Муқаддас динимизнинг соф исломий таълимотини юртимиз мўмин-мусулмонларига асл ҳолича етказиш, Ислом маърифатини кенг ёйиш, буюк аждодларимизнинг бебаҳо дурдонларини ёшларимизнинг онгу шуурига сингдириш, халқимиз, айниқса, навқирон авлод вакилларини муқаддас қадриятларимизга зид турли ёт ғоялардан асрашда имом-хатибларнинг ўрни бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этиб боряпти.
Бугун чет давлатларга таълим олиш, саёҳат қилиш ва ишлаш учун бораётган ватандошларимизни огоҳликка чорлаш, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда ўзларининг радикал чиқишлари билан кишини чалғитувчи ғаразли кимсалар даъватларидан эҳтиёт бўлишга ундашда имом домлаларнинг хизматлари таҳсинга сазовор.
Ана шу жабҳаларда фаоллик кўрсатган, Тошкент вилояти имом-хатибларининг бошини қовуштириб, улар билан ҳамжиҳатликда ишлаётган, кўплаб масжидларнинг обод бўлишига хизмат қилаётган Жасурбек домла Рауповни куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров мақтов ёрлиғи билан тақдирлади.
Албатта, бу Жасурек домланинг камтарона хизматларига муносиб рағбатдир.
Меҳнат қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмаслиги айни ҳақиқатдир. Тошкент вилояти бош имом-хатибининг мақтов ёрлиқ билан тақдирланиши яна бир қувончли воқеанинг дебочаси бўлди.
Гап шундаки, бугун, яъни, 2021 йил 4 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиблар ўртасида “Йил имоми – 2021” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўти.
Кўрик-танловда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган имом-хатиблар баҳслашдилар.
Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасга кўра, энг юқори балл тўплаган Тошкент вилояти Пискент тумани “Собирхон ота” жоме масжиди имом-хатиби Суннатилла домла Эрназаров биринчи ўринни қўлга киритди.
Бу ютуқ нафақат “Собирхон ота” масжиди жамоасининг ёки Пискент тумани мўмин-мусулмонларининг, айни пайтда Тошкент вилоятининг ҳам муваффақиятидир.
Суннатилла домла 2000 йилдан бери Пискент туманидаги “Собирхон ота” жоме масжиди имоми бўлиб ишлаб келмоқда. Ўтган давр мобайнида у жума мавъизаларида, иккала ҳайит ва бошқа турли тадбирларда халқимизга соф Ислом таълимотини етказишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, ЎМИ Тошкент вилояти вакиллиги жамоаси ҳамда вилоятдаги шаҳар ва туманлар бош имом-атиблари, масжидлар имомлари, отинойилар номидан Жасурбек домла Раупов ҳамда Суннатилла домла Эрназаровни қўшалоқ мукофот блан самимий муборакбод этамиз.
Аллоҳ таоло Ўзининг дини йўлида хизмат қилаётган барча азизларимизнинг ажрларини кўпайтириб берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бирлашган Араб Амирликларида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон имом-хатиблари учун давлатчилик, бағрикенглик ва замонавий диний-ижтимоий ёндашувлар мавзусида навбатдаги илмий-амалий машғулот бўлиб ўтди.
Учрашувда БААнинг тараққиёт йўли, қонун устуворлиги ва "васатийя" (ўрталик) тамойилининг жамият тинчлигидаги ўрни алоҳида эътироф этилди. Мамлакатда 200 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ истиқомат қилаётгани таъкидланиб, инсон қадри ва ўзаро ҳурмат муҳим омил эканига эътибор қаратилди.
Ўз навбатида, БАА вакиллари Ўзбекистоннинг бой цивилизацияси ва дунё тамаддунига ҳисса қўшган буюк алломаларимиз хизматини юксак эҳтиром билан ёдга олишди. Тингловчиларнинг таъкидлашича, машғулотларда масжидларда маърузаларни проектор ва интерактив тақдимотлар орқали кўргазмали етказиш тажрибаси, шунингдек, имом-хатибларнинг жамият ҳаётидаги фаол ўрни кўрсатиб берилди.
Шунингдек, тадбирда БАА раҳбариятининг дунё бўйлаб амалга ошираётган инсонпарварлик ва хайрия лойиҳалари ҳақида атрофлича сўз юритилиб, бу каби манфаатли илмий сафарларни ташкил этган давлатимиз Раҳбари ва соҳа мутасаддиларига миннатдорлик билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати