Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Июл, 2025   |   18 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:20
Қуёш
05:01
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
20:00
Хуфтон
21:33
Bismillah
13 Июл, 2025, 18 Муҳаррам, 1447

Ислом – бағрикенг дин

17.11.2021   2908   6 min.
Ислом – бағрикенг дин

Ислом дини ўз номи билан “тинчлик” динидир. Мусулмонларнинг шиори бўлмиш ўзаро саломлашув иборасида ҳам бир-бирларига тинчлик тилаш маънолари бор. Ислом динида нафақат мусулмонлар ўртасида, балки бошқа дин вакиллари билан ҳам тинч-тотув яшашликка тарғиб қлинган. Жумладан, Қуръони каримда:


لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ أَنْ تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ

яъни: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”, дейилган (Мумтаҳани сураси, 8-оят).
Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва дин вакилларига яхши муносабатда бўлишга буюради ва уларга нисбатан адолатли бўлиш лозимлигини таъкидлайди. Жумладан, самарқандлик фақиҳ Абу Лайс Самарқандий “Баҳрул улум” номли тафсир китобида ушбу оят тафсирида: “Ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”, деб қайд қилган.
Мовароуннаҳрлик машҳур муфассир Абул Баракот Насафий “Мадорикут танзил” асарида мазкур оят шарҳида: “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг, уларга сўз билан ҳам, иш билан ҳам яхши муомалада бўлинг”, деб баён этганлар.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига туширганлар ва “улар бизнинг саҳобаларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен ўзим уларни иззат-икром қилишни хуш кўраман”, деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар. Шунингдек, У зот элчи бўлиб келган Нажрон насороларини ҳам ўз масжидларида ибодат қилишларига рухсат берганлар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин ҳам, у зот бошлаб берган бошқа дин вакиллари билан яхши муомалада бўлиш анъанаси давом этди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида Илиё аҳли насронийларига ўзлари сўраганларидан ҳам кўп имкониятлар берилган. Мана бу ҳам Исломдаги бағрикенгликнинг яққол намунасидир.
Тарихчилар Ҳорун ар-Рашид давридаги бағрикенгликни шундай изоҳлашган: “Масиҳийлар, яҳудийлар ва мусулмонлар ҳукумат ишларида бирга ишлар эдилар”. Халифа Маъмун ўз академиясига турли дин ва мазҳаб соҳибларидан бўлган олимларни тўплаб, уларга: “Илмдан нимани хоҳласангиз, баҳс қилаверинглар, фақат тоифачилик келиб чиқмаслиги учун ҳар ким ўз диний китобидан далил келтирмаса, бўлди”, – деган экан.
Ҳозирги кунда ўзларига динни ниқоб қилиб олиб, инсониятга қарши ваҳшиёна жиноятлар содир этаётган ҳар хил тоифадаги террористлар ҳаракати нафақат Ислом дини нуқтаи назаридан, балки бошқа динлар томонидан ҳам қораланади. Чунки, Аллоҳ таоло инсонларни ер юзида иноқ, тинч, осойишта яшашларига, она заминни вайрон эмас, балки обод қилишга буюрган. Шундай экан, ундайларнинг бу манфур ишларидан Аллоҳ таоло ҳам норозидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:


يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ

яъни: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Ушбу ояти каримадан кўриниб турибдики, Ислом дини инсонларнинг асли бир эканлигини таъкидлайди, шунинг учун уларни дунёда бир ота-онанинг фарзандларидек ҳаёт кечиришга чақирмоқда. Ислом динида биродарлик, яхши ишларда ўзаро ҳамкорлик қилиш, ёмон ва гуноҳ ишларда ҳамкорлик қилмаслик, ҳусни хулқ, ростгўйлик, самимийлик каби инсон камолоти учун зарур бўлган маънавий қадриятлар ўз ифодасини топган. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳам ўз рисолатлари моҳиятини ифодалаб:


إنما بعثتُ لأتممَ مكارمَ الأخلاقِ

яъни: “Мен фақат гўзал хулқларни тамомига етказиш учун юборилганман”, деганлар (Имом Молик ривояти).

Ислом дини нуқтаи назаридан бағрикенглик тушунчаси жуда чуқур маъноларга эга. Диний бағрикенглик деганда, авваламбор, динда ҳеч қандай ҳараж ва машаққат йўқ, яъни диндор бўлишлик ҳамма учун ҳам қулай, динда ҳеч кимга тоқатидан ортиқ машаққатли иш буюрилмайди, деган тушунча ҳосил бўлмоғи лозим. Баъзи ўзларини диндор қилиб кўрсатишни хоҳловчи баъзи бир кимсалар ҳаддан ташқари такаллуфга берилиб, динда қатъий буюрилмаган, балки мустаҳаб бўлган амалларни маҳкам ушлаб, ўзларини қийнаб қўядилар. Бундайлар охир оқибат диндан безиб қолишлари эҳтимоли бор.
Қолаверса, диний бағрикенглик деганда, динлараро муносабатларни яхшилаш, ўзаро ҳурмат ва эҳтиромни шакллантириш тушунилади. Мусулмонлар назарида насроний ва яҳудий динлари ҳам самовий, яъни Аллоҳ томонидан Унинг пайғамбарларига нозил қилинган диндир. Ислом динида эса, ўтган барча пайғамбарларга ва динларга ҳурмат назари билан қаралади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:


قُولُوا آَمَنَّا بِاللَّهِ وَمَا أُنْزِلَ إِلَيْنَا وَمَا أُنْزِلَ إِلَى إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ وَالْأَسْبَاطِ وَمَا أُوتِيَ مُوسَى وَعِيسَى وَمَا أُوتِيَ النَّبِيُّونَ مِنْ رَبِّهِمْ لَا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِنْهُمْ وَنَحْنُ لَهُ مُسْلِمُونَ

яъни: “Айтингиз (эй, мўминлар!): “Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарса (Китоб)га, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодларига нозил қилинган нарсаларга, Мусога, Исога ва (барча) пайғамбарларга Парвардигорларидан берилган нарсаларга имон келтирдик (ишондик). Биз улар ўртасидан бирортасини (пайғамбар эмас деб) ажратиб қўймаймиз ва биз Унга (Аллоҳга) бўйин сунувчилармиз” (Бақара сураси, 136-оят).
Бизнинг кўпмиллатли диёримизда диний бағрикенглик ўз ифодасини топган. Барча дин пешволари ўзаро диний байрамларида бир-бирларини табриклаб ўзаро ҳурматларини бажо келтиришади. Табиийки, бу ўша дин вакилларида ҳам ижобий тушунчаларни пайдо бўлишига сабаб бўлади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари

Ҳомиджон Ишматбеков

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Қуръони каримни 82 йил қалбида сақлаган олим

11.07.2025   6298   3 min.
Қуръони каримни 82 йил қалбида сақлаган олим

Хотира

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Қуръони Карим ходими, устоз Яҳё қори Турдиев 1930 йил 21 декабрда Шарқий Туркистоннинг Қашқар вилояти Янгисор шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. У 1943 йил Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди.

1962-1968 йиллар давомида Мир Араб мадрасасида таҳсил олди.

1978-1984 йилларда Ўртачирчиқ туманидаги Тўйтепа жомеъ масжидида имом-хатиблик қилди.

1988 йилдан Тошкент (ҳозирги Зангиота) туманидаги Кўктерак масжидига имомлик қилди.

1995-2011 йиллар шу тумандаги «Ҳасанбой ота» жомеъ масжидида имом хатиб, кейинчалик шу масжидда имом ноиби бўлиб эл хизматида фаолият юритди.

Қуръондан илк сабоқларни ота-онасидан олди. 13 ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди. Шунингдек, устозлари Абдуҳалил ва Абдунодир домлалардан ҳам таълим олган.

1954 йил Яҳё қорини олим бўлишини истаган отаси 1600 км узоқликда жойлашган Рўзиҳожи мадрасасига олиб борди. У ерда Ҳиндистонда таълим олган шайх Шоҳимардон исмли етук олимдан илм олди,

1960 йилда мадрасани тамомлаб, домла Шоҳимардоннинг ёнида мударрис  бўлиб ишлади. Бироқ шу йилнинг ўзида устозининг маслаҳати билан собиқ Иттифоққа йўл олиб, Андижонда қўним топди.

1962 йилда Мир Араб мадрасасига ўқишга кирди.

1968 йил мадрасани тугаллагач, Тошкент вилоятидаги Бектемир қишлоғига кўчиб келди. Бу ерда ўн йилдан ортиқ комбинатда ишлади. Шу орада Қашқарда устозлик қилган минглаб қориларни чиқарган Абдулазиз қори Маҳмудов билан яна устоз-шогирдлик муносабатларини йўлга қўйди.

1976 йилда шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон билан танишди. У кишининг таклифи билан 1977 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига ишга кирди. Шу тариқа имомлик фаолияти бошланди.

Фарзандим қори бўлсин деган ота-оналар учун устоз Яҳё қоридан тавсия:

— Илм аҳлига ҳавас қилган, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналарга айтадиган биринчи тавсиям луқмасини ҳалол қилсин. Ҳаромга яқинлашмасин, ҳалол нарсани ҳам меъёрида истеъмол қилсин. Шунингдек, фарзандини ҳам ҳалол луқма билан вояга етказсин, тарбияласин. Домлаларимиз кўча-куйда таом истеъмол қилганимизни билиб қолсалар, қаттиқ ранжиб, бизни койиб: «Сен кеча Қуръондан бир бетни юз маротаба ўқиб ёдлаган бўлсанг, бугун икки юз маротаба ўқисанг ҳам ёдлай олмайсан. Шубҳали овқат емагин. Зеҳнинг заифлашиб қолади», дер эдилар.

Шунингдек, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналар тақволи, ўқимишли бўлсин. Ота-оналар олимларни ҳурмат қилсин, уларни яхши кўриб, олимларга мухлис бўлсин. Фарзандини ёшлигидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбияласин. Болам қори бўлсин деган ниятда бўлган ота-она ўзаро бир-бири билан жанжаллашмасин, уйда сокинлик ҳукм сурсин. Фарзанд келажакда етук олим бўлиши учун жуда кўп машаққат, саъй-ҳаракат талаб этилади. Аввало, ота-онанинг, сўнгра талаби илмнинг ҳамда устознинг биргаликдаги интилиш ва ҳаракати бўлиши лозим. Шуларнинг бари бириккандагина фарзанд олим, қори бўлади. Ота-она масъулиятсизлик қилса ёки талаба илм олишдан бошқа нарсаларга чалғиса оқсаш кузатилади, мақсадга эришилмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсага ҳам бир монеълик бўладику, лекин илмнинг монеълари кўп бўлади», деган мазмундаги ҳадислари илм олишда собитқадам, бардавом бўлишга ундайди.