Бугун, 20 октябрь куни Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси ўринбосари Селим Аргун бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди.
Мартабали меҳмонларни Диний идора раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва раис ўринбосари Ўткир Ҳасанбаев кутиб олди.
Учрашувда Селим Аргун марҳум муфтий Усмонхон Темирхон ўғли раҳимаҳуллоҳнинг вафотлари юзасидан ҳамдардлик билдирди. Ўз навбатида, куни кеча бўлиб ўтган Уламолар Кенгашида Нуриддин домла Холиқназаров муфтий лавозимига сайланганлари муносабати билан Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси, доктор Али Эрбош жанобларининг табрикларини етказди.
Ўзаро мулоқотда икки давлат алоқалари янги босқичга кўтарилгани, диний идоралар билан ҳамкорликни ривожлантириш борасида яхши натижаларга эришилгани алоҳида қайд этилди. Шунингдек, диний адабиётларни нашр этиш ва хайрия тадбирларини ўтказишдаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида урғу қаратилди.
Ташриф якунида муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ҳам меҳмонлар билан суҳбатлашиб, эътибор ва эҳтиром учун миннатдорлик билдирдилар.
Томонлар бир-бирларига эсдалик совғалари тақдим этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун юртимиздаги масжид, мадраса ва зиёратгоҳлар обод этилмоқда, аждодлар мероси тадқиқ этилмоқда, Қуръон курсларида минглаб ҳамюртларимиз сабоқ олмоқда, ҳаж ва умра амалларини адо этиш имконияти кенгаймоқда.
Пойтахтимизда бунёд этилган муҳташам Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанд вилоятида қад ростлаган маҳобатли Имом Бухорий мажмуасининг очилиш маросимлари нафақат халқимиз учун, балки бутун мусулмон уммати учун энг муносиб Рамазон туҳфаси бўлади, инша Аллоҳ.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг Рамазон ойи табриги ва мурожаатидан