Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Науризбой ҳожи Тағанули муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига табрик йўллади. Унда жумладан шундай дейилади:
– Сиз муқаддас динимизнинг тарқалишига салмоқли ҳисса қўшдингиз. Раҳматли Усмонхон Алимовнинг хайрли ишларини давом эттириб, яхши ташаббусларни мунтазам тарзда амалга ошириб борасиз, деган умиддаман.
Аминманки, Сиз икки диний идора ўртасидаги олтин кўприкка айланасиз. Умид қиламанки, келгусида динимиз ривожига, икки мамлакат ўртасидаги диний алоқаларнинг мустаҳкамланишига биргаликда ҳисса қўшамиз, инша Аллоҳ.
Науризбой ҳожи Тағанули
Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий
Хабар берганимиздек, 2–4 февраль кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар муфтийлар кенгаши ҳузуридаги Фатво ҳайъатининг навбатдаги йиғилишида Туркия, Озорбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон уламолари иштирок этди.
Ушбу нуфузли тадбир туркий давлатлар ўртасидаги диний-илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ислом фиқҳига оид долзарб масалаларни замон талаблари асосида муҳокама қилишга қаратилди.
Йиғилишда ислом ҳуқуқи ва жамият ҳаётига дахлдор масалалар кенг қамровда кўриб чиқилди. Муҳокамалар жараёнида инсон қадр-қиммати, ер ва мулк муносабатларида адолат тамойилларига амал қилиш, ибодат вақтларини белгилашда умумий ёндашувни шакллантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий усуллар қўлланилаётган шароитда диний мажбуриятларни адо этиш, шунингдек, янги технологиялардан фойдаланишда шаръий меъёрларни сақлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, меҳмонлар Самарқанднинг бой тарихий ва маънавий мероси билан танишдилар. Асрлар давомида Шарқнинг йирик илмий-маданий марказларидан бири бўлиб келган қадим шаҳарда ислом маданияти, илм-фан ва давлатчилик тараққиёти билан боғлиқ қатор тарихий қадамжоларни зиёрат қилишди.
Мазкур тадбир нафақат фиқҳий масалаларни муҳокама қилиш, балки туркий давлатлар ўртасидаги маънавий яқинлик, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати