинг бошқа ойлардан афзал эканини билдириб қўйиш учун эмас, балки бу ойда одатга айланган ишлар бошқа барча ойларда ҳам бардавом бўлиши учундир. Шунга кўра Рамазонда ўзлаштирилган сифатларни одатларига айлантириб олганларнинг оилаларида ва бундай оилалардан ташкил топган жамиятда тинчлик, тотувлик ва хайру барака бутун йил бўйи давом этади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни дунёда гуноҳлардан, охиратда дўзахдан қалқон бўладиган даржадаги рўза тутиш бахтига муваффақ қилсин.
Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг оилаларию саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!
Абдулқодир Абдур Раҳим
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ: مَا مِنْ مُسْلِمٍ لَهُ وَالِدَانِ مُسْلِمَانِ، يُصْبِحُ إِلَيْهِمَا مُحْتَسِبًا، إِلَّا فَتَحَ لَهُ اللهُ بَابَيْنِ - يَعْنِي الْجَنَّةَ - وَإِنْ كَانَ وَاحِدًا فَوَاحِدٌ. وَإِنْ أَغْضَبَ أَحَدَهُمَا لَمْ يَرْضَ اللهُ عَنْهُ حَتَّى يَرْضَى عَنْهُ. قِيلَ: وَإِنْ ظَلَمَاهُ؟ قَالَ: وَإِنْ ظَلَمَاهُ.
Ибн Аббосдан ривоят қилинади:
«Бир мўмин-мусулмон инсоннинг мусулмон ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса, биттасини очади. Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ўша шахс рози бўлмагунича, ундан Аллоҳ рози бўлмайди».
«Ота-она унга зулм қилган бўлса ҳамми?» дейишди.
(Ибн Аббос) «Зулм қилган бўлсалар ҳам», деди».
Бу ривоятда ҳам ота-онага яхшилик қилишнинг фазли ҳақида сўз бормоқда. Унда бу ишнинг охиратда берадиган самараси баён қилинмоқда.
Ота-онасига савоб умидида яхшилик қилиб тонг оттирган мусулмонга Аллоҳ таоло жаннатнинг икки эшигини очиб қўйиши таъкидланмоқда. Онасига яхшилик қилгани учун бир эшикни ва отасига яхшилик қилгани учун яна бир эшикни очиши эслатилмоқда.
Ота-онанинг иккиси бўлмай, фақат биттаси қолган бўлса ва фарзанд ўша қолганига савоб умидида яхшилик қилиб тонг оттирса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан бир эшик очар экан.
Фарзанд зинҳор ота-онанинг ғазабини чиқармаслиги керак. Чунки
«Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ўша шахс рози бўлмагунича, ундан Аллоҳ рози бўлмайди».
Демак, Аллоҳ таолонинг розилиги ота-онанинг розилигига боғлиқ. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.
Ҳаттоки ота-она фарзандга зулм қилиб турса ҳам, фарзанд уларнинг ғазабига сабаб бўладиган гап-сўз, ҳаракат ва ишларни қилмаслиги матлуб.
Ота-она зулм қилиб турибди, лекин агар фарзанд ўша зулм қилган ота-онанинг ғазабини чиқарган бўлса, Аллоҳ таоло ундан ғазабланар экан. Менга зулм қиляпти, деб ота-онасини норози қилса, бу бандадан Аллоҳ таоло ҳам норози бўлар экан.
Аммо ота-онанинг розилиги ва норозилиги Аллоҳ таолонинг ҳукмидан ташқарига чиқмаслиги шарт. Яъни Аллоҳнинг амрига мувофиқ ишлардагина ота-онага итоат қилинади. Аммо ота-онанинг гапи Аллоҳнинг амрига хилоф бўлса, уларга итоат қилиш вожиб бўлмайди.
Зулм қилсалар ҳам, ота-онага яхшилик қилиш ҳақидаги гап борасида машҳур ҳанафий олимлардан Мулло Али Қори: «Бу айни камолдир. Аммо жоизликнинг асли эътиборидан хотини билан ажрашиш ҳақида амр бўлса, уни талоқ қилиш лозим бўлмайди. Агар ота-она қаттиқ озор топсалар ҳам», деган.
Имом Тоҳавий:
«Фарзанд мубоҳ нарсаларда бўйсунади. Наҳий қилинган нарсаларда эмас», деган.
Тоҳир Фатаний:
«Агар икковлари дунёвий ишларда унга зулм қилишса, кўнади ва бўйсунади, охират ишларида эмас», деган.
Иззуддин Абдуссалом:
«Фарзандга иккисининг итоати ҳар бир амрда ва ҳар бир наҳийда вожиб бўлмаслигига уламолар иттифоқ қилганлар», деган.
Имом Ғаззолий:
«Кўпчилик уламолар ота-онанинг итоати шубҳали нарсаларда вожиблигини айтганлар. Тўлиқ ҳаромда вожиб бўлмайди, чунки шубҳани тарк қилиш вараъга киради. Ота-онанинг итоати эса мажбурийдир», деганлар.
Уламолар яна қуйидагиларни айтадилар:
"Агар ота-онанинг ҳаққига бараварига риоя қилиш мумкин бўлмай қолса, улуғлаш ва эҳтиром маъносида ота устун қўйилади, чунки насаб ундандир. Хизмат ва инъом юзасидан онанинг ҳаққи устун қўйилади. Мисол учун, ота-она ташқаридан кириб келганда ота учун ўриндан турилади. Фарзанд бирор нарса ҳадя қиладиган бўлса, онасидан бошлайди. Фарзанд ота-онадан фақат биттасига нафақа беришга қодир бўлса, онасига беради".
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Ота-онага яхшилик қилиш зарур экани.
2. Ота-онага яхшилик қилган киши охиратда мукофот олиши.
3. Ота-онага яхшилик қилган кишига жаннат эшикларидан икки эшик очилиши.
4. Ота-онадан бирига яхшилик қилган кишига жаннатдан бир эшик очилиши.
5. Ота-онанинг ғазабини чиқарган одамдан Аллоҳ таолонинг ғазабланиши.
6. Ота-она розилигини топган одам Аллоҳ таолонинг розилигини топиши.
7. Ота-она зулм қилган бўлса ҳам, фарзанд уларга яхшилик қилишда бардавом бўлиши лозимлиги.
«Одоблар хазинаси» китоби 1-жуз