Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Август, 2026   |   11 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:16
Қуёш
05:41
Пешин
12:25
Аср
17:11
Шом
19:13
Хуфтон
20:34
Bismillah
24 Август, 2026, 11 Рабиъул аввал, 1448

Эрдан бошқалар ҳам никоҳни буза оладими?!

12.11.2021   8390   5 min.
Эрдан бошқалар ҳам никоҳни буза оладими?!

Фиқҳ китобларида никоҳ ва талоқ алоҳида катта бўлим тариқасида ёритилади. Талоқнинг ичидаги қисмларидан бири бу “Хулуъ” масаласи ҳисобланади. Аллоҳ Таоло ғазаб қилган ва ер-у осмон у сабабли ларзага келган нарса бу никоҳ ақди бўланган инсонларнинг ажримидир. Хулу ҳам талоқ каби ажрим ҳисобланиб, унинг талоқдан фарқи- аёл киши томонидан талаб қилинган ажримдир.  Албатта ислом шариатида ақл ва қувват жиҳатдан эркак киши кучли саналади ва барча масалалар унинг тасарруфи орқали амалга оширилади. Бу нарса қийшиқ қовурғадан яратилган аёлнинг ожиза ва ҳиссиётга берилувчи махлуқотлигини Билувчи Зот томонидан қўйилган буйруқ ҳисобланади. Шу сабабдан, талоқ қилиш ҳуқуқи эркак кишига берилган бўлиб, уни жавобгарлигини ҳам эркак киши бўйнига юклатилади. Аммо шундай вазиятлар бўладики, ажрим аёл томондан ҳам талаб қилиниши мумкин. Бу томонга ҳам ислом шариати муносиб қараб, ўз ўрнида аёл киши ҳам ўз талоғини талаб қилиб олишга ҳуқуқ берилган.

 Хулуъ сўзи луғатан “кийим ечиш” деган маънода ифодалайди. Шариатда эса хотин кишининг арз қилиб, бир нарса бериб, эри билан ажрашишига хулуъ дейилади. Чунки эр-хотин Қуръон таъбири ила бир-бирига кийим ўрнида бўлади. Шу сабабдан мана шу луғавий маънодаги сўз билан қўлланилади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

Бас, агар икковларининг Аллоҳнинг чегараларида тура олмаслигидан қўрқсангиз, хотин берган эвазда икковларига гуноҳ йўқдир. Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларни бузманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларини бузса, бас, ўшалар, ана ўшалар золимлардир , деган (229-оят).

Ушбу ояти карима асосида Ислом шариатида хулуъ ҳукми жорий қилинган. Эр-хотин бирга яшашларининг иложи қолмаса, агар бирга турсалар, гуноҳ иш содир бўлиши муқаррар бўлиб қолса, хотин ажрашишни истаса, эрига фидя (тўлов) бериб, уни рози қилиб, ажрашиб кетиши жоиздир.

Ислом динида биринчи хулуъ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида содир бўлди.  Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Собит ибн Қайснинг хотини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: Эй Аллоҳнинг Расули! Мен унга хулқда ҳам, динда ҳам бир айб қўя олмайман, лекин Исломда куфрон бўлишини (яъни эримни ёқтирмаганим учун унга итоатсизлик қилиб, гуноҳкор бўлишни) ҳам истамайман , деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: (Сенга маҳр қилиб берган) боғини унга қайтариб берасанми? дедилар. Ҳа , деди аёл. У зот (Собит ибн Қайсга) Боғни қабул қилиб олгин-да, уни бир талоқ қил , дедилар .

Бухорий ва Насоий ривоят қилганлар.

Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва-салламнинг айтганларини қилди ва шу тариқа Исломда биринчи хулуъ собит бўлди.

Хулуъ боин талоқ ҳисобланади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хулуъни бир боин талоқ ҳисоблаганлар. Боин талоқ – ражъий талоқдан фарқлин ўлароқ эр- хотинлик алоқалари ўша заҳотиёқ тамом  бўлади.

Бундан ташқари ажрим қози томондан ҳам амалга оширилади. Қазоий ажримга тўрт фиқҳий мазҳабларга кўра, қуйидагилар сабаб бўлади:

  • нафақа қилишдан ожизлик
  • эр-хотиндаги айб
  • зарар
  • ёмон оилавий муносабатлар
  • эрнинг ғойиб бўлиши ҳамда қамоқ.

Ушбу масалалар қозининг ҳукмига боғлиқ бўлади.

Нафақадан ожиз бўлиш. Ҳанафий мазҳабидан бошқа уч мазҳаб, яъни моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларида нафақадан ожиз бўлиш эр-хотин ажратилишига сабаб бўлади. Аммо, ҳанафий мазҳабига кўра, нафақадан ожизлик сабабли эр хотин ораси ажратилмайди. Чунки эр гоҳ бой, гоҳ ночор ҳолатда бўлади. Агар эр бой бўлиб, нафақа қилмаётган бўлса, ажримдан бошқа йўллар қилинади, масалан қамаб қўйилади ёки мажбуран моли нафақа учун сотилади.

Айб ва касаллик. Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад уч жинсий касаллик сабабидан эр-хотин ораси ажратилади, дейишган. Улар:

  1. Мажбуб – эркак жинсий аъзоси кесилган бўлиши;
  2. Унна – жинсий ожиз бўлиш;
  3. Хасй – бичилган бўлиш. Мана шу ҳолатлардагина хотин қозига шикоят қилиб, ажрим талаб қилишга ҳақли.

Бунда қозининг никоҳни фасх – бекор қилиши боин талоқ бўлади.

Жанжал ва зарар. Жанжал – инсон ҳурматига таъна етказадиган даражадаги қаттиқ низо. Зарар – эркак кишининг хотинига гап ёки хатти-ҳаракат билан азият етказиши. Худди, сўкиш, уриш ва ҳаром ишларга мажбурлаши каби. Моликийлардан бошқа уч мазҳаб, агарчи низо ва зарар ўта даражада кучли бўлса ҳам, ажримга сабаб бўлолмайди. Чунки аёлдаги зарарни талоқсиз ҳам ҳал этиш мумкин, масалан қозининг эркакни одобга чақириши, жазолаши каби.Моликийларда эса, зарар ва жанжал сабабидан тафриқ жоиз бўлади,

Эрнинг йўқ бўлиб кетиши. Агар эр ғойиб бўлса ҳанафий ва шофеъий мазҳабига кўра, гарчи муддат узун бўлсада, эрнинг йўқ бўлиши сабабидан қози уларнинг орасини ажратмайди. Негаки, бу борада бирорта шаръий далил собит бўлмаган.

Тошкент Ислом институти

403-гуруҳ талабаси Орифжонова Моҳира

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Улуғ алломаларнинг муносиб издошлари

06.08.2026   25266   7 min.
Улуғ алломаларнинг муносиб издошлари

Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!
 

Бугунги таҳликали дунёда халқимиз, айниқса, ёшларга ислом моҳиятини тўғри тушунтириб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис, юртимизда диний таълим сифатини янада ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти
 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти илк магистрлари таҳсилни тамомлади


Донишмандларнинг “Агар сизнинг режангиз бир йиллик бўлса — шоли экинг. Ўн йиллик бўлса — дарахт ўтқазинг. Агар бир асрлик бўлса — фарзандларингизга таълим-тарбия беринг” деган ҳикматли гапи бор.


Жамият равнақига, Ватан тараққиётига, халқ фаровонлигига таълим-тарбиячалик хизмат қиладиган бошқа бирор феномен бўлмаса керак. Ҳар бир даврнинг ўзига яраша сармоядорлари, тужжорлари бўлган. Лекин уларнинг номлари тарих саҳифаларида жуда кам учрайди, айримлари изсиз йўқ бўлиб кетган. Лекин умрини цивилизация­лар тараққиётига бағишлаган мутафаккирлар, қомусий алломалар, маърифат чироғи остида элини буюк орзулар, нурафшон кунлар сари етаклаган миллат ойдинлари, уламоларнинг номлари асрлар оша барҳаётдир.


Президентимиз лавозимига сайланиши биланоқ барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам улкан ислоҳотларни бошлаб берди. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Ушбу ҳужжатда қатор устувор йўналишлар, хусусан, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва бошқа диний таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини яхшилаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, диний таълим муассасалари ҳузурида фуқароларга Қуръони каримни ўргатиш бўйича махсус курслар ташкил этиш белгиланган.

 

Сон эмас, сифат муҳим

 

Илм даргоҳининг улуғворлиги унинг бинолари ёки талабалари сони билан эмас, балки у ердан етишиб чиқадиган илмли, одобли, Ватани ва миллатига сидқидилдан хизмат қиладиган етук ва салоҳиятли кадрлар билан ўлчанади. Юзлаб учқунлар биргина қуёшнинг зиёсини тўса олмагани сингари чинакам қадр-қиймат сонда эмас, сифатдадир. Янги Ўзбекистонда олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари фаолиятида ҳам асосий мезон таълим сифати, илмий салоҳият, маънавий тарбия ва жамиятга муносиб хизмат қиладиган мутахассисларни вояга етказишда.


Мустақилликнинг дастлабки чорак асрида Ўзбекис­тон мусулмонлари идораси тизимида 9 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси ва Тошкент ислом институти фаолият юритган бўлса, Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилда Бухоро шаҳрида Мир Араб олий мад­расаси, 2018 йилда Самарқанд вилоятида Ҳадис илми мактаби, 2020 йилда Термиз шаҳрида Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси, 2024 йилда Имом Термизий номидаги ислом институти ташкил этилди.


Бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 4 та олий, 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси (шундан иккитаси аёл-қизларга ихтисослашган) фаолият кўрсатмоқда. Уларда таҳсил олаётган икки ярим мингдан зиёд талабага 500 га яқин профессор-ўқитувчи сабоқ бериб келмоқда.


Диний соҳа ходимларининг асосий қисмини ташкил этадиган имом-хатибларнинг билим ва малакаларини янада ошириш, ўрта махсус диний маълумотга эга имом-хатибларни олий диний маълумотли кадрлар билан алмаштириш мақсадида 2019 йилда Тошкент ислом инс­титутида модул таълим тизими жорий қилинди. Мазкур таълим тизимида 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлган имом-хатиблар танлов асосида ўқишга қабул қилиниб, ишдан ажралмаган ҳолда 3 йил давомида таҳсил олади. Бугунги кунга қадар бу таълим йўналиши бўйича 600 дан зиёд имом-хатиб олий маълумотга эга бўлди.


Президентимизнинг 2023 йил июнь ойида Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида берган топшириғи ижроси юзасидан 2024-2025 ўқув йилида таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш, тор йўналишлар бўйича етук кадрларни тайёрлаш мақсадида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида магистратура мутахассислиги ташкил этилган эди.


Жорий йилда илк 10 битирувчи “Ислом илоҳиёти, фалсафаси ва мотуридийлик таълимоти” ва “Ҳадис илмлари” йўналиши бўйича магистратура мутахассислигини муваффақиятли тамомлади. Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг катта мажлислар залида магистрларга тантанали равишда диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.


Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, таниқли уламолар, имом-хатиблар, соҳа фахрийлари, педагог-ўқитувчи ва талабалар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.


Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов илк битирувчиларни самимий қутлаб, тегишли пул мукофоти сертификатларини ҳар бир магистрга тантанали равишда топширди. Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари битирувчиларни ўқишини муваффақиятли тамомлагани билан муборакбод этиб, катта тарихий воқеа бўлганини алоҳида таъкидлади. Муфтий ҳазратлари илк магистрларнинг ойлик иш ҳақига Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 20 фоиз миқдорида устама ҳақ тўлаб берилишини эълон қилди. Битирувчи магистрлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг марказий аппарати, Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази, олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ишга тақсимот қилинди.

 

Тарих такрорланиб туради

 

Ўзбекистон қадимдан буюк алломалар, улуғ мутафаккирлар юрти сифатида эъзозланади, қадрланади. Тарихда юртимиз алломалари бутун дунёга устозлик қилган, жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган.


2024 йил 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом — тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этган Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ Юртингизнинг ҳар қадамида улуғ алломаларнинг хоки бор. Бу замин илм ва уламолар юртидир. Энди сизларнинг вазифангиз ана шу буюк мерос­ни қайта тирилтириш ва дунёга танитишдир”, деган эди. Ҳақиқатан, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида бутун дунё Ўзбекистонга, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоийларга қандай талпинган бўлса, бугун ҳам Учинчи Ренессанс пойдевори қўйилаётган юртимизга дунё афкор оммасининг қизиқиши тобора ортиб боряпти.


Халқимизда “Тарих такрорланиб туради”, “Оққан дарё оқаверади” каби ажойиб мақоллар, нақллар бор. Чиндан ҳам IX-XII ҳамда XIV-XV асрларда юксак ақлу заковати, теран тафаккури, бой маънавий-маърифий салоҳияти билан бутун дунёни забт этган буюк аждодларимиз сингари бугун янги Ўзбекистонда таҳсил олаётган ёшлар ҳам боболаримизнинг муносиб издоши сифатида тарихни такрорлашга астойдил киришган. Улар орасида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти магистратура йўналишини тамомлаган ўн нафар иқтидорли битирувчи ҳам бор. Уларни Ўзбекистоннинг етук мутахассислари, Президент кадрлари дея баралла айта оламиз. Келгусидаги фаолиятларига Аллоҳ таолодан улкан муваффақиятлар тилаймиз.

 

Салоҳиддин ШЕРХОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи

"Янги Ўзбекистон" газетасининг 2026 йил 6 август сонидан

Мақолалар