Покистон президенти Ариф Алви Карачидаги Жинна шаҳар "Ислом боғи"ни очди. Унинг ўзига хос хусусиятлардан бири - у ерда Қуръонда зикр этилган 22 та ўсимликлак экилган.
Улар орасида анжир, анор, зайтун, маккажўхори, сербар баргли бир хил пиёз, саримсоқ пиёз, пиёз, ясмиқ, буғдой, занжабил, қовоқ, тарвуз, тамаринд, кедр, узум, банан, бодринг ва райҳон мавжуд. Бундан ташқари, Покистоннинг турли ҳудудларига қарашли боғда 42 хил мевали ўсимликларни кўриш мумкин. Бу гуава, чику, шарифа, хурмо, манго, жамун, тут, лазура, папайя, анор, фальса ва бошқаларни ўз ичига олади.
Ижтимоий хизматлар жамоат бирлашмаси президенти Ш.Омери шаҳар истироҳат боғига 5000 га яқин дарахт экилганини маълум қилди.
Islam.ru хабарига кўра, Покистон Президенти манфаатдор томонларни, жумладан, давлат ва нодавлат ташкилотларни атроф-муҳит ифлосланиши муаммосига қарши самарали курашиш учун Карачида ўрмон қопламини ошириш учун биргаликда ишлашга чақирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ҳиндистон Республикаси Мудофаа вазирлиги котибияти бошлиғи, генерал Динеш Кумар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Марказ билан танишув давомида меҳмон, айниқса, Усмон Мусҳафини кўриб чуқур таассурот олганини таъкидлаб, уни бу ердаги энг ноёб ва унутилмас ёдгорликлардан бири, дея эътироф этди.
Ташриф чоғида генерал Динеш Кумар музейнинг бой экспозициялари билан батафсил танишди. У исломгача бўлган давр цивилизацияси, Ислом цивилизациясининг тараққиёт босқичлари, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига бағишланган галереялар, буюк алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси, нодир қўлёзмалар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозицияларни катта қизиқиш билан кўздан кечирди.
Меҳмон экспозициялар тарихий меросни замонавий музейшунослик ечимлари орқали жонли ва таъсирчан тарзда намоён этаётганини юқори баҳолади. Унинг таъкидлашича, ҳар бир галерея ўзаро узвий боғланган бўлиб, ташриф буюрувчиларга Ўзбекистон ва бутун минтақа цивилизацияси тарихини яхлит ҳолда англаш имконини беради.
Генерал Динеш Кумар бундай деди:
➖ Бу ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли маскан. Делегациям билан биргаликда бу ерга келиб, катта таассуротлар олдик. Марказнинг меъморий қиёфаси, экспозицияларнинг юксак савияда ташкил этилгани ҳамда исломгача бўлган даврдан тортиб бугунги кунгача бўлган тарихнинг изчил ва таъсирчан тарзда ёритилгани мени чуқур ҳайратга солди. Айниқса, замонавий технологиялар ёрдамида тарихни жонлантириш усули таҳсинга сазовор. Бу ерда ҳар бир экспозиция ўтмишни нафақат кўриш, балки уни чуқур ҳис қилиш имконини ҳам беради.
Бизга намойиш этилган Усмон Мусҳафи сўз билан таърифлаб бўлмайдиган даражада ноёб мерос экан. Бу мен учун энг таъсирли экспонат бўлди ва уни умрим давомида эслаб юраман.
Ўзбекистонга келадиган ҳар бир сайёҳ ушбу масканни албатта кўриши керак. Биз Ҳиндистонга қайтгач, дўстларимиз ва ҳамкасбларимизга ҳам бу ерга ташриф буюришни тавсия қиламиз.
Ташриф якунида генерал Динеш Кумар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мамлакатнинг кўп асрлик тарихий ва маънавий меросини замонавий технологиялар билан уйғун ҳолда намоён этаётган, халқаро аҳамиятга эга илмий-маърифий маскан эканини алоҳида таъкидлади.
iccu.uz