Бухоро – Нақшбандия таъриқати еттита буюк сўфийларининг ватанидир. Тасаввуфнинг буюк вакиллари бу ерда яшаб, диний ва ижтимоий фаолият олиб бориб, муборак Бухоронинг вужудга келиши ва гуллаб-яшнаши, маънавий тарбия ва ҳиссий руҳни юксалтиришга ўз ҳиссаларини қўшганлар. Бу ерда муқаддас сўфийларнинг дафн этилган жойлари – пирлар, исломий зиёратгоҳлар сақланиб қолган, хабар бермоқда uzbekistan.travel интернет-нашри.
Бухорога зиёратга келганларнинг кўпчилиги ўз сафарларини Нақшбандия таълимотига асос солган маънавий устоз Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний мақбарасини зиёрат қилишдан бошлайдилар. Абдухолиқ Ғиждувоний пайғамбарнинг ўнинчи авлоди билан маънан боғлиқ. Мақбара айвонининг ўнта устун ва таянчи ўнинчи авлодга ишора.
Хўжа Абдулхолиқ Ғиждувоний даврида мақбара чиллахона вазифасини ўтаган бўлиб, у ерда қирқ кунлик жазирама иссиқ даврда одамлар ибодат қилиш учун келган. Вақт ўтиши билан муқаддас ибодат жойи ардоқли зиёратгоҳга айланади.
Яқин ўтмишда мақбара ташландиққа айланган эди. Мақбара бугунги намунавий шаклга эга бўлиши учун бир неча замонадан омон ўтиб келиши керак бўлди. Ҳозирда Абдухолиқ Ғиждуноний мақбараси қадимги Шарқнинг бир қисми, ер ва осмон орасидаги ришта ҳисобланади.
Хўжа Муҳаммад Ориф ар-Ревгари мақбараси муршид Хўжа Ориф Ревгарийнинг дафн этилган жойидир. У XII асрнинг ўрталарида Ревгар қишлоғида туғилиб, буюк муршид Абдухолиқ Ғиждувонийнинг муриди бўлган. Буюк устознинг вафотидан сўнг, у қолганларга руҳий мураббий бўлиш учун рухсат олган. Умрининг охиригача фаол диний фаолият билан шуғулланган. Баланд овозда зикр қилишни хуш кўрган. Хўжа Ориф 150 йил умр кўрганлиги ҳақида афсоналар мавжуд. У Бухоро вилоятининг Шофиркон қишлоғида дафн этилган.
Хўжа Махмуд Анжир Фағнавий мақбараси – энг буюк сўфий, муршиднинг дафн этилган жойи. Вобкент шаҳри яқинида туғилган. Ҳаёт йўлининг бошланишида ҳунарманд ва дурадгор бўлган. Илм олишнинг машаққатли йўлини босиб ўтиб, муршидликка эришди. Маҳмуд Анжир Фағнавий «ғафлатда ухлаб ётганлар уйғониши керак» деб биринчилардан бўлиб зикрни баланд овозда ўқиган. У ўз она қишлоғи Анжирбоғда дафн қилинган.
Хўжа Али Ромитанийнинг ёдгорлик мажмуи – сўфийлик таъриқатининг хўжагоний йўналиши таниқли муршиди дафн этилган жойдир. Сўфийга халқ орасида «Азизхон» – азиз шайх номи берилган. XII асрнинг охирида Ромитан шаҳрида туғилган. Бутун ҳаёти давомида тўқувчилик билан шуғулланган. Али Ромитаний амалга ошириш имкони бўлмаган ишни – мўғулларни ислом динини қабул қилишига эришди. Мўғуллар истилосидан кейин яроқсиз ерларни тиклашга ёрдам берган, табиблик билан шуғулланган. Афсонага кўра, сўфий одамларнинг фикрларини ўқиш қобилиятига эга бўлиб, саволга уни беришдан олдин жавоб қайтарган. Узоқ ва тақволи ҳаёти давомида унинг кўплаб шогирдлари бўлган, уларнинг орасида ўғиллари ҳам бор эди. Кичик ўғли Хўжа Иброҳимга ўз таълимотини давом эттиришни васият қилган.
Хўжа Муҳаммад Бобо Самосий ёдгорлик мажмуи – Хўжа Али Ромитанийнинг шогирди машҳур сўфийнинг дафн қилинган жойидир. Хўжа Самосий сўфийлик ривожига бебаҳо ҳисса қўшган, буюк инсон – Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанднинг дунёга келишини башорат қилган. Афсонада айтилишича, кунларнинг бирида, Баҳоуддининг она қишлоғи Қасри Ҳидувон ёнидан ўтаётиб сўфийда кашф юз берган. У мазкур жойда сўфийлик ва маърифатнинг буюк фарзанди дунёга келади, бу ернинг номи эса орифлар қишлоғи бўлади деб айтган.
Муршид 1354 йилда 95 ёшида вафот этган. Муқаддас мақбара Ромитан туманининг Симас қишлоғида жойлашган. Ушбу ерда ажойиб инсоннинг ўз таълимотларига монанд равишда мақбара, масжид, қудуқ ва гўзал боғ барпо этилган.
Хўжа Сайид Амир Кулол Бухорий ёдгорлик мажмуаси – Сайид Амир Кулол дафн этилган жой. Ҳаёти давомида у «буюк» деган маънони англатувчи Калон номини олган. Кулолчилик билан кун кўрган. Улуғ Устоз бўлишга қадар ҳам у машҳур бўлган. У ўз даврининг таниқли кулоли бўлган.
Сайид Амир Кулол диний уламо бўлиб, юздан ортиқ издошларга эга эди, улар орасида Баҳоуддин Муҳаммад Нақшбандий ҳам бор эди. У Нақшбандийни сўфийлик асослари, зикрни тўғри ўқиш ва хўжагоний тариқатининг анъаналари билан таништирди. Ўша пайтларда энг қадрли ва азиз руҳий ўғлини ишониб топшираётганлигини англаб етган шайх Хўжаи Самосий устозни Буюк мурид билан таништирган, деган фикр ҳам бор. Сайид Амир Кулол 1370 йилда ўзининг туғилиб ўсган Сухар қишлоғида дафн этилган.
Баҳоуддин Нақшбандий (XVI аср) – Бухородан 12 км. узоқликда жойлашган ноёб ёдгорлик мажмуаси. Мажмуа буюк сўфий устоз Баҳоуддин Нақшбандий шарафига қурилган.
Баҳоуддин Нақшбандий мажмуасида ушбу ажойиб инсонинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ қизиқарли экспонатлар ва маълумотлар намойиш этилган музей мавжуд.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Арафа куни кечаси, яъни, ҳайит кунига ўтар кечасини бедор ўтказиш.
Ҳайит кунига ўтар кечани Қуръон тиловати, зикр, тасбиҳ ва нафл намозлар билан ўтказиш улкан савобларга сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: "Ким икки ийд кечаларини Аллоҳдан савоб умидида қоим қилса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас”, деганлар (Ибн Можа, Табароний ривояти).
2. Ғусл қилиш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр, азҳо ва арафа кунлари ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).
3. Энг яхши, янги ёки тоза кийимларни кийиш.
4. Хушбўйланиш.
5. Қурбон ҳайити намозига чиқишдан олдин ҳеч нарса емаслик. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайитида таомланмасдан чиқмасдилар, қурбонлик кунида эса намоз ўқигунларича таомланмасдилар” (Имом Термизий ривояти).
Эслатма! Баъзилар қурбон ҳайитида ҳеч нарса емай намозга чиқишни нотўғри тушуниб, куннинг аввалги ярмига қадар рўзани ният қилиш керак, дейишади. Шу билан бирга, ўша куни саҳарликка туришади ва оғизларини ният билан беркитиб намозга чиқишади. Ҳайит намози ўқиб бўлингач эса, худди ифторликдаги каби оғизларини очишади. Бундай қилиш нотўғри. Ҳайит кунларида рўзани ният қилиш ҳаром амал саналади. Қолаверса, ярим кунга рўза ният қилинмайди.
6. Масжидга имкон бўлса пиёда ва эртароқ бориш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда юриб чиқардилар” (Ибн Можа ривояти).
7. Йўлда таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтиш. "Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Лаа илаҳа иллаллоҳу Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд".
8. Ҳайит намозидан олдин бошқа бирор нафл намоз ўқимаслик. Масжидга боргандан сўнг таҳийятул масжид ёки бошқа бирор нафл намоз ўқимасдан зикр қилиб ўтириш лозим.
9. Намозга бир кўчадан бориб, бошқасидан қайтиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар.
10. Ҳайит билан муборакбод этиш. Саҳобалар: "Тақоббал Аллоҳ минна ва минкум (Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам қабул этсин)", деб бир-бирларини байрам билан табриклашарди.
11. Аҳли аёл ва ёш болаларни хурсанд қилиш. Оилада байрам кайфиятини пайдо қилиш, совға-ҳадялар улашиш керак.
12. Қавм-қариндош, ёш улуғларни зиёрат қилиш.
13. Таниш-билиш, ёру дўст, қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш.
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Даврон НУРМУҲАММАД