Бугун, 20 октябрь куни Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси ўринбосари Селим Аргун бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди.
Мартабали меҳмонларни Диний идора раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва раис ўринбосари Ўткир Ҳасанбаев кутиб олди.
Учрашувда Селим Аргун марҳум муфтий Усмонхон Темирхон ўғли раҳимаҳуллоҳнинг вафотлари юзасидан ҳамдардлик билдирди. Ўз навбатида, куни кеча бўлиб ўтган Уламолар Кенгашида Нуриддин домла Холиқназаров муфтий лавозимига сайланганлари муносабати билан Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси, доктор Али Эрбош жанобларининг табрикларини етказди.
Ўзаро мулоқотда икки давлат алоқалари янги босқичга кўтарилгани, диний идоралар билан ҳамкорликни ривожлантириш борасида яхши натижаларга эришилгани алоҳида қайд этилди. Шунингдек, диний адабиётларни нашр этиш ва хайрия тадбирларини ўтказишдаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида урғу қаратилди.
Ташриф якунида муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ҳам меҳмонлар билан суҳбатлашиб, эътибор ва эҳтиром учун миннатдорлик билдирдилар.
Томонлар бир-бирларига эсдалик совғалари тақдим этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Фарғона вилояти Бағдод туманида “Маҳалла ободлиги ва меҳр-саховат ойлиги” доирасида “Эзгулик ва маърифат тарғиботчилари” шиори остида сайёр маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда аҳолига Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши мурожаати етказилиб, "Қирқволида" маҳалласи ва "Мирзаобод" қабристонида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишилди.
Шунингдек, юртдошларимиз ўртасида бағрикенглик, меҳр-оқибат ва эзгулик ғояларини тарғиб қилувчи самимий суҳбатлар ўтказилиб, тумандаги 16 та маҳаллада истиқомат қилувчи 55 та эҳтиёжманд оилага моддий хайрия ёрдамлари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати