Қирғизистон муфтийси Замир ҳожи Ракиев муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига табрик йўллади. Унда жумладан шундай дейилади:
– Қирғизистоннинг барча мусулмонлари, Қирғизистон мусулмонлари диний идораси ва шахсан ўз номимдан чин дилдан Сизни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида юқори ва жуда муҳим лавозим Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланганингиз билан табриклайман.
Биз учун ушбу хушхабар барча биродар Ўзбекистон мусулмонлари учун самимий қувонч бўлиб хизмат қилади ва Аллоҳ таолонинг марҳамати билан анъанавий Ислом қадриятларига асосланган бутун Ўзбекистон халқининг диний-аҳлоқий тинчлик-хотиржамлиги ва фаровонлиги йўлидаги саъй-ҳаракатларингизда У Зотнинг энг эзгу ниятлари ва ишончини оқлай олишингиз борасида бизда шундай ишонч уйғотади.
Нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунё бўйича ҳақиқий Исломни мустаҳкамлаш тарихида ўзининг жуда муҳим изини қолдирган Ўзбекистонинг барча мусулмонлари ҳаётида тинчлик ва маънавий бойликнинг гуллаб-яшнаши йўлида эргашиш учун яхши намуна бўлиб хизмат қилувчи аҳамияти ва муҳимлиги бўйича Сизнинг самимий меҳнатингиз ва саъй-ҳаракатларингиз, Сизнинг юқори даражадаги диний маданиятингиз ва маърифатлилигингиз айнан Сизни бутун қардош Ўзбекистон диний идорасининг энг юқори лавозимига сайлаш борасидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши қарорига асос бўлиб хизмат қилди.
Бундан ташқари, Сизнинг юқори даражадаги маърифатлилигингиз, шунингдек диний идорада хизмат қилишнинг бой ва бебаҳо тажрибангиз жамики қардош Ўзбекистон мусулмонларига фойда келтирувчи яна кўплаб режалар, кенг кўламли лойиҳаларни қийинчиликсиз ҳаётга тадбиқ этишга хизмат қилади ва мамлакатларимиз диний идоралари ўртасидаги самимий ўзаро муносабат ва қўллаб-қувватлаш ҳамда мустаҳкам ҳамкорликни янада кучайтиради.
Замир ҳожи Ракиев,
Қирғизистон муфтийси
Савол: Ўқилган намозимдан кўнглим тўлмади. Шу намозни қайта ўқишим керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу масаланинг бироз тафсилоти бўлиб, унга кўра намоз қуйидаги ҳолатларда қайта ўқилиши лозим:
• Намозда бирор фарз амал бажарилмай қолиб кетган бўлса;
• Намозда бирор вожиб амал қасддан бажарилмай қолиб кетса;
• Намозда бирор вожиб амал унутиб бажарилмаса ва намоз охирида саждаи саҳв ҳам қилинмай тугатилган бўлса.
Агар намозда суннат амаллар тарк қилинган бўлса ёки намоз макруҳлик билан ўқилган бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқиш вожиб эмас, балки мустаҳаб (чиройли саналган) иш ҳисобланади. Ушбу ҳолатда қайтадан ўқимаса ҳам гуноҳкор саналмайди.
Саволда сўралган ҳолатга келсак, кўнгил тўлмаслиги юқорида санаб ўтилган фарз ёки вожиб амал тарк қилинган ҳолатлар сабабли бўлса, намоз қайта ўқилиши керак. Аммо ҳақиқатда собит бўлмаган шубҳа-гумонлар, васвасалар сабабли кўнгил тўлмаётгандек бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқилмайди. Чунки кўп ҳолларда “кўнглим тўлмаяпти”, деб намозни қайта-қайта ўқийвериш инсонни ўзига бўлган ишончини йўқотади ва васваса касалига чалинишига олиб келади.
Шундай экан, намозда бажариладиган фарз, вожиб, суннат амаллар ҳақида яхши ўрганиш, энг асосийси турли хаёлларга чалғимасдан намозни эътибор билан адо этиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.