Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Феврал, 2026   |   8 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:46
Қуёш
07:04
Пешин
12:41
Аср
16:25
Шом
18:13
Хуфтон
19:25
Bismillah
25 Феврал, 2026, 8 Рамазон, 1447

Муфтий ҳазратлари: Таълим биз учун нажот ва саодатдир

28.10.2021   3089   4 min.
Муфтий ҳазратлари: Таълим биз учун нажот ва саодатдир

Бугун, 28 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари диний таълим муассасаларига бўлган илк ташрифларини Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтидан бошладилар.
Ташриф дастлаб институт тарихига оид маълумотлар билан танишишдан бошланди. Унда институт ташкил этилиши, таълим даргоҳининг мақсад-вазифалари, собиқ муфтийлар тарихи ва ректорлар тўғрисида маълумотлар берилди. Сўнгра институт биносида ташкил этилган китоблар кўргазмаси ва ҳаттотлик ишлари билан яқиндан танишилди.
Севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган Робиъул аввал ой муносабати билан институтда Сийрат ойлиги ўтказилаётгани ҳақидаги хушхабар кўнгилларни шод этди.
Муфтий Нуриддин домла Холиқназаров Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларидан таълим берилаётган дарс хонасига ташриф буюриб, талабалар билан суҳбат қурдилар. Талабалар дарс жараёнларидан, айниқса Мисрнинг Ал-Азҳар олийгоҳининг фазилатли устозларидан Шайх Жамолиддин Ҳошим каби мударрисларнинг замонавий усуллар орқали дарс беришаётганини жуда ҳам мамнун эканликларини изҳор этишди.
“Қиз болага таълим бериш, бутун умматга таълим бериш билан баробардир”. Шундан келиб чиқиб, Муфтий ҳазратлари институтда аёл-қизлар учун ҳам яратилган шарт-шароитлар билан қизиқдилар. Айниқса, қизлар учун алоҳида кутубхона, мажлислар зали, ўқув хоналари ва намозхона ташкил этилгани айни муддао бўлгани қайд этилди.
Албатта талабаларнинг илмли ва ўз касбининг етук мутахассиси бўлиб етишишларида китобнинг ўрни алоҳида. Муфтий ҳазратлари институт кутубхонасининг фаолияти билан ҳам танишдилар. Ахборот-ресурс маркази ходими Камолиддин Маҳкамов институт кутубхонаси ҳақида батафсил маълумо берди. Жумладан, ахборот-ресурс марказига етук мутахассислар жалб этилган ҳолда модернизация қилингани, китобларни сақлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва талабаларга китобларни етказиш халқаро талаб даражасида экани ҳақида сўзлаб берди.
Институтнинг асосий биносига қўшимча равишда бунёд этилган 15 та талабалар ўқув аудиторияси, мажлислар зали, кутубхона, ўқитувчи ва талабалар ошхонасини ҳам Муфтий ҳазратлари кўздан кечирди. Шунингдек, ушбу ўқув даргоҳи ҳудудида қад ростлаган 4 қаватли бинодаги 30 ўринлик таҳоратхона ва 30 та хонадан иборат замонавий ва шинам ҳолатга келтирилган талабалар турар жойи – ётоқхонани билан ҳам танишдилар.
Мана шундай ўзгаришлар ва янгиланишлар Янги Ўзбекистон шароитида Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан таълим-тарбия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалдаги яққол ифодаси экани ташриф давомида алоҳида эътироф этилди.
Муфтий ҳазратлари талабалар илм олиши, динимиз, халқимиз манфаати йўлида хизмат қилиши учун барча шароитлар муҳайё этилгани, толиби илмлардан эса фақатгина бир нарса – ихлос билан илм олиш, яратилган қулайликлардан тўғри ва оқилона фойдаланиш, Аллоҳ таолонинг неъматларга шукрона сифатида ҳам илму ирфон эгаллаш зарурлигини ёдга солиш бугунги ташрифдан кўзланган бош мақсад экани алоҳида таъкидладилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Рўза 2 нарсани ўргатади

18.03.2024   8679   1 min.
Рўза 2 нарсани ўргатади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Тақво – Рамазон рўзасининг ғоясидир. Яъни рўзадан кўзланган мақсад – тақводир. Бунинг учун банда Аллоҳ таоло ҳаром қилган амаллардан қайтиши, буюрган амалларни адо этиши лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ахир, инсон фақат таомдан ҳамда ичимликдан ўзини тийса-ю, лекин ёлғон сўзлашни, ғийбатни, судхўрликни, одамларнинг обрўсини тўкишни тарк этмасдан рўза тутиши мумкин-ми?!

Рўза бандани нафсига қарши туришга, ғазабини ютишга ва одамлардан етган озорларга сабрли бўлишга ўргатади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Рўза қалқондир. Рўзадор фаҳш сўз айтмасин, жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар бирор киши у билан уришмоқчи ёки сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман”, десин».

Рўза бандани Аллоҳ таоло уни ҳамиша кузатиб турганини ҳис қилишга ҳамда ҳар бир ишни фақат холис Аллоҳ учун адо этишга ўргатади.

Шундай экан, рўза фақат таом ва шаробдан тийилиш эмас, балки нафсни тақво билан тарбиялашдир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, тақводорлар жаннату анҳорлардадирлар. Сидқ ўриндиқда, қудратли Подшоҳ ҳузуридадир” (Қамар сураси, 54-55-оятлар).

 Даврон НУРМУҲАММАД

Рамазон