Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2026   |   2 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:28
Аср
17:20
Шом
19:27
Хуфтон
20:52
Bismillah
15 Август, 2026, 2 Рабиъул аввал, 1448

Илоҳий таърифлар, аломатлар ва белгилар

01.11.2021   6090   5 min.
Илоҳий таърифлар, аломатлар ва белгилар
  1. Тақводор кишиларга берилган таърифлар, уларнинг аломатлари ва алоҳида белгилари.

Бу дунё даъволар дунёси. Дунёда яшаб турган ҳар бир инсоннинг ўз даъвоси бор. Кимдир яхши одам эканлигини даъво қилади. Яна кимдир эса самимийликни, кимдир саҳийликни ёки соддаликни, яна кимдир эса тақводорликни даъво қилади.

Лекин, бу даъволарнинг аксари ушбу жамиятда яшаб турган, даъво қилаётган кишини яхши танийдиган солиҳ одамлар тарафидан эътироф этилмайди. Балки, аксар даъволар бошқалар тарафидан инкор қилинади. Чунки, дунёда савиялар, билимлар ва дунёқарашлар ҳар хил. Кимдир даъво қилган, ўзига нисбат берган сифатни бошқалар инкор қилиши мумкин. Ёки бир кишига бошқа бир киши тарафидан берилган таърифлар бошқа бир кишилар томонидан эътироф қилинмаслиги ҳам мумкин. Чунки, бу меъзонларнинг барчаси инсоният томонидан ўрнатилган меъзонлардир. Ҳар ким ақлига, илмига ва савиясига қараб ўз меъзонини яратиб олиши мумкин.

Бироқ, дунёда шундай меъзон борки, уни ҳеч бир мусулмон инкор қилолмайди. Кишиларга берилган таърифлар, уларни ўзгаларга танитиб турадиган аломатлари баён қилинган бир китоб борки, у китобни нозил қилган Зот, барча махлуқотларнинг Роббиси Аллоҳ таолодир.

Роббимиз Ўзининг Каломи орқали мусулмон кишига  илоҳий меъзонни ўрнатиб берди. Ўз бандаларини таърифлади. Аломатларини, белгиларини баён қилди. Ушбу таърифларни, аломат ва белгиларни ёлғонга чиқаришга эса ҳеч бир мусулмон журъат қилолмайди.

Қуйида биз Қуръони каримда зикри келган кишилар, уларга берилган таърифлар ва у кишиларни бошқа инсонлардан ажратиб турадиган белгиларини ўрганиб чиқамиз. Мақсадимиз, кимнидир таърифламоқчи бўлганда, ўз нафсимизга ёки бошқаларга баҳо бермоқчи бўлганда, кишиларнинг қадрини ўлчашда,  Роббимиз ўрнатиб берган меъзондан фойдаланишдир.

Аллоҳ таоло айтади: “Ушбу (илоҳий) Китоб (Қуръон) шубҳадан холи ва (у шундай) тақводорлар учун ҳидоят (манбаи)дирким, 3. улар ғойиб (диний хабарлар)га имон келтирадиган, намозни мукаммал ўқийдиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладиганлардир. 4. Яна, улар Сиз (Муҳаммад)га ва Сиздан илгари (ўтган пайқамбарларга) нозил қилинган нарса (илоҳий китоблар)га имон келтирадиган ҳамда охират (қиёмат)га қатъий ишонч ҳосил қиладиганлардир. 5. Айнан улар Парвардигорлари томонидан (ато этилган) ҳидоят узрадирлар ва айнан улар нажот топувчилардир”.  (Бақара сураси 2-3—оятлар)

Айтинг (эй Муҳаммад): «Сизларга булардан яхшироқ нарса ҳақида хабар берайми? Тақводор кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида улар абадий қоладиган, тагларидан дарёлар оқиб тургувчи боғлар, покиза жуфтлар ва Аллоҳнинг ризолиги бор. Улар: «Парвардигоро, бизлар сенга иймон келтирганмиз, бас, гуноҳларимизни мағфират айла ва бизни жаҳаннам азобидан асра!» — дейдиган, сабр-қаноатли, иймонларига содиқ, ибодат-итоатли, инфоқ-эҳсонли бўлган ва саҳарларда Аллоҳдан мағфират тилайдиганлардир. (Оли имрон сураси 15-16-17-оятлар)

(У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади. (У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдиган. — Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур, — билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир.  (Оли имрон сураси 134-135  -оятлар)

Демак, ҳақиқий тақводор киши:

 1.  Ғайбга иймон келтиради.
 2.  Намозни мукаммал адо этади.
 3.  Инфоқ ва эҳсон беради.
 4.  Барча пайғамбарларга иймон келтиради.
 5.  Барча илоҳий китобларга иймон келтиради.
 6.  Қиёмат кунига қатъий ишонади.
 7.  Гуноҳлари учун истиғфор айтиб кечирим сўрайди.
 8.  Жаҳаннам азобидан паноҳ сўрайди.
 9.  Сабр қаноатли бўлади.
 11. Иймонига содиқ бўлади.
 12. Роббисига ибодатли ва итоатли бўлади.
 13. Саҳарларда истиғфор айтади.
 14. Ғазабини ичга ютади.
 15. Кишиларнинг хато ва кмчилигини кечиради.
 16. Гуноҳ иш қилиб қўйганда дарҳол тавба қилиб, истиғфор айтади.
 17. Гуноҳ ишларда бардавом бўлмайди.

Хулоса:

Тақводорликнинг белгилари ушбу оятларда зикр қилинган сифатлардир. Юздаги соқол, бошдаги салла, эгнида турган чопон ёки қўлидаги тасбеҳи кишининг тақводор эканлигини билдирмайди. Бу кўриниш ёлғончи бўлиши ҳам мумкин. Тақвонинг жойи эса қалбда бўлади. Кимки, ушбу меъзонга тушмас экан, айтаётгани қуруқ даъво холос. “Қуруқ қошиқ оғиз йиртади”, деганларидек, қуруқ даъво ҳам фақатгина надомат келтиради холос.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳақиқий тақводорлардан қилсин.

 

Тошкент шаҳар, Олмазор туманидаги

“Мевазор” жоме масжиди имом ноиби:                       Исломов Ёрбек

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Uthaym” газетаси: Маданий меросни асраш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим йўналишига айланган

10.08.2026   45208   2 min.
“Uthaym” газетаси: Маданий меросни асраш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим йўналишига айланган

Шри-Ланканинг “Uthaym” нашрида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, уни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга безавол етказиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Материалда Янги Ўзбекистонда миллий қадриятларни тиклаш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, илм-фан ва маърифатни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар юксак баҳоланган.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда маънавий-маърифий соҳани тубдан такомиллаштириш, халқнинг кўп асрлик бой илмий-маданий меросини ўрганиш ҳамда уни жаҳон ҳамжамиятига кенг тарғиб этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Мамлакатда тарихий обидаларни реставрация қилиш, музейлар ва архивлар фаолиятини модернизация қилиш, қўлёзмаларни асраб-авайлаш ва рақамлаштириш, миллий маданий меросни халқаро миқёсда тарғиб қилишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилган.

Мақолада Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган Учинчи Ренессанс ғояси мамлакат тараққиётининг муҳим стратегик йўналиши сифатида алоҳида эътироф этилган. Муаллиф фикрича, мазкур ғоя нафақат тарихий меросни асраб-авайлаш, балки илм-фан, таълим, маданият ва инновацияларни уйғун ривожлантириш орқали мамлакатнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Учинчи Ренессанс концепцияси Ўзбекистоннинг буюк илмий анъаналарини қайта тиклаш, ёш авлодни билимли ва ватанпарвар этиб тарбиялаш ҳамда мамлакатнинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга қаратилган умуммиллий дастур сифатида баҳоланмоқда.

Газетанинг ёзишича, Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришлар фақат маданий соҳадаги ислоҳотлар билан чекланмайди. Улар мамлакатнинг илмий, маънавий ва интеллектуал тараққиётини таъминлашга қаратилган узоқ муддатли стратегиянинг ажралмас қисми ҳисобланади. Илмий муассасалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тарихий манбаларни тадқиқ этиш, маданий меросни муҳофаза қилиш ва замонавий таълим тизимини ривожлантириш каби йўналишлар ягона мақсад — Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам маънавий пойдеворини яратишга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилган.

Мақолада Тошкент шаҳрида барпо этилган Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига кенг ўрин ажратилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси асосида барпо этилган мазкур бетакрор мажмуа Ўзбекистоннинг маданий ва илмий сиёсатидаги энг муҳим истиқболли лойиҳалардан бири бўлди. Марказда VII асрга оид ноёб Усмон Мусҳафи сақланаётгани унинг тарихий аҳамиятини янада оширади.

Шу билан бирга, бу ерда қўлёзмаларни илмий ўрганиш, реставрация қилиш, архив материалларини тизимлаштириш ва замонавий технологиялар асосида рақамлаштириш учун барча зарур шароитлар яратилган.

Газетада Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар билан маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлиги, тарихий обидаларни асраб-авайлаш, уларни халқаро туризм ва илмий тадқиқотлар билан уйғун ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳақида сўз юритилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари