31 октябрь куни расмий сайт ва ижтимоий тармоқларда “Жиҳодчилар” тарафдорлари фаолиятига чек қўйилди” сарлавҳали хабар эълон қилинди. Унда ёзилишича, Қашқадарё вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тадбирда “Жиҳодчилар” диний экстремистик оқими тарафдорларидан иборат ноқонуний гуруҳ фаолиятига чек қўйилган.
Аниқланишича, улар “Жиҳодчилар” оқими ғоялари йўғрилган аудио-видео кўринишдаги материалларни тинглаб, томоша қилишган ҳамда ҳижрат ва жиҳод қилишга хайрихоҳлик билдиришган.
Мазкур хабарга кўра, гуруҳнинг 12 нафар аъзоси орасида маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ўрта мактаб ўқитувчиси, масжид имом-ноиби, якка тартибдаги тадбиркор ҳамда мавсумий ишчилар борлиги айтилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасадди идоралар билан олиб борган мулоқотлари натижасида, ушбу хабарда гуруҳ аъзолари қаторида келтирилган масжид имом ноиби аслида бошқа касб эгаси экани маълум бўлди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги мураккаб даврда ҳушёрлик ва огоҳлик ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифа эканини теран англаган имом-хатиблар, имом ноиблари ва диний соҳа ходимлари бузғунчи ғояларга қарши кураш ишларида фаол иштирок этмоқдалар.
Ўз навбатида, ёлғон ёки тасдиқланмаган ахборотни тарқатиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлиши, шунингдек, Ислом дини таълимотларида қаттиқ қораланганини алоҳида таъкидлаймиз.
Халқимиз, айниқса ёшларни Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали дин ниқобидаги шахсларни жиҳод, ҳижрат тушунчаларини ўзларининг ботил даъволарига мослаб талқин этаётган даъватлардан огоҳ бўлишга чақирамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан воҳамиз аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрли ишлар давом этмоқда.
Бугун, ЎМИ Қашқадарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов бошчиликларида ҳомийлар жалб этилган ҳолда маҳалла ҳудудидаги хонадонларга ташриф буюриб, хонадон аҳиллари билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида совға-саломлар ва хайр-эҳсон қутилари тарқатилди.
Бундай хайрли ташаббуслар халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлиб, эҳтиёжманд оилаларга маънавий далда ва кўмак беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юртимизда тинчлик-осойишталик, хонадонларимизда файзу барака бардавом бўлсин!
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати