Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Инсон доимо Аллоҳ таолонинг неъматига бурканиб яшайди. Шундай экан у ҳамиша неъматларга шукр қилишга муҳтож. Сон-саноқсиз неъматлар ичра билиб-билмай гуноҳкор бўлгани учун ўз-ўзидан тавба ва истиғфорга ҳам муҳтождир. Демак, банда неъматлар ичра яшаркан тавба ва истиғфорни ўзига лозим тутмоғи керак. Зеро у хатодан холи эмас. Хатокорларнинг энг яхшиси эса тавба ва истиғфор айтувчиларидир. Ушбу мақоламизда ана ўша истиғфорнинг ҳукмлари ва фазилатларигага қисқача тўхталамиз. Аллоҳ таоло ўзи манфаатли қилсин.
Истиғфорнинг ҳукмлари.
Хоҳ ўзи учун хоҳ бошқаси учун истиғфор айтиш улкан ибодат ҳисобланади.
Истиғфор аслида мустаҳаб амал: Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: “Аллоҳдан мағфират сўранглар! Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир”, (Муззаммил сураси, 20-оят). Ушбу оятдаги буйруқ уламолар томонидан мустаҳабга ҳамл қилинади. Чунки, динимиз гуноҳ қилмасакда истиғфор айтишни матлуб санайди. Шунинг учун киши ўзига, ота-онасига, муслим ва муслималарга уларнинг тирикларигаю ўтганларига истиғфор айтади.
Истиғфор гоҳо мустаҳаб даражасидан вожиб даражасига чиқади. Масалан, бир киши гуноҳ қилиб қўйса дарҳол ортидан тавба ва истиғфор айтмоғи лозимдир.
Истиғфорнинг ҳаром ўринлари ҳам мавжуд бўлиб, бу кофирларнинг ҳаққидадир. Аллоҳ таоло ўзининг каломида очиқ-ойдин келтирганки: “На пайғамбар ва на мўминлар мушриклар учун, гарчи улар қариндошлари бўлса ҳам уларнинг дўзах аҳли эканликлари маълум бўлгандан кейин – истиғфор (гуноҳларини кечиришини) сўрашлари жоиз эмас.
Иброҳимнинг (ўз) отаси учун истиғфор сўраши фақат унга қилган ваъдаси туфайли эди. Аллоҳнинг душмани эканлиги билингандан кейин ундан (отасидан) воз кечди. Албатта, Иброҳим оқкўнгил ва ҳалимдир”.
Бу тоифадаги инсонларга эътиқодлари фосид бўлганлигидан истиғфорнинг ҳеч манфаати бўлмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ўз каломида бизни бу ишдан қайтармоқда.
Банданинг истиғфорга муҳтожлиги.
Истиғфор улкан ибодат бунга шубҳа йўқ. Унинг улканлиги шундаки, пайғамбарлар бу амалда бардавом бўлганлар ва ўз умматларини ҳам мунтазам истиғфорга даъват этганлар. Инсон Аллоҳ таолога доимий муҳтож, унинг Роббисига бўлган эҳтиёжи ҳам ҳеч қачон тугамайди. Керак бўлса ҳар соат, ҳар дақиқа, ҳар сония ва ҳар бир ҳолатида эҳтиёж бор. Афсуски, буни тушиниш учун инсонда илму-маърифат бўлишлиги даркор. Банданинг Аллоҳ таолони таниши қанчалик кўп бўлса, истиғфори ҳам шунчалик кўпайиб бораверади. Албатта бу ишда ҳам аввалги ўринни Аллоҳнинг пайғамбарлари, улардан сўнг авлиёуллоҳлар ва уламолар эгаллайди. Аллоҳ таоло каломида марҳамат қилади: “Аллоҳдан бандалари орасида уламоларгина қўрқурлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир”, (Фотир сураси, 28-оят).
Шунинг учун ҳам уламолар аввало ўзлари, қолаверса бошқаларни ҳам истиғфорга даъват қиладилар. Истиғфор айтишлик билан инсон нафақат гуноҳлардан покланади балки ризқини кенг бўлиши, ишларини енгиллашиши, турли ёмонликлардан омонда бўлишига ҳам сабабчи экалигини Қуръон ва суннатда келган кўрсатмалардан билишимиз мумкин. Улуғлардан бирлари истиғфор ҳақида шундай дейдилар:
“Истиғфор бандани макруҳ ишдан маҳбуб ишга, ноқис амалдан мукаммал амалга ва мақоми аднодан мақоми аълога олиб чиқади”.
Кундалик ҳаётимизда ҳам баъзан ўзимиз билиб-билмай дўстларимизни, яқинларимизни, аҳли-аёл фарзандларимизни хафа қилиб қўйишимиз ҳаммамиздаги бор одат. Мана шундай вақтларда ҳам улардан узр сўраб Аллоҳ таолога истиғфор айтсак салафу-солиҳлар йўлини тутган бўламиз. Бир куни Хузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу ўзининг тилини аччиқлигидан, аҳли-аёлига қаттиқ гапириб қўяётганлигидан афсусланиб пайғамбаримизнинг ҳузурига келдилар. Сарвари коинот соллоллоҳу алайҳи васаллам унга: “Истиғфор айтгин э Хузайфа, мен ҳам бир кунда етмиш маротаба истиғфор айтаман дедилар”. Имом Аҳмад, Имом Доримий ривоятлари.
Банда истиғфорга шу даражада муҳтожки, ҳатто қазои ҳожатда ҳам эҳтиёжи бор. Масалан ҳожатхонадан чиққач дарҳол “ғуфронака” (мағфиратингни сўрайман), демоқ мустаҳабдир. Бунинг сабабида уламолар икки хил фикр билдирганлар. Биринчиси, жисмнинг азияти кетгач гуноҳнинг азиятини эслаш муносиб бўлгани учун. Иккинчиси, неъматни шукрини изҳор қилишдан ожиз бўлганлиги учун истиғфор айтилади.
Истиғфорнинг фазилати.
Истиғфорнинг фазилати ҳақида келган оят ва ҳадисларнинг барчаси бу ибодатнинг нақадар улуғлиги ва ҳайру-баракаси кўплигига далолат қилади.
Албатта, намоз, рўза, ҳаж каби ибодатларнинг маълум вақтлари бор. Истиғфорнинг эса муайян вақти йўқ бўлсада, саҳар вақтлари энг муносиб вақтлигини далиллардан билиб олиш мумкин. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар”, (Ваз- зориёт, 18-оят).
Саҳар вақтида қилинган дуолар ижобатга яқинроқдир. Чунки бу вақтда тирикчилик ташвишлари, кўнгилни безовта қилувчи нарсалар бўлмагани учун, ибодатда ўқилган нарсалар қалбга яхшироқ ўрнашиб, жимлик ҳукм сургани учун инсон ўз қилмишларини тафаккур қилиб астойдил тавба қилишлик имконини беради. Ҳадисларда Аллоҳ азза ва жаллани ўз азаматига лойиқ тарзда дунё осмонига тушиб “...Истиғфор айтувчи борми, мен уни мағфират қиламан” (Бухорий ва Муслим ривояти), демоқлиги ҳам зикр қилинади. Шунинг учун ҳам Яъқуб алайҳиссаломнинг ўғиллари оталаридан “Эй, ота, Аллоҳдан бизларнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини сўранг” деганларида “У айтди: “Албатта, Роббимдан сизларни мағфират қилишини сўрайман. Албатта, мағфират қилувчи ва меҳрибон зот Удир” (Юсуф сураси, 98-оят), деди. Суюкли пайғамбаримиз ҳам гарчи Аллоҳнинг ҳабиби, гуноҳлари кечирилган бўлсада истиғфорни ўзларига лозим тутганлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики: “Аллоҳга қасамки мен бир кунда юздан ортиқ истиғфор айтаман”, дедилар.
Баъзи салафлар айтдилар: “Баъзи инсонлар гуноҳ амалларни қиладилар ва жаннатга кирадилар ва баъзи инсонлар савоб ишларни қиладилар ва дўзах аҳлидан бўладилар. Шунда одамлар сўрайдилар, бу қанақаси? Одамлар билиб-билмай гуноҳ ишларни қилиб сўнг ортидан тавба қиладилар, қилган ишларига пушаймон бўладилар. Ҳар қачон ўша гуноҳларини эсласалар надомат чекиб йиғлаб истиғфор айтадилар ва уларнинг бу ишлари Аллоҳ таолонинг раҳмат-мағфиратига сабаб бўлиб, жаннатга дохил бўладилар. Яна шундай одамлар борки, савоб амалларни қилиб, одамларга яхшиликлар қилиб, буни эсдан чиқармайдилар ва доим қилган ишларидан ғурурланиб кибрга кетадилар. Ва ҳолбуки уларни шу ишларга йўллаб қўйган зотни эсдан чиқарадилар, унинг ҳидояти сабаб эканлигини хотирламайдилар, охир-оқибат дўзахҳ аҳлидан бўладилар”.
Истиғфор ҳаётимизни осон ва мазмунли қилишига Қуръон ва ҳадисдан далиллар.
Бой бўлишни хоҳлайсизми? Унда истиғфор айтинг. Аллоҳ таоло айтади: “Сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (ато) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур. (Нуҳ сураси, 12-оят)
Тинч хотиржам ҳаёт кечиришни истасангиз истиғфор айтинг. Зеро Роббимиз марҳамат қилади: “Роббингизга истиғфор айтинглар, сўнгра Унга тавба қилинглар. (Шунда) У Зот сизларни маълум муддатгача яхши роҳатлар ила баҳраманд қилур ва ҳар бир фазл эгасига фазлини берур. Агар юз ўгириб кетсангиз, бас, албатта, мен сизларга улуғ куннинг азоби бўлишидан қўрқаман. (Ҳуд сураси, 3-оят)
Қурғоқчиликдан омонда бўлишни истасангиз истиғфор айтинг зеро жаноби Ҳақ шундай дейди: “Бас, дедимки: -Роббингиз (Аллоҳ) дан мағфират сўрангизлар, У ўта кечиримли зотдир. (Шунда У) устиларингизга осмондан ёмғир ёғдирур. (Нуҳ сураси, 10-11-оятлар)
Фарзандли бўлишни хоҳласангиз истиғфор айтинг. Аллоҳ таоло айтади: “Сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (ато) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур. (Нуҳ сураси, 12-оят)
Жисмонан ва руҳан бақувват бўлишни хоҳласангиз истиғфорни канда қилманг. Истиғфор қалбга ва баданга ажиб бир қувват берадики, бунинг натижасида ҳаётий ранжу-аламларни енгиб ўтишга кўникма хосил бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Эй, қавмим! Роббингиздан мағфират (кечирим) сўранг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда У осмондан (ёмғир) ёғдирар ва қувватингизга қувват қўшар. Жиноятчи бўлиб кетманглар!”
Шайтонни ғазаблантирмоқчи бўлсангиз истиғфорни лозим тутинг.
Ҳадисда келишича: “Шайтон: “Гуноҳлар туфайли одамларни ҳалок қилдим лекин одамлар мени “Лаа илаҳа иллаллоҳ ва истиғфор” билан ўлдирадилар”, деб айтади. (Имом Аҳмад ривояти).
Астағфируллоҳал ъазийм ва атубу илайҳ!
Астағфируллоҳаллазий лаа илааҳа илла ҳува ва атубу илайҳ!
Абдуғофур Ниёзқулов,
ЎМИ Фатво бўлими мутахассиси.
Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.
Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.
Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.
Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.
Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.
Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.
Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.
Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.
Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.
Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.
Нафақат музей, балки интеллектуал платформа
Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.
Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.
Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш
Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.
Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.
Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.
«Маърифат билан жаҳолатга қарши»
Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.
Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.
Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.
Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.
Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси
Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.
Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.
Учинчи Ренессанснинг асосий кучи
Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.
Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.
Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.
Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.
Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.
Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати