Бугун, 17 ноябрь куни Қирғизистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Замир ҳожи Ракиев бошчилигидаги бир гуруҳ уламоларни Хўжаобод тумани Дўстлик чегара пости орқали Андижон вилоятига ташриф буюрди.
Мартабали меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳамда Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимовлар кутиб олишди.
Андижон вилоятининг Бош масжиди – "Девонабой" жомесида икки қардош халқ уламолари иштирокида учрашув ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков меҳмонларни ташриф билан қутлаб, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларининг салом ва ҳадяларини етказди.
* * *
Кунинг иккинчи яримида Қирғизистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Замир Ракиев, Қирғизистон Ислом университети ректори Абдушукур Норматов, муфтий маслаҳатчиси Абдубанноп Мусалиев, Ўш шаҳар қозиси Убайдулла Сарибаев, таниқли олим Абдулазиз Юлдашев каби бир гуруҳ уламолар Фарғона вилоятига ташриф буюришди. Меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев бошчилигидаги мутасаддилар кутиб олишди.
Дастлаб, меҳмонлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққанлар икки қўшни ва қардош юрт ўртасидаги муносабатлар, ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, икки юрт раҳбарлари ва халқлари доимо ана шундай дўстона руҳда эмин-эркин ҳаёт кечиришларини сўраб дуога қўл очдилар.
Шундан сўнг Марғилон шаҳридаги "Ҳунармандлар маркази"га ташриф қилиниб, бу ерда олиб борилаётган ишлар билан танишаркан, қўли гул ҳунармандлар томонидан ажиб бир синоат ила тўқилаётган бежирим матолар ҳамда бу ердаги жараён меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Меҳмонларнинг навбатдаги ташриф манзили "Пур Сиддиқ" мажмуаси бўлди. Мажмуада тиловат қилиниб, ўтган азизлар ҳаққига дуо қилинди.
* * *
Кунинг якунида Қирғизистон муфтийси бошчилигидаги уламолар Наманган вилоятига ташриф буюришди
Мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, фуқароларга яратиб берилаётган шароитлар билан яқиндан танишиш мақсадида Қирғизистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Замир Ракиев бошчилигидаги уламолар делегацияси Наманган шаҳридаги Афсоналар водийсида жойлашган “Юсуфхон ўғли Қосимхон” масжидига келдилар.
Меҳмонлар Ўрта Осиёда ўхшаши йўқ бўлган, давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг диний соҳада олиб бораётган ислоҳотлари самараси ўлароқ қурилган масжидда мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг фаровонлиги учун дуо қилдилар ҳамда икки мамлакат ўртасида диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлик бўйича келишиб олдилар.
Қирғизистонлик уламоларнинг юртимизга ташрифи давом этмоқда.
Ташриф тафсилотларини сайт ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимизда кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Мана, бу йилги Ҳаж сафарини адо қилиш учун юртимиздан отланган барча зиёратчилар муқаддас амалларни бажариб, эсон-омон ватанга қайтдилар. Бу улуғ сафар ниҳоя топган бўлсада, унинг хотираси доимо ёдда қолади.
Юртимиздан 15 000 дан зиёд, Фарғона вилоятидан эса 1600 дан ортиқ мўмин-мусулмонлар Ҳаж амалларини адо этдилар. Зиёратда бўлган ҳожиларнинг айримлари таассуротларини бўлишди.
Иброҳимжон Рустамов:
– Ҳожиларнинг улуғ сафарга йўл олишида ҳужжат ишларидан тортиб, шифокор кўригидан ўтишгача барча жараёнлар тизимли ва хавфсиз ташкил этилди. Мадинаи мунавварага келиб, амалларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаларига кириш билан бошлаш биз учун жуда хурсандлик бағишлади. Ўзимизнинг ва юборилган саломларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда ҳазрати Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳуларга етказдик. Дуоларда юртимиз тинчлиги, эл фаровонлиги, яқинларимиз ва барча юртдошларимизнинг хайрли ҳолати учун илтижо қилдик.
Зиёратлар чоғида Уҳуд ва Қубо масжиди, икки қиблали масжид ва бошқа муқаддас жойлар саёҳат қилинди. Илмий суҳбатлар ва тарихий воқеалар қалбимизга чуқур таъсир қилди. Мадинадаги вақтимиз ибодат билан ўтди.
Маккаи мукаррамага автобусларда “Лаббайка” садолари остида йўл олдик ва шу куниёқ гуруҳимиз билан тўлиқ Умра ибодатини адо этдик. Мино, Арофот, Муздалифа ва Каъба атрофидаги ибодатлар давомида жамоавий дуо ва зикрлар билан тавоф қилиш, гуруҳимиз тартиби ҳамда бирдамлиги бошқалар учун ҳам ибрат бўлди.
Шу улуғ сафарда ўзимни мусулмон ва ўзбекистонлик сифатида бахтли ҳис этдим. Ҳотиржам ибодат қилишимга яратилган имкониятлар учун юрагимдан шукроналар айтдим. Гуруҳимиздаги ҳар бир зиёратчи юрт тинчлиги, оилалар баракати, фарзандлар саодати учун чин дилдан дуо қилди.
Бу сафар биз учун буюк имконият бўлди. Барча ташкилотчилар, йўлбошчилар, хизматчилар ва, албатта, давлатимиз раҳбариятига чуқур миннатдорлик изҳор этамиз. Келгусида манавият тарғиботчиси сифатида ватанимга ва халқимга сидқидилдан хизмат қилишда давом этаман, инша Аллоҳ.
Қурбонали Арипов:
— Ҳаж сафари жуда чиройли ўтди. Жуда ҳам ҳурсандмиз. Президентимизга шундай шароитларни яратиб берганликлари учун миннатдорчилик билдирамиз. Юртимиз учун дуолар қилдик, муқаддас зиёратни адо этишга имкон бўлган кунларга шукроналар айтамиз. Эндиликда маҳалламизда ёшларга таълим-тарбия беришда, маънавият тарғиботида фаол иштирок этамиз. Эзгу ишларга бош-қош бўлишга ҳаракат қиламиз.
Ҳожиларнинг улуғ сафарга келишида ҳужжат тайёрлашдан тортиб шифокор кўригидан ўтишда тизимли иш ташкил этиб, намунали ҳолда хавфсизлигимизни таъминлаб, бизни сафарга кузатишди.
Толибжон Ўрмонов:
— Мен аввал зиёратга борганлардан эшитган-билганларимга таққосласам, буйилги зиёрат умуман ўзгача бўлди. Ишчи гуруҳ, эликбошилар хизматини алоҳида қайд этиш керак. Давлат раҳбарининг ҳожиларга берган эътибори ҳаммани хурсанд қилди.
Муборакхон Иномова:
— Таассуротларимни тил билан ифодалай олмайман, Мадинаи мунаввара, Маккаи мукаррама каби улуғ даргоҳларга аввало қадамим етгани мен учун катта бахт. Айниқса, юртбошимизни бизни ортимизда туриб ҳол-аҳвол сўрагани, бизга табрик йўллаганларидан кўзимга ёш олдим. Жуда ҳам қувондим, шундай президентим борлигидан.
Қайси бир ҳожи билан суҳбатлашманг юзида хурсандчилик ва шукроналик ифодасини кўрасиз. Аллоҳ барчаларини ибодату дуоларини қабул қилсин!
Раҳматуллоҳ Жалилов
тайёрлади