Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари
Жорий йилнинг 11 май куни Туркия Президенти ҳузуридаги Диний ишлар бошқармаси раиси Сафий Арпагуш бошчилигидаги делегация Самарқанд вилоятига ташриф буюрди. Ушбу ташриф шу йилнинг апрель ойида Ўзбекистон делегациясининг Туркияга сафари давомида билдирилган таклифларнинг амалий ифодаси бўлиб, меҳмонларга Президент Администрацияси департамент бошлиғи Музаффар Камилов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов ҳамроҳлик қилди.
Зиёрат дастури Имом Бухорий мажмуасидан бошланди. Делегация аъзолари мажмуадаги кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ва зиёратчилар учун яратилган шароитларни юксак эътироф этдилар. Айниқса, инновацион музейдаги замонавий экспозициялар орқали буюк муҳаддис бобомизнинг илмий мероси ва юртимиз алломаларининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ўтказилган мулоқотлар давомида диний-маърифий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ислом меросини биргаликда тадқиқ этиш масалалари муҳокама қилинди. Имом Бухорий жоме масжидида адо этилган пешин намозидан сўнг, Сафий Арпагуш Қуръони Карим тиловат қилиб, мусулмон уммати фаровонлиги ва юртимиз тинчлигини сўраб дуолар қилди.
Шунингдек, меҳмонлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Абу Мансур Мотуридий мажмуаси, Амир Темур мақбараси ва Регистон майдони каби табаррук масканларда бўлиб, аждодларимизнинг бой маънавий мероси ва бетакрор меъморий обидалари билан яқиндан танишдилар. Туркия делегациясининг мамлакатимиз бўйлаб сафари давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати