Мўмин банда биродарининг ўзгаларга зарари етмайдиган айбини билиб, уни яшириши улкан савобдир. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор банда дунёда бир бан-дани(нг айбини) яширса, Аллоҳ таоло қиёмат куни уни(нг айбла-рини) яширади”, дедилар”.
(Имом Муслим ривояти)
Бошқа ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қайси киши ўзганинг айбини кўриб, уни яширса, худди тириклай кўмилган қизни қабридан қутқарган каби бўлади”, деяётганларини эшитдим”.
(Абу Довуд ривояти)
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, уни ташлаб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ғамида бўлса, Аллоҳ унинг ғамида бўлади. Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким мусулмондан бир ташвишни аритса, Аллоҳ ундан Қиёмат кунининг ташвишларидан бирини аритади. Ким бир мусулмон-нинг айбини беркитса, Аллоҳ Қиёмат кунида унинг айбини беркитади”, дедилар”.
(Имом Бухорий ривояти)
“Айбни яшириш” ёки “айбни беркитиш”дан мақсад бошқаларга унинг айбини айтмаслик ва барчанинг кўз ўнгида эълон қилмасликдир. Лекин, бу масалада қуйидагиларни ёдда тутиш лозим:
- айбни беркитиш учун ёлғон сўзламаслик.
Шунинг учун, кимдир у айб ҳақида сўраса, дастлаб жавоб беришни орқага суришга ҳаракат қилади. Мабодо, жавоб беришга мажбурласа, воқеликка зид бирор сўз айтмасдан, ҳақиқатни айтади; айб бошқаларга таъсир қилмасагина, уни яшириш мумкин.
Агар унинг бошқаларга зарар келтириш хавфи бўлса, тегишли одамларга хабар бериш нафақат жоиз, балки савобли амалдир. Бунда, бошқаларга зиён етиб қолишнинг олдини олиш ният қилиниши ва айбдорни камситишлик кўзланмаслиги шарт.
Масалан, бир шахснинг ёлғон билан одамларнинг пулини олиб, еб юбориш одати бўлса ёки қарз олиб қайтариб беришга эътибор қаратмайдиган бўлса, буни билмайдиган инсон у билан муомала қилиб, зарар кўришнинг олдини олиш учун одамларни бундан бохабар қилишнинг ҳеч қандай зарари йўқ.
Шунингдек, уйига совчи келганда, келин хонадони куёв бўлмишни ўрганишни исташи табиийдир. Албатта, бундай ҳолатда уларга тўғри маълумот бериш лозим. Лекин, барча ўринларда асосий мақсад бошқаларни зарар кўришдан сақлаш бўлиши даркор.
Шунингдек, бир кишининг содир қилган жинояти сабабли жамиятда ёмонлик тарқалиши хавфи бўлса, бу ҳақида тегишли идораларга маълумот етказиш тўғри ва савобли иш ҳисобланади. Лекин, шунда ҳам ният жамиятни ислоҳ қилиш бўлиши лозим. Асло айбдордан ўч олиш ёки душманлик қилиш кўзланмаслиги керак.
Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний
Миролим Мансур таёрлади
Савол: Масжиддаги жамоатда баъзан олдинги сафдаги одамнинг кийими калта бўлгани учун саждада орқаси қисман очилиб қолади ва бехосдан унга кўзимиз тушиб қолади. Шу ҳолатда таҳорат ёки намозимиз бузилмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уламолар таҳорат ва намозни бузувчи омилларни бирма-бир санаганлар. Улар ичида бировнинг авратига кўз тушиб қолиш сабабли бузилади, деган гап йўқ. Бировнинг, хоҳ аёлнинг, хоҳ эркакнинг авратига қараш сабабли бавл ёки бирор суюқлик чиқмаса, таҳорат синмайди. Аммо бу дегани қараш, назар солиш мумкин экан, деб тушунмаслик керак. Чунки бундай ишлар асло мумкин эмас.
Бир нарсани ёдда тутиш лозимки, намоз ўқиш учун тайёрланаётган инсон намоз ўқиш асносида авратлари очилиб қолмаслигининг чорасини кўриши керак бўлади. Чунки бир рукн (фарз амали) миқдорича авратининг тўртдан бири очилиб турса, унинг намози бузилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази