Улан-Удэдаги мусулмонлар жамоаси жомеъ масжиди ҳузурида маданий-маърифий марказ қуриш ва унинг ҳудудини кенгайтириш ниятида. Бурятия пойтахтидаги масжид 2010 йилда очилган бўлиб, у хусусий эҳсонлар ҳисобига қурилган ва энди ибодат қилишни истаган ҳар бир кишини сиғдирмай қолди.
"Илгари 200 нафарга яқин одам намозга келган. Энди масжид барча намозхонларни сиғдирмайди. Кўчада кўпчилик намоз ўқийди", - дейди мусулмонлар жамоаси вакили Расул Муҳаммад Шуайб.
Масжид ёнида 2000 квадрат метр майдонга эга маданий-маърифий марказ қурилиши режалаштирилган. Марказ биносида спорт зали, ўқув хоналари, ошхона ва меҳмонхона бўлади.
"Бизнинг энг муҳим мақсадимиз-ёшларимизни тўплаш учун ҳудудни кенгайтириш. Улар барча таълим муассасалари бўйича тарқалган. Ҳамма бориб ўқийди. Жума кунлари ҳам уларда ўқув машғулотлари бўлади. Уларнинг масжидга қатнашга имкони йўқ. Шундай қилиб, бу ерда овқатланиш хонаси бўлади, шунинг учун улар оч қолганда бу ерда овқатланишлари мумкин. Шу билан бирга улар футбол ва баскетбол ўйнашади",-дейди Улан-Удэ масжидининг имоми Ҳамид Сафиуллоҳ.
Islamisemya.com хабарига кўра, қурилишнинг тахминий қиймати 60 миллион рубль бўлади. Бундан ташқари, улар ҳудудни кўкаламзорлаштиришни режалаштирмоқдалар. Мажмуанинг лойиҳаси республика энг яхши архитекторларининг бири томонидан тайёрланмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан 852 нафар жазо ўтаётган шахсни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Афв этилганлар орасида 7 нафар хориж фуқароси, 375 нафар ёшлар, 49 нафар аёл ва 60 ёшдан ошган 37 нафар эркак бор, хабар бермоқда Batafsil.uz.
Афв этилган 852 нафар шахсдан 604 нафари жазони тўлиқ ўташдан озод қилинади. Яна 115 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод этилади.
52 нафар маҳкумга тайинланган жазо енгилроқ жазо турига алмаштирилади. 81 нафар шахснинг озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати эса қисқартирилади.
Афв этилганлар орасида тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган 63 нафар шахс ҳам бор.
Президент фармонида афв этишга асос сифатида маҳкумларнинг қилмишига пушаймонлиги ва тузалиш йўлига қатъий ўтгани кўрсатилган.
"Ўзбекистон 24" телеканали маълумотига кўра, Шавкат Мирзиёев 2017 йилдан буён 31 та афв этиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган. Ушбу ҳужжатлар жами 10 567 нафар жазо ўтаётган шахсни қамраб олган.
Хусусан, Президент Наврўз ва Рамазон ҳайити арафасида ҳам 392 нафар маҳкумни афв этганди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати