Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Октябр, 2025   |   3 Жумадул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:27
Қуёш
06:46
Пешин
12:12
Аср
15:45
Шом
17:31
Хуфтон
18:44
Bismillah
25 Октябр, 2025, 3 Жумадул аввал, 1447

Динда саволим бор: Кимни мўмин деймиз, кимни муслим деймиз?

22.10.2021   2108   2 min.
Динда саволим бор: Кимни мўмин деймиз, кимни муслим деймиз?

— Мусулмон ва муслималар, мўмин ва мўминалар, деб айтамиз. Уларнинг қандай фарқлари бор? Кимни мўмин деймиз, кимни муслим деймиз? Саволим ноўрин бўлса, узр сўрайман.

— Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин Ислом дини номи билан машҳурдир. Бу номни Пайғамбарнинг ўзлари танлаган эмас, балки уни Аллоҳ таоло ихтиёр қилган. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло:

﴿وَرَضِيتُ لَكُمُ الإِسْلاَمَ دِيناً﴾

“Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим”, дейди (“Моида” сураси, 3-оят). Ислом сўзининг луғавий маъноси “ихлос”, “офатлардан саломат бўлиш”, “сулҳ ва омонлик”, “итоат ва бўйсуниш” каби маъноларни англатади.

Шундан мусулмон ва муслима Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин Ислом динига мансуб, ихлосли, турли офатлардан саломат бўлган, сулҳли, омонатли, итоатли ва Аллоҳга бўйсунган шахс дегани бўлади.

Иймон сўзи луғатда омон бўлиш ва тасдиқлаш маъноларини билдиради. Уламолар истилоҳида Иймон Аллоҳ таолодан келган нарсани тасдиқлаб, унга иқрор бўлишдир. Шундан мўмин ва мўмина Аллоҳ таолодан келган ақидага оид нарсаларни тасдиқлаб ва уларга иқрор бўлиб, турли ёмонликлардан омонда бўлган шахсдир.

Ислом ва Иймон тушунчалари умумий тарзда бир-бирига қовушиб кетган, бири иккинчисини ифода этаверадиган тушунчалардир. Аммо иккисини алоҳида олиб қарайдиган бўлсак, Иймон ишониш-эътиқод назарий масалаларга, Ислом эса бўйсуниш-амалий масалаларга хосдир.

Ислом асослари шаҳодат, намоз, закот, рўза ва ҳаждан иборат. Иймоннинг асослари Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, яхши-ю ёмон қадар Аллоҳдан эканлигига ишониш, тасдиқлашдан иборатдир.

Улуғ ақоид илми олими Умар Насафий ўзининг китобида: “Иймон ва Ислом бирдир. Қачонки, бандада тасдиқ ва иқрор мавжуд бўлса, мен ҳақиқатда мўминман, демоғи тўғри бўлади”, деган.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Иззатталабликнинг давоси

24.10.2025   1206   2 min.
Иззатталабликнинг давоси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Иззатталаблик

Инсондаги нафси аммора ўзининг азалий табиатига кўра дунёни яхши кўради, ўзини юқори санаб, буйруқ ва фармон беришга ўч бўлади. Шунинг учун у барча одамларга  ўз ҳукмини ўтказиб, унга муҳтож бўлишларини истайди. Лекин айни пайтда унинг ўзи ҳеч ҳам бировга муҳтож бўлишни хоҳламайди. Бу эса Яратган билан илоҳликни талашиш ва шерикликни даъво қилишдир. Шунинг учун ҳам нафснинг хоҳишлари тўхтатилмаса йўлида дуч келганни тишловчи қутурган итга ўхшаб қолади.

 

Иззатталабликнинг давоси

Биз доимо афтодаҳол ва камтарин бўлишимиз, бошқаларни ўзимиздан яхши деб билишимиз, Аллоҳнинг ҳомийлигига муҳтож ҳолда Ундан паноҳ исташимиз ва излашимиз, амрларига итоаткор бўлиб, бандалик бурчимизни бажаришимиз зарурдир. Шариат белгилаган ҳалолу ҳаромларни фарқлашимиз, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини маҳкам тутишимиз, яхши амалларни адо этишда ниятни тўғрилаб, мўлжални аниқ олишимиз, ички дунёимизни поклашга қаттиқ интилишимиз, одоб-ахлоқимизни яхшилашга ҳаракат қилишимиз, ўз хато-камчиликларимизни пайқашимиз, ўзимизда гуноҳлар ҳукмрон эканлигини сезишимиз, шунингдек, шуҳрат, обрў, ном ва мақтовларидан қатъиян қочишимиз лозим. Зеро, Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:

“Диний ёки дунёвий ҳаёти туфайли одамларни бармоғи билан кўрсатиши ўша инсоннинг ёмонлигига кифоядир. Магарам Аллоҳ сақлаган киши бундан мустасно” (Анас ибн Моликдан ривоят қилинган, Имом Термизий ривояти).

Жанобимиз имом ибн Машиш қуддиса сирруҳу дейдилар:

“Кўнглингни дунёвий бойликка, аёлларга, иззатталабликка ва кучли нафсоний ҳис-туйғуларга ҳаддан ташқари муҳаббат қўйишидан сақла. Аллоҳнинг берганига рози бўл!”.

Нафсимизнинг “сенинг тўплаётган молу дунёинг аслида диннинг ривожига, мусулмонларга ёрдам бериш учундир”, қабилидаги макру ҳийласи ҳам бизни алдаб қўймасин. Чунончи, дин иши – Аллоҳнинг ишидир. Унинг ўзигина дин ва шариатга ривож бериб, эътиборини оширади. Қолаверса, чексиз қудрат эгаси бўлган Аллоҳ мазкур динни ҳимоя қилиш мажбуриятини ҳам Ўз зиммасига олгандир.

Аллоҳ марҳамат қилади: “Улар Аллоҳнинг нурини (яъни исломни) оғизлари (яъни беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса гарчи (кофирлар) хоҳламасалар-да, фақат Ўз Нурини тўла (яъни ҳар тарафга) ёйишни истайди” (Тавба сураси, 32-оят).

Бу “золим ва адолатсиз кимсалар ўзларининг гап-сўзлари билан Аллоҳ қудратининг ифодаси бўлган шариатни йўқ қилмоқчилар”, деганидир. Бироқ улар бунга ҳар қанча уринмасинлар, Аллоҳ таоло ҳикматлар хазинаси бўлган шариати нурини Ўзи ҳимоя қилади.


“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.