Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Ноябр, 2026   |   13 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:57
Қуёш
07:15
Пешин
12:15
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:17
Bismillah
23 Ноябр, 2026, 13 Жумадул сони, 1448

Роббингнинг неъматлари

14.02.2024   5820   4 min.
Роббингнинг неъматлари

Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг раҳматини оловда топди, қавми уни оловга улоқтирганда Аллоҳ оловга: “Иброҳим учун совуқ ва саломатлик бўл”, деб буюрди, шунда олов Иброҳим алайҳиссаломга Аллоҳнинг раҳмати бўлди.

Юсуф алайҳиссалом Аллоҳнинг раҳматини қамоқда, маҳбусликда топди. Ҳамма неъматлар қамоққа тушгани сабабли бўлди. Қамоқда бир неча йил ўтиргандан сўнг Миср ҳокими уни ўз ҳузурига чақириб олди ва мавқеи тобора ошиб, охири Мисрга ҳоким бўлди.

Юнус алайҳиссалом Аллоҳнинг раҳматини улкан балиқнинг ичида топди. Балиқ ютиб юбориши аслида ҳаёт тугашини билдиради, лекин Юнус алайҳиссаломда аксинча, янги ҳаёт бошланди.

Мусо алайҳиссалом учун денгиз Аллоҳнинг раҳмати бўлди.

Каҳф асҳоблари учун ғор Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун Савр ғори Аллоҳнинг раҳмати бўлди.

Бу санаб ўтилган нарсалар аслини олганда одамга зарар берадиган ёхуд фойдасиздек кўринадиган нарсалардир. Лекин Аллоҳ таоло айнан шу нарсалар орқали раҳматини, неъматини ато этди.

Шу сингари бошқа барча эшикларни қўйиб, Аллоҳнинг эшигини қоққан барча мўминлар ҳам Аллоҳнинг раҳматига албатта сазовор бўладилар.

Аллоҳ Марямга Ўзининг неъматларини ёғдирди. Ҳолбуки у одамлардан узоқ жойда эди. “Бас, унга ҳомиладор бўлди. Сўнгра, у билан узоқ маконга четланди” (Марям сураси, 22-оят).

Демак, одамларнинг ёрдамидан, сизга тиргак бўлишидан қанча узоқ бўлсангиз ҳам, Роббингиз неъматлари ва раҳматларидан асло узоқ бўлмайсиз!

Синган қалбимизни даволайдиган Зот фақат Аллоҳдир!

Ишларимизни ўнглаб берувчи Зот фақат Раҳмондир!

Кўз-ёшларимизни аритадиган Зот Ягона Роббимиздир!

Қалбингиз синиб, қаттиқ маҳзунликни ўзингизда ҳис этсангиз, Жаббор (малҳам берувчи) бўлган Аллоҳдан сизга малҳам беришини сўранг!

Оғриғингиз қанчалик ортса, Аллоҳнинг малҳами ҳам ортади!

Лекин Аллоҳнинг раҳматини қарангки, гуноҳимиз қанча кўпайиб кетса ҳам азобини орттирмайди, аксинча раҳматини кенг очиб қўяди: “Раҳматим ҳамма нарсадан кенг бўлди” (Аъроф сураси, 156-оят).

Гуноҳ ҳам шу ҳамма нарсанинг ичига киради. Демак, Аллоҳнинг раҳмати ҳамма гуноҳларимиздан ҳам кенг экан, тавба қили Унга юзлансак кечирар, раҳм қилар экан!

Қанчадан-қанча неъматлар банданинг нонкўрлиги туфайли балога айланади!

Қанчадан-қанча машаққат ва қийинчиликларга банда сабр қилса, улар неъматга айланади! Аниқроғи Аллоҳ уни неъматга айлантиради.

Аллоҳ таоло “Ғафур” (ўта мағфиратли) исмини “Вадуд” (яхши кўрувчи, меҳрибон) исми билан бирга келтиради: “У ўта мағфиратли ва яхшиликни раво кўрувчи Зотдир” (Буруж сураси, 14-оят).

Бундан маълум бўладики, Аллоҳ таоло тавба қилган бандасининг гуноҳини кечириш билан кифояланмас экан, уни яхши кўрар ва меҳрибонлик қилар экан!

Сиз Роббингиз томон қўлингизни чўзсангиз, Унинг неъмати нақадар гўзалдир! Шу даражада ажойибки, амри маҳол деб ўйлаган ишингиз ҳам рўёбга чиқади! Сиз Аллоҳга ёлвориб қўлингизни чўзар экансиз, Аллоҳ қўлингизни қуруқ қайтармайди, У ўта саховатли Зот!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

 «Биз ўқисак, болаларимиз ҳам ўқийди»: икки янги асар тақдимотида ушбу чақириқ янгради

23.11.2026   4729   5 min.
 «Биз ўқисак, болаларимиз ҳам ўқийди»: икки янги асар тақдимотида ушбу чақириқ янгради

#xabar #taqdimot #kitob
 Тошкент шаҳридаги «Ислом ота» жоме масжиди залида икки янги маърифий асар – Яшнобод тумани «Пул емас ота» жоме масжиди имом ноиби Хайруллоҳ домла Тоғаевнинг «Ризқ эшиги...» («Имомнинг ён дафтари») ҳамда Абдувоҳид домла Ўрозовнинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг машҳур мўъжизалари» китоблари тақдимоти ўтказилди.

 Тадбирда Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилояти имом-хатиблари, шифокор ва тилшунос зиёлилар ҳамда китобсевар меҳмонлар қатнашди.

Бошловчи Абдувоҳид домла йиғилганларни ташриф билан қутлади. Сўнг Қуръони карим тиловат этилиб, ўтган уламолар ва устозлар руҳониятига бағишлаб хайрли дуолар қилинди.

 Абдувоҳид домла Ўрозов «Ризқ эшиги...» муаллифнинг кўп йиллик имомлик тажрибаси ва ҳаётий кузатувлари маҳсули эканини айтиб, илк сўзни Бектемир тумани бош имом-хатиби Пўлатхон домлага берди. Маърузачи юртимизда барпо этилаётган Имом Бухорий ва Бурҳониддин Марғиноний мажмуалари, Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ҳаж ва Умра шароитларига шукр қилиш лозимлигини билдириб, Хайруллоҳ домланинг «Пул емас ота» масжидини обод этишдаги меҳнатларини эътироф этди:
 

— «Аҳолимиз салкам 40 миллионга етиб, 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил қилмоқда. Динимизда касб-ҳунар эгаллаш фарз, текинхўрлик эса қораланган. Ҳазрати Нақшбанднинг "Дил ба ёру, даст ба кор" шиори барчамизга ўрнак. Бу китоб ёшларни енгил-елпи йўллардан асраб, ҳалол меҳнатга чорлайди».


Сўнг бошловчи илмни ёзиб мустаҳкамлаш ҳақидаги ҳадисни эслаш баробарида сўз навбатини Қашқадарё вилояти Қарши тумани бош имом-хатиби Холмурод домла Боймуродовга берди. Ҳар икки китобни тун давомида ўқиб чиққанини айтган Холмурод домла асарлар содда ва равон тилда битилганини, «Ризқ эшиги...» муқовасидаги хурмо ва ўзидан 30–50 баробар оғир юк кўтара оладиган чумоли тасвири чуқур рамзий маънога эгалигини таъкидлаб, китоб ёзишни игна билан қудуқ қазишдек машаққатли меҳнатга қиёслади.

 Навбат сўзни Абдувоҳид домла шифокор Шокирхон ҳожи ака (Шокир Қосимов)га берди. Китобхон сифатида фикр билдирган Шокир Қосимов «Ризқ эшиги...»га Шайх Абдулазиз Мансур тақриз ёзгани унинг салмоғини оширганини айтди:
 

— «Китобни бир нафасда ўқиб, яқинларимга ҳам улашдим. Ишсизлик ва миграция масалалари долзарб бугунги кунда бу рисола айни муддао. Ундан оилавий давралар ва маҳаллаларда фойдаланиш, қорақалпоқ, қозоқ, тожик тилларига таржима қилиш ҳамда тақдимот хабарини "Ислом нури" газетасида ёритиш жуда фойдали бўлади».


 Шундан кейин сўз олган Қарши тумани «Ҳожи Хизр» жоме масжиди имом-хатиби Анвархон домла Зебаров пайғамбарларга ўз даврининг энг ривожланган соҳасига мос мўъжизалар берилганини, Насафий, Марғиноний ва Имом Бухорий каби алломалар ёзиб қолдирган асарлар бугун бутун дунёга хизмат қилаётганини сўзлаб, қалам аҳли ва уларга ҳомийлик қилувчиларни доимо қўллаб-қувватлашга чақирди.

 Бошловчи устоз Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларининг салом ва дуоларини етказгач, фахрий меҳмон, тилшунос Абдурашид ҳожи акага сўз берди. У киши «оппоқ сутдек пок яшаш» тамойили динимиз билан чамбарчас эканини, пайғамбарларнинг касб-кори ва Сарвари коинот сифатларини содда тилда ёритган бу китоблар келажак авлод тарбияси учун хизмат қилишини билдирди.

 Кейинги навбатда сўзга чиққан Тошкент шаҳри «Аҳмад Яссавий» жоме масжиди имом-хатиби Алимардон домла ҳамда имом-хатиб Абдурауф домла ризққа Аллоҳ кафил экани, уни ноҳалол йўллар билан эмас, ҳалол меҳнат билан талаб қилиш шартлиги хусусида фикр юритди. Уларнинг сўзларини давом эттирган Абдувоҳид домла отаси бир пайтлар битта Қуръонни уч яшар ҳўкиз эвазига сотиб олганини эслаб, бугунги китоб сероблигига шукрона айтди. Қўшимча сўз олган Пўлатхон домла эса оилада шахсий ўрнакка урғу берди:
 

— «Бу китобларни шкафда чанг бостириб қўймай, дастурхон атрофида фарзанд ва набираларимиз олдида ўзимиз ўқийлик. Биз ўқисак, улар ҳам ўқийди; ўзимиз ўқимасак, қуруқ насиҳат кор қилмайди».


 Тақдимот сўнгида «Ризқ эшиги...» муаллифи Хайруллоҳ домла Тоғаев барча меҳмонларга ва китобни нашрга тайёрлашда кўмаклашган нашриёт вакилларига миннатдорлик билдирди:

— «"Янгиобод" масжидида ишлаганимда 78 ёшли бир отахон ҳарф танимаган ҳолда дарсга келиб, бир ярим йилга бормай Қуръонни равон ўқийдиган бўлдилар. Ҳар бир оилада ҳафтада ҳеч бўлмаганда бир-икки бор давра қуриб, фарзандларга ҳалол луқма ва шубҳадан сақланиш ҳақида суҳбат қилиш жуда муҳим».


 Якунда Абдувоҳид Ўрозов домла иштирокчиларга миннатдорлик билдириб, ҳар икки китобдан ҳадя этилишини маълум қилди. Тадбир Қуръони карим тиловати ҳамда юртимиз тинчлиги ва уламоларимиз хизматига барака тилаб қилинган дуо билан ўз ниҳоясига етди. 
 

Ўз мухбиримиз

 «Биз ўқисак, болаларимиз ҳам ўқийди»: икки янги асар тақдимотида ушбу чақириқ янгради  «Биз ўқисак, болаларимиз ҳам ўқийди»: икки янги асар тақдимотида ушбу чақириқ янгради  «Биз ўқисак, болаларимиз ҳам ўқийди»: икки янги асар тақдимотида ушбу чақириқ янгради  «Биз ўқисак, болаларимиз ҳам ўқийди»: икки янги асар тақдимотида ушбу чақириқ янгради  «Биз ўқисак, болаларимиз ҳам ўқийди»: икки янги асар тақдимотида ушбу чақириқ янгради  «Биз ўқисак, болаларимиз ҳам ўқийди»: икки янги асар тақдимотида ушбу чақириқ янгради  «Биз ўқисак, болаларимиз ҳам ўқийди»: икки янги асар тақдимотида ушбу чақириқ янгради  «Биз ўқисак, болаларимиз ҳам ўқийди»: икки янги асар тақдимотида ушбу чақириқ янгради  «Биз ўқисак, болаларимиз ҳам ўқийди»: икки янги асар тақдимотида ушбу чақириқ янгради  «Биз ўқисак, болаларимиз ҳам ўқийди»: икки янги асар тақдимотида ушбу чақириқ янгради  «Биз ўқисак, болаларимиз ҳам ўқийди»: икки янги асар тақдимотида ушбу чақириқ янгради  «Биз ўқисак, болаларимиз ҳам ўқийди»: икки янги асар тақдимотида ушбу чақириқ янгради  «Биз ўқисак, болаларимиз ҳам ўқийди»: икки янги асар тақдимотида ушбу чақириқ янгради
Ўзбекистон янгиликлари