Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Август, 2026   |   28 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:58
Қуёш
05:28
Пешин
12:30
Аср
17:24
Шом
19:32
Хуфтон
21:00
Bismillah
11 Август, 2026, 28 Сафар, 1448

Аёл кишининг сафар қилиш одоби ва шартлари

17.11.2021   12897   12 min.
Аёл кишининг сафар қилиш одоби ва шартлари

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи: "Сафар яхши, ёмон ва мубоҳга тақсимланади", деган. Яхши сафар ҳажга ва илм талабига ўхшаш сафар бўлса, фарз бўлади. Шунингдек, уламоларнинг зиёратига ўхшаш ишлар бўлса, мандуб бўлади. Ёмон сафар ота-онасига оқ бўлиш ила бўлса, ҳаром, вабо тарқалган жойдан чиқиш бўлса, макруҳ бўлади.

Сафарнинг мубоҳлиги ниятга боғлиқ бўлади. Мисол учун, бир киши сафарга чиқди. Унинг нияти — тиланчиликдан сақланиш, аҳли-аёлига мурувватли бўлиш, ҳожатидан ортиғини садақа қилиш. Бундай сафар мазкур ният ила охират ишига айланади. Бир одам ҳаж сафарига чиқди. Нияти – риёкорлик билан ва хўжакўрсинга ҳаж қилиш. Бундай сафарда охират учун, деган ният йўқ. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, амаллар Ниятга боғлиқдир", деганлар.

Сафарга борилаётган юртда инсонга зарур бўлган қуйидаги беш нарсани муҳофазаси учун кафолат бўлмаса сафар қилиб бўлмайди:

  • Ҳаётига таҳдид бўлса.
  • Дини ва эътиқоди бузилишига ҳаракат қилинадиган жой бўлса.
  • Молига тажовуз қилинса.
  • Обрўсини туширадиган иш бўлса.
  • Саломатлигига путур етса.

Сафарда мақсад ҳосил бўлгач, тезда уйга қайтиш лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сафар азоб-уқубатнинг бир кўринишидир. Сизлардан бирингиз сафарга чиқса, таоми, ичимлиги ва уйқусидан тўла баҳра ололмайди, (сафарда) истаги ҳосил бўлса, оила-аҳлига шошилсин", деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Сафар одоблари ва ҳукмлари эркак ва аёллар борасида фарқланади. Эркакларнинг эрклари ўз қўлларида бўлиб, улар ўз хоҳишларига кўра сафар қила оладилар. Аммо аёлларда бундай эмас. Улар агар турмуш қурган бўлса, турмуш ўртоқлари розилиги ва ҳамроҳлиги билан, агар оила қурмаган бўлса отаси ёки маҳрамлари билан сафар қилишлари лозим.

Шу ўринда сафар масофаси ҳақида ҳам сўз юритиб ўтамиз. “Кифоя“ китобида қуйидагича берилган: "Ҳанафий уламоларнинг кўплари: "Сафар фарсахлар билан ўлчанмайди", деганлар. Бошқа мазҳаблар: "Сафар масофаси тўрт барид бўлса, шаръий сафар бўлади ва унда намозни қаср ўқишга рухсат бўлади", дейдилар.

"Барид" масофа бирлиги бўлиб, бир барид масофа тўрт фарсахга, ҳадисда келган тўрт барид эса ўн олти фарсахга тўғри келади. Бир фарсах 5544 метр, тўрт фарсах 22176 метр бўлади. Тўрт барид эса 88704 метр бўлади.

"Барид" луғатда "почта" маъносини билдиради. Илгари вақтда Ислом ўлкаларида почта ишлари отда юриб амалга оширилган. Шаҳарлар орасидаги почтахоналар маълум масофага қурилган. Бир барид билан иккинчисининг ораси тўрт фарсах, яъни 22176 метр бўлган. Ҳар почтахона – баридда ходимлар отларини боқиб, шай бўлиб турганлар, аввалги бариднинг ходимлари узоқдан кўриниши билан йўлга тайёр бўлиб отни миниб турганлар. Улар келиб, почтани топшириши билан булар от чоптириб, олға босганлар. Биринчи ва иккинчи почтахона орасидаги масофа ўша вақтнинг таомилига кўра, "барид" деб айтилган.

Ушбу биз ўрганаётган ривоятга кўра, тўрт барид, яъни 88 км 704 метр жойга сафар қилган одам мусофир ҳисобланган.

Ҳанафий мазҳаби ўлчовига кўра, 96 км масофа сафар масофаси ҳисобланган.

Баъзи уламолар юқорида зикр қилинган вақт ва шароитда пиёда юриб, ҳар қадамини ўлчаб, уч кунлик йўл 88 км билан 96 км орасида чиқишига гувоҳ бўлганлар.

Улар туяга юк юклаб, юргизиб кўриб ҳам худди шу каби натижанинг гувоҳи бўлганлар.

Ниҳоят, икки тарафнинг услуби икки хил бўлса ҳам, натижа бир хил экан, деган хулосага келганлар. Мана шу миқдордаги йўлни аёл киши маҳрамсиз ўтиши ҳаром амалдир. Бу боради бир неча ҳадислар ворид бўлган.

  • Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аёл киши асло уч кеча кундузлик масофага маҳрамсиз сафар қилмасин", дедилар“.
  • Абу Саид Ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таолога ва охират кунига иймон келтирган аёлга уч кун ва ундан кўп бўлган сафарга отаси ёки акаси ёки эри ёки фарзанди ёки бирор маҳрамисиз чиқиши ҳалол бўлмайди", дедилар.
  • Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни: "Муслима аёл кишига эри ёки маҳрамисиз ҳаж қилиши мумкин эмас", деяётганларини эшитдим.
  • Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадиларки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётиб: "Ҳаргиз бир эркак бир аёл киши билан холи қолмасин, агар аёлнинг маҳрами бўлса, майли, аёл киши зинҳор сафарга маҳрамсиз чиқмасин", дедилар. Шунда бир киши ўрнидан туриб: "Ё Аллоҳнинг Расули, менинг аёлим ҳажга чиқди, мен эса фалон жойда бўладиган ғазотга ёзилдим", деди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: "Сен бориб аёлинг билан бирга ҳаж қил!" дедилар.

Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, аёл кишини ҳатто ҳажга ҳам ёлғиз ўзини юбориб бўлмас экан. Ҳатто Аллоҳнинг, дину диёнатнинг йўлида қилинадиган жиҳодни қўйиб бўлса ҳам, аёлнинг маҳрами бўлиб ҳажга бориш лозим эканлиги таъкидланмоқда. Чунки сафар машаққат ва хавфдан холи эмас. Мўмина аёлларни машаққат ва хавфда ёлғиз қолдиришга унинг маҳрамларининг эркаклик ғурурлари ҳам йўл бермаслиги керак. Йўлда аёлнинг хизматини қилиб, қийинчиликлардан, хавф-хатар ва турли кўнгилсизликлардан ҳимоя этиши керак.

Мана шу ҳадисларга биноан аёл киши фақат маҳрамлари билан сафарга чиқишлари лозим бўлади.

Сафарга бирга чиқиши мумкин бўлган маҳрамлар ҳақида ҳам маълумот келтириб ўтсак: "Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Шунингдек, (одатда) кўриниб турадиганидан бошқа зийнатларини кўрсатмасинлар ва рўмолларини кўкраклари узра тушириб олсинлар! Улар зеб-зийнатларини эрлари, ё оталари, ё эрларининг оталари, ё ўғиллари, ё эрларининг ўғиллари, ё ўзларининг ака-укалари, ё ака-укаларининг ўғиллари, ё опа-сингилларнинг ўғиллари, ё ўзлари (каби) аёллар, ё қўл  остиларидаги (чўри)лар, ёки аёллардан беҳожат бўлган (яъни жуда кексайиб қолганлар, ҳунасалар, ёки ақлсиз-девоналар каби) эркак хизматкорлар, аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган ёш болалардан бошқа кишиларга кўрсатмасинлар! Яна яширган зийнатларини билдириб, оёқларини (эрга) урмасинлар! Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй мўминлар! Шояд (шунда) нажот топсангиз" (Нур сураси, 31-оят).

Ислом умматининг бахт-саодатга эришиши учун барча нарсани батафсил баён этиб берган Қуръони Карим аёлларнинг зийнатларини кўрсатиши мумкин бўлган умр йўлдошидан ташқари маҳрам эркакларни умумий ҳукмдан истисно тарзда бирма-бир баён этган. Бунинг ҳикмати оятда зикр қилинган эркаклар билан аёлнинг доимий муомалада бўлиш заруратидир. Бу зикр қилинган эркаклар аёл ила қариндошлик риштаси билан боғлиқ ва фитнага ўрин йўқ. Демак, аёлнинг маҳрамлари билан танишиб чиқамиз.

  1. Эр. Эр хотиннинг барча жойига, бутун вужудуга қараши мумкин. Яна оятда истисно этилган аъзодан ташқари барча аъзолардан манфаатланиши мумкин;
  2. Ота ва боболар. Аёлнинг ота ва она томонидан оталари;
  3. Эрнинг отаси (қайнотаси);
  4. Аёлнинг ўз ўғиллари, эрнинг ўғиллари (ўгай ўғиллари) ва набиралари;
  5. Аёлнинг қариндоши (ака-ука,опа-сингил)лари. Хоҳ ота-онаси бир, хоҳ фақат она, ёки ота бир қариндоши бўлсин, фарқи йўқ;
  6. Қариндош (ака-ука, опа-сингил)ларининг ўғиллари;

Санаб ўтилганларнинг барчаси аёлга маҳрам ҳисобланади. Булар олдида зийнатларини очиш мубоҳдир. Аллоҳ таоло юқоридаги оятда амаки ва тоғаларига оид ҳукмни баён этмаган. Фиқҳ илми олимларнинг фикрига кўра, амаки ва тоғаларнинг ҳукмлари ҳам маҳрамият эътиборидан яқинлик даражалари саналган кишилар билан бирдир. Амаки ва тоғалар ота ҳукмида бўлгани учун оятда алоҳида саналмаган. Оятда айтиб ўтилган қариндош эркаклар аёлнинг маҳрами бўлгани каби эмикдош (бир онанинг сутидан озуқаланган) ака-укалар ҳам аёлнинг маҳрамилари ҳисобланади.

Агар куёви, жияни, эрининг бошқа аёлидан ўғли, эмизиш йўлига кўра маҳрамлари фосиқ бўлса улар билан билан сафар қилинмайди. Мана шулар агар балоғат ёшига етган ақли расо бўлса сафарда ҳамроҳ бўлиши жоиз ҳисобланади.

Имом Зайлаий: "Мажусийлик динига эътиқод қиладиган маҳрамлар билан сафар қилиб бўлмайди. Чунки уларнинг эътиқодига кўра маҳрамлар никоҳи жоиз".

Аёл кишининг маҳрамсиз сафар қилиши мумкин эмаслигига аввало Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча ҳадисларини далил қиламиз.

Кейинги сабаб, фитна кўпайишида қўрқиб маҳрамсиз сафар қилмасин деймиз. Чунки аёл киши энг катта фитналардан ҳисобланади ва ушбу фитна кенг оммалашишини олдини олиш эса вожиб амаллардан бири ҳисобланади.

Ислом шариатида аёл кишининг зиммасига ҳажнинг фарз бўлишининг шартларидан бири юқорида айтиб ўтганимиздек, сафарда у билан бирга маҳрамининг бўлишидир. Маҳрами бўлмаган ёки бўлса ҳам, бирга ҳаж сафарига чиқишга қодир бўлмаса, ундай аёлларга ҳаж ибодати фарз эмас. Агар шу ҳолатда улар маҳрамсиз ҳажга борсалар, уларнинг ҳажлари макруҳи таҳримий билан адо бўлади. Маҳрамдан мурод хоҳ насаб жиҳатидан бўлсин, хоҳ эмикдошлик жиҳатидан бўлсин, хоҳ никоҳ жиҳатидан бўлсин, никоҳи абадий жоиз бўлмаган кишилардир.

Шариатимиз сафар мобайнида аёл кишининг маҳрами доимо бирга бўлишини талаб қилади. Мақоланинг аввалида айтиб ўтганимиздек, динимиз аёлларнинг иффати, ҳаёси ва уларнинг заифаликларини эътиборга олиб, баъзи хизматлари маҳрамлари томонидан адо қилиниши лозимлигини қаттиқ таъкидлайди. Шунинг учун бир аёл ўз ватанидан маҳрамсиз ҳаж сафарига чиқиб, Маккаи Мукаррамада маҳрами билан кўришишни ният қилса ҳам, унинг сафари жоиз эмас. Ҳаттоки аэропортдан бир маҳрами кузатиб қўйиб, бошқа манзилда бошқа бир маҳрами кутиб оладиган бир неча соатлик сафар ҳам аёл киши учун жоиз эмасдир.

"Аёл киши хоҳ ёш бўлсин, хоҳ қари бўлсин у билан Макка орасидаги масофа уч кунли йўл бўлса, ундай аёл ҳаж сафарига чиқиши учун маҳрами бўлиши шарт. Муҳитда шундай келган" (Фатвои ҳиндия).

Ислом энг нозик хилқат саналмиш аёлларнинг иззат-обрўларини ҳар қандай ҳолатда ҳам эътибордан четда қолдирмайди. Ана шу ҳолатлардан бири сафар ҳолати бўлиб, шариатимизда улар ҳақида ҳам ўзига хос кўрсатмалар мавжуд. Яқин масофага сафар қилишда умумий ҳолатда хавф-хатар учрамайди. Шунинг учун аёлларнинг маҳрамсиз сафар қилишларига рухсат берилади. Лекин ана шу яқин масофага ҳам маҳрами олиб бориб қўйиши аёл кишининг иззат-икромидир. Пиёда юрганда уч кеча-кундузлик масофага маҳрамсиз сафар қилиш ҳаром саналади.

Абу Саъийд Худрий розияллоҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёл учун уч кунлик ва ундан ортиқ масофага отаси ёки ўғли ёки эри ёки ака-укаси ёки маҳрам қариндошисиз сафар қилиши халол бўлмайди", дедилар.

Ислом бундай сафарни балоғатга етган аёллар ва балоғат арафасидаги қизлар учун ҳаром қилгандир. Аёл киши табиатан нозик бўлиб, сафар мобайнида турли хил зарурат ва эҳтиёжларга дучор бўлади. Ҳолбуки, уларнинг иззат ва обрўларининг ҳимояси муҳим бир масала ҳисобланади. Шунинг учун улар сафарга ўзларининг маҳрамлари билан чиқишлари зарурдир. Балоғат ёшига етмаган маҳрам эса ўзи ҳам бу нарсаларга муҳтож ҳисобланади.

Демак, балоғат ёшига етмаган маҳрамнинг сафарда аёл киши билан бирга бўлиши ёки бўлмаслиги баробар бўлиб, бунда аёл киши маҳрамсиз сафар қилган ҳисобланади. "Балоғатга етмаган боланинг маҳрамликда эътибори йўқдир" (Фатовои ал-Ҳиндия).

 

Робия МАННОБЖОНОВА,

Тошкент Ислом институти 403-гуруҳ толибаси.

 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Пайғамбарлик ваҳий билан намоён бўлади

10.08.2026   3656   15 min.
Пайғамбарлик ваҳий билан намоён бўлади

Раббининг элчиси эканини тасдиқлаш учун ҳар пайғамбарга ҳам хос китоб нозил бўлиши шарт эмас

 

Олимлар пайғамбарни бундай таърифлаган: «Пайғамбар – шариат ваҳий қилинган инсон». Демак, пайғамбарлик Аллоҳ таолонинг Ўзи бандалари орасидан танлаб олган зотга ваҳий нозил қилиши орқали юзага чиқади. Алоҳида китоб тушиши пайғамбарлик шартларига кирмайди. Бунга қуйидаги далиллар далолат бўлади.
 

1. Пайғамбарлик хабари ваҳий орқали етказилади. Аллоҳ таоло бирор бандасини пайғамбарлик ё элчиликка танлар экан, унга сайланганини билдириб қўяди. Бу билдириш нубувват ва рисолатнинг асоси бўлган ваҳийнинг бир туридир. Ундан кейин Аллоҳ таоло ўша пайғамбарга китоб нозил қилиши ҳам, қилмаслиги ҳам мумкин.


Нубувват хабари баъзан китоб тушиши билан бошланади. Масалан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий бўлиб Алақ сурасининг «Яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан ўқингояти нозил қилинган. Бироқ пайғамбарлик кўпинча китоб тушишидан бошқа йўллар билан бошланган ва аксар пайғамбарларда шундай бўлган.


2. Нубувватнинг тасдиғи пайғамбарнинг сўзлари ва у келтирадиган мўъжизаларга боғлиқ. Аллоҳ таоло танлаган бандасига пайғамбарлик берганидан кейин одамлар орасида бу нубувват ва рисолатнинг ҳақиқийлиги фақат икки ҳодиса билан собит бўлади:


Биринчиси: Пайғамбар ўз умматига: «Аллоҳ таоло мени сизларга пайғамбар ва элчи қилиб юборди», деб эълон қилади.


Иккинчиси: Аллоҳ таоло ушбу даъвони тасдиқлаш учун ўша зот орқали мўъжиза кўрсатади.


Пайғамбарнинг «Мен Аллоҳнинг элчисиман, Аллоҳ мени сизларга набий қилиб юборди» деган сўзлари тиловат қилинмайдиган ваҳий (яъни, муқаддас китобнинг бир қисми) бўлиб, пайғамбарликнинг, элчиликнинг, шариат ва динга оид барча ҳукмларнинг ҳақлигини эътироф этиш мана шу сўзнинг тасдиғига таянади.


3. Китобнинг илоҳийлиги ғайри матлув (тиловат қилинмайдиган) ваҳий билан тасдиқланади: Аллоҳ таоло бирор элчисига китоб нозил қилганида, у пайғамбарга тушиши ҳамоно «Аллоҳнинг ҳузуридан тушган китоб» бўлиб қолмайди, яъни одамлар буни бирдан била қолмайди. Бу калом Аллоҳ таолонинг ҳузуридан тушганини собит қилиш элчининг «Бу китоб Аллоҳ таолонинг ҳузуридан нозил қилингандир» деган сўзлари орқали амалга ошади.


Демак, расулларнинг бу гувоҳлиги Аллоҳ таоло уларга билдирган тиловат қилинмайдиган ваҳийдир. Китоб кўринишидаги тиловат қилинадиган ваҳийнинг ҳақлиги мана шу тиловат қилинмайдиган ваҳий устига бино бўлади.


4. Агар пайғамбарлик фақат китоб тушиши билан амалга ошади, деб ҳисобланса, унда ўзига китоб нозил қилинмаган барча ҳақ пайғамбарларнинг нубуввати ботил бўлиб қолган бўларди. Шунингдек, бундай пайғамбар минглаб мўъжизалар кўрсатиб, ростгўйлигига минглаб далиллар келтирса ҳам, ҳеч ким унга имон келтиришга мажбур бўлмас ва бу гуноҳ саналмас эди.


Ваҳоланки, Аллоҳ таоло алоҳида китоб туширмасдан минглаб пайғамбарлар юборгани барчага маълум ва ижмоъ қилинган (барча уламолар бир овоздан тасдиқлаган, ҳақ деб иттифоқ қилган) ҳақиқатдир. Аллоҳ у зотларга ё тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали билдирилган ҳукмларга амал қилишни, ё ўзидан олдинги пайғамбарларнинг китобига мувофиқ иш тутишни буюрган. Масалан, Мусо алайҳиссаломдан кейин Бани Исроилга юборилган пайғамбарлар Тавротга амал қилинишига масъул эди. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссалом ҳақида бундай дейди: «Исо ибн Марям: «Эй Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини берувчи, Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», деганини эсланг. (Аҳмад) уларга ҳақ билан келган вақтда эса, бу очиқ-ойдин сеҳрдир дедилар» [Соф сураси, 6-оят].


Исо алайҳиссаломга ҳам Бани Исроилнинг бошқа пайғамбарлари каби Таврот ҳукмларига амал қилиш буюрилган эди. Пайғамбарларга китоб тушмаган бўлса-да, уларни ёлғончига чиқарган қавмларни Аллоҳ таоло турли азобларга мубтало қилди ва бу жазоларнинг бир қисмини Қуръони каримда баён этиб ҳам ўтди.


5. Китоблар ва саҳифалар фақатгина баъзи пайғамбарлар ва набийларга нозил қилингани, уларнинг аксариятига эса ҳеч қандай китоб ҳам, саҳифа ҳам тушмагани ижмоъ қилинган ҳақиқатдир. Уларга фақат ваҳийнинг ўзи – китобсиз, саҳифасиз – нозил қилинган. Шу билан пайғамбарлиги мукаммал, нубуввати собит бўлгач, улар юборилган қавмлар учун ҳужжат-далил тайёр ҳолатга келган ва энди одамлар имон келтириш ва эргашишга мажбур бўлган.


6. Мана Бу қисса Шуаро, Намл, Қасас, Тоҳа ва Нозиот сураларида баён қилинган бўлиб, воқеалар Мусо алайҳиссаломга Таврот нозил қилинишидан олдин юз берган. Аллоҳ таоло ушбу қиссада Мусонинг бир қибтийни (қибтийлар – қадимги Мирс халқи) ўлдириб қўйгани сабабли Фиръавн ва унинг қавмидан қочиб, Мисрдан чиқиб кетганини, Мадян томон йўл олганини ва у ердаги солиҳ кишининг қизига уйланганини зикр қилади. Кейин у аҳли аёли билан Мисрга қайтаётганда Тур тоғи томонида бир оловни кўриб қолади. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, у(олов)га келганида, нидо қилинди: «Эй Мусо! Албатта, Мен Ўзим сенинг Раббингдирман. Кавушларингни еч. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан. Мен сени ихтиёр қилиб олдим. Ваҳий қилинадиган нарсага қулоқ ос. Албатта, Мен, Ўзим, Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт» [Тоҳа сураси, 11-14-оятлар].


Аллоҳ азза ва жалла унга пайғамбар эканини хабар қилди ва унга ваҳий қилинаётган нарсага қулоқ тутишни, ибодат қилиш ва намозни адо этишни буюрди. Сўнг Ҳақ таоло икки мўъжиза бўлиши учун унга қўлидаги асони ташлашни, кейин эса қўлини қўйнига қўйишни буюрди. Шундан кейин буюк Зот унга Фиръавн ҳузурига боришни амр этди: «Биз сенга буюк мўъжизаларимизни кўрсатиш учун (шундай қилдик). Фиръавнга бор, албатта у туғёнга кетди», деди». [Тоҳа сураси, 23-24-оятлар].


Сўнгра Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан Фиръавн ўртасида нималар бўлганини зикр қилади.


Демак, Фиръавнга Мусо алайҳиссаломнинг даъвати етиб бориши ва бу даъватга улкан мўъжизалар ҳамроҳ бўлиши билан ҳукмдор учун ҳужжат қойим бўлган эди. Ваҳоланки, у пайтда Мусо алайҳиссаломга ҳали Таврот нозил қилинмаганди. Чунки, Таврот у зот Бани Исроил билан бирга Мисрдан чиқиб кетгани ва Фиръавн ғарқ қилинганидан кейин нозил бўлган. Бу Қасас сурасидаги оятларда баён этилган.


Шундай қилиб, ҳужжат ваҳий нозил бўлганидан кейин даъватнинг етиб бориши ва унга мўъжизалар ҳамроҳлик қилиши билан қойим бўлади. Фақат китоб билангина қойим бўлганида эди, Фиръавн учун ҳужжат кучга кирмаган ва Аллоҳ таоло томонидан унга ва қавмига далилсиз азоб берилган бўлар эди. бу эса, Ал-Адл бўлган Аллоҳнинг сифатига умуман тўғри келмайди.


Юқорида зикр қилганлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ваҳийларнинг ҳаммаси ҳам тиловат қилинадиган эмас, балки баъзида китобсиз ва саҳифасиз ҳам бўлиши мумкин. Пайғамбарликнинг юзага чиқиши ва собит бўлишида асосий мезон – ваҳийнинг нозил бўлиши. Китоб эса Аллоҳ таоло элчилари орасидан саралаб олган зотларга хослаб берилган ваҳийдир.


7. Пайғамбарлик китоб тушиши билан эмас, балки ваҳий нозил бўлиши билан амалга ошишига ва ваҳийларнинг ҳаммаси ҳам тиловат қилинадиган эмаслигига далолат бўладиган жиҳатлардан яна бири – Аллоҳ таолонинг бирор китоби борлиги маълум бўлмаган ва Аллоҳ таоло китоб ато этмаган пайғамбарлари билан сўзлашганидир. Биз бу сўзлашувларни Ҳақ таоло сўнгги Китобида зикр қилгани туфайли билганмиз. Қуйида Қуръони Каримда Аллоҳ таолонинг китоб нозил қилинмаган пайғамбарлари билан сўзлашгани ҳақида ҳикоя қилинган воқеалардан намуналар келтирамиз.


1. Одам алайҳиссалом билан. Аллоҳ таоло айтади: “Ва: “Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатда маскан топ. Унда нимани хоҳласаларингиз, енглар, ош бўлсин, фақат мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласизлар”, дедик” [Бақара сураси, 35-оят].

Ҳақ таоло деди: “Рабби уларга нидо қилиб: «Сизларни ана ўша дарахтдан қайтарган эмасмидим ва, албатта, шайтон икковингизга очиқ-ойдин душмандир, демаганмидим?!» деди» [Аъроф сураси, 22-оят].

Бу воқеалар улар Ерга туширилишидан олдин, жаннатда бўлганида юз берган.

Улар Ерга туширилганидан кейин Аллоҳ таоло бундай деган: “Одам ўз Раббидан сўзларни қабул қилиб олди, кейин У Зот унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, У тавбани қабул қилувчи ва раҳмли Зотдир” [Бақара сураси, 37-оят].

Бу ҳам Одам алайҳиссаломга бирор китоб нозил қилинмасдан олдин бўлган ишлар сирасидандир.


2. Нуҳ алайҳиссалом билан. Ҳақ таоло Нуҳ алайҳиссалом билан унинг қавми ўртасида кечган воқеаларни зикр қилганидан кейин бундай дейди: “Ва Нуҳга: «Қавминг орасидан аввал имон келтирганлардан бошқа ҳеч ким имон келтирмас ва уларнинг қилмишларидан қайғуга тушмагин. Бизнинг риоятимиз ва ваҳийимиз ила кема ясагин ҳамда зулм қилганлар тўғрисида Менга гап очмагин, албатта, улар ғарқ бўлгувчилардир», деб ваҳий қилинди. У кема ясамоқда. Ўз қавмидан бўлган зодагонлар қачон олдидан ўтсалар, уни масхара қилдилар. У: «Агар бизни масхара қилсангиз, биз ҳам худди сиз бизни масхара қилганингиздек сизларни масхара қиламиз. Бас, яқинда кимга шарманда қилувчи азоб келишини ва кимнинг устига муқим азоб тушишини билиб олурсиз», деди. Токи Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора отганда: «У (кема)га ҳар нарсадан бир жуфтдан ва аҳлингдан аввал сўз кетмаганини ва имон келтирганларни ол», дедик. У билан бирга имон келтирганлар жуда оз эди. У: «Кемага мининглар, унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг исми ила бўлур. Албатта, Рaббим мағфиратли ва раҳмлидир», деди. У (кема) уларни тоғлардек тўлқинда олиб кетаётганида, Нуҳ бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга (кемага) мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», деди. У (ўғил): «Тоққа жойлашиб олсам, мени сувдан сақлайди», деди. У эса: «Бугун Аллоҳнинг амридан сақловчи йўқдир. Кимга раҳм қилсагина (сақлар)», деди. Шунда улар орасини тўлқин тўсди ва у (ўғил) ғарқ бўлганлардан бўлди. «Эй Ер, сувингни ютгин, эй осмон, ўзингни тутгин», дейилди. Сув қуриди. Фармон бажарилди ва (кема) Жудий (тоғи)га жойлашди. «Золим қавмлар йўқолсин!» дейилди. Нуҳ Раббига нидо қилиб: «Рaббим, албатта, ўғлим аҳлимдандир, албатта, ваъданг ҳақдир ва Сен ҳукм қилгувчиларнинг энг ҳикматлисисан», деди. У Зот: «Эй Нуҳ, албатта у (ўғил) аҳлингдан эмас. Албатта, у яхши амал эмасдир. Ўзинг билмаган нарсани зинҳор сўрамагин. Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», деди. У: «Рaббим, мен ўзим билмаган нарсани Сендан сўрамоқдан паноҳ тилайман. Агар мени мағфират қилмасанг ва менга раҳм кўрсатмасанг, зиён кўргувчилардан бўламан», деди. «Эй Нуҳ, Биздан сенга ва сен билан бирга бўлган умматларга тинчлик ва баракотлар ила (кемадан) тушгин. Яна бир умматлар бўлур, уларни бироз ҳузурлантирурмиз, сўнгра уларни биздан бўладиган аламли азоб тутар», дейилди” [Ҳуд сураси, 36-48-оятлар].


Сўнг Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга деди: “Ана шу ғайб хабарларини сизга ваҳий қилмоқдамиз. Бундан олдин уларни сиз ҳам билмас эдингиз ва қавмингиз ҳам. Бас, сабр қилинг, албатта, оқибат тақводорларникидир” [Ҳуд сураси, 49-оят].


Хўш, Аллоҳ таолонинг Нуҳ алаҳиссаломга бу ваҳийси ва унга қаратилган хитоби бирор китобда келганмиди?! Ёки бу Аллоҳ таоло унга тўғридан-тўғри сўзлаган хитоб бўлиб, у ерда ўқиладиган ҳеч қандай китоб бўлмаганмиди?!


Ушбу оятларнинг услуби ва ундаги нидонинг йўсини Аллоҳ таолонинг Нуҳ алайҳиссаломга тўғридан-тўғри хитоб қилганини, ўқийдиган бирор китобни нозил этиш орқали амр этмаганини кўрсатади.


3. Юсуф алайҳиссалом билан. У қудуқ тубида ётганда Аллоҳ таоло ваҳий қилиб, ҳали акаларига уларнинг қилмишлари ҳақида хабар беражагини айтди: “Бас, уни олиб кетишгач ва уни қудуқнинг қаърига ташлашга келишиб олишгач (уни амалга оширдилар), (Биз) унга: «Бу ишлари тўғрисида уларга (кези келганда), албатта, хабар берурсан, ваҳоланки, улар (Юсуф эканингни) сезмайдилар», деб ваҳий қилдик.” [Юсуф сураси, 15-оят]. Кейинчалик у Миср азизи (Бош вазири) бўлганидан кейин уларга бу ҳақда хабар берди.


Хўш, у қудуқда бўлганида келган бу ваҳий ҳақиқий ваҳий бўла туриб, тиловат қилинадиган ваҳиймиди (муқаддас китобнинг бир қисми эдими)? Йўқ, у ғайри матлув ваҳий эди.


Аллоҳ таоло пайғамбарларига хитобни тиловат қилинадиган ваҳий кўринишида (китоб ҳолида) туширмагани борасидаги оятлар булар билан чекланмайди. Қуръони каримда бундай оятлар жуда кўп бўлиб, эслатиб ўтиш мақсадида озгинасини келтириш билан кифояландик, холос.


Демак, пайғамбарликнинг асоси алоҳида бир китоб нозил бўлишига эмас, балки бевосита Аллоҳ таолонинг танланган бандасига ваҳий юборишига боғлиқдир. Қуръоний қиссалар ва тарихий далиллар кўрсатганидек, ваҳийлар фақатгина китоб шаклидаги (тиловат қилинадиган) матнлардан иборат бўлмай, кўп ҳолларда пайғамбарларга тўғридан-тўғри билдирилган (тиловат қилинмайдиган) илоҳий хитоблар кўринишида келган. Шу сабабли инсониятга ҳақиқатни етказиш ва уларга қарши илоҳий ҳужжатни қойим қилиш учун фақатгина ваҳийнинг ўзи етарли бўлган, китоб эса Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган элчиларигагина ато этган махсус ваҳийдир.

Нурмуҳаммад Маткаримов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси,

Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот

маркази илмий ходими


Мазкур мақолага 

.Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2026 йил 7 июлдаги 02/2 -сонли хулосаси олинган

Мақолалар