803-САВОЛ: Сизлардан битта нарсани сўрамоқчиман. TikTok ижтимоий тармоғида битта видео кўриб қолдим. Унда сайловда қатнашиш овоз беришни куфр амал деган. Шу қанчалик асосли? Шу сайловларда иштирок этишга динимизда қандай қаралади? Жавоб учун олдиндан раҳмат.
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сайловда иштирок этиш куфр ёки ширк, деган гаплар мутлақо асоссиз. Бундай гап-сўзларни асосан диний илмлардан узоқ, шаръий ҳукмларга бир томонлама қарайдиган кишилар кўтариб юришади. Аслида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам иккинчи Ақаба байъатида етмиш кишидан иборат ансорлар жамоасига ўз ичларидан гуруҳ раиси тайинлашни буюрганлар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам гуруҳ раисларини ўзлари танламай, буни сайловчиларга қолдирганлар. Бу билан одамлар ўзларининг маълум ишларини амалга ошириш, раҳбариятга етказиш учун масъул шахсларни ўзлари танлашлари кераклигини ўргатганлар. У зот алайҳиссалом бу услубни кейинчалик ҳам қўллаганлар. Бу ҳақда имом Бухорий ўз “Саҳиҳ”ларида алоҳида боб очиб, “Одамларга бошлиқ бўлганлар ҳақида” деб номлайдилар ва унда одамлар маълум ишларда юқори раҳбарга кичик бошлиқлар орқали ўз сўзларини етказишлари тавсиясига доир ҳадисни келтирадилар (“Олтин Силсила”, 8-жуз, 7176-ҳадис).
Шунингдек, тарихда “Хулафойи рошидинлар”нинг тўрттаси ҳам ўзига хос услубда сайланган. Абу Бакр разияллоҳу анҳуни бир гуруҳ мусулмонлар сайлаган, сўнг қолганлари унга байъат қилишган. Умар разияллоҳу анҳуни Ҳазрати Абу Бакр мусулмонларнинг розилиги билан тайинлаган бўлсалар, Усмон разиллоҳу анҳуни Умар разияллоҳу анҳу тайин қилган ўнта саҳоба сайлаган, сўнг мусулмонлар у кишига байъат қилишган. Али разияллоҳу анҳу Мадина аҳлининг талабига кўра халифа бўлганлар. У зот қабул қилдилар ва бошқалар эса у кишига байъат қилишган.
Демак, мусулмон инсон жамият манфаати кўзланган, адолат ва яхшилик йўлида бутун инсоният билан ҳамкорлик қилиши мумкин экан. Бу ҳақда Шайх Юсуф Қарзовий ҳафизаҳуллоҳ ўзларининг “Ал-Ислам вад- демоқратийя” номли мақолаларида шундай дейдилар: “Исломда сайловларга гувоҳлик сифатида қаралади. Яъни, раҳбарликка сайланаётган одамнинг салоҳиятига гувоҳлик беришдир. Салоҳияти йўқ одамга салоҳиятли, деб гувоҳлик берилмайди. Агар салоҳиятли кишига ўз ўрнида гувоҳлик берилмаса, бу гувоҳликни яшириш бўлиб қолади”.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
مَنْ يَشْفَعْ شَفَاعَةً حَسَنَةً يَكُنْ لَهُ نَصِيبٌ مِنْهَا وَمَنْ يَشْفَعْ شَفَاعَةً سَيِّئَةً يَكُنْ لَهُ كِفْلٌ مِنْهَا وَكَانَ اللَّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ مُقِيتًا
яъни: “Ҳақни ҳимоя қилган ўз насибасини олади. Ноҳақликни ҳимоя қилган ҳам ўз улушини олади. Аллоҳ ҳамма ишга баҳо берувчи зотдир” (Нисо сураси, 85-оят).
Демак, номзодлар ичида энг лойиғига, жамиятда адолатни ўрнатадиган кишига овоз берса, албатта бу яхши ишининг ажрини олади. Аксинча бўлса, маломатга қолади.
Бошқача айтганда, агар мусулмон киши ҳар жиҳатдан лойиқ номзодга овоз берса, элу юртни тараққиётига катта ҳисса қўшган бўлади. Энг асосийси охиратда улкан ажрга эга бўлади. Аксинча, эътиборсизлик, лоқайдлик ёки турли қинғир йўллар билан нолойиқ номзодга овоз берса, охиратда бундан масъул бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Кечаси тетик туриш учун пешиндан кейин бироз дам олинг.
2. Ибодатга халал бермаслик учун ифторда кўп овқат еманг.
3. Бу кечани ибодат билан ўтказаётганда тавба қилишга азм қилиш.
4. Барча мўминлар ва мўминалар учун истиғфор ва дуони кўпайтиринг.
5. Бутун аъзоларингиз билан Аллоҳга юзланинг, ҳаттоки, ақлингиз ва қалбингиз У Зотдан бошқасидан узилсин.
6. Жанжал ва тортишувлардан узоқда бўлинг, сизнинг ҳаққингизни поймол қилганларни кечиринг.
7. Фикрингизни бир жойга қўйиб, ибодат қилинг, Қадр кечасида хаёл бошқа нарсаларда бўлиб, юз ракатни тугатиб қўйишни фойдаси йўқ.
8. Дуо ва ибодатда ихлосли бўлиш қалбингиз Аллоҳдан бошқаси билан машғул бўлиб ракатларни кўпайтиришдан муҳимроқ.
9. Қадр кечасида имкон борича таҳоратли бўлишга ҳаракат қилинг.
10. Дуоингиз ижобат бўлишига аниқ ишонинг. Чунки ижобат бўлишига ишонмаслик дуонинг орасига тўсиқ пайдо қилади.
11. Аллоҳ дуоларингизни қабул қилиб, ижобат қилишига ишончингиз комил бўлсин.
12. Дуода бор вужудингиз билан ёлвориб сўранг, чунки Аллоҳ азза ва жалла ёлвориб дуо қилган бандасини яхши кўради.
13. Ҳар бир гуноҳингиз учун Аллоҳ таолога истиғфор айтинг, У Зот сизни афв қилишини сўранг.
14. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, У зотнинг оилаларига кўп саловот ва саломлар айтинг, саҳобаларга Аллоҳдан розилик сўранг (яъни “Розияллоҳу анҳу” деб айтиш).
15. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиб ортидан: “Аллоҳумма иннака аъфуввун туҳиббул аъфва фаъфу аннаа” (“Аллоҳим, албатта Сен гуноҳларни афв қилувчи зотсан, афв қилишни яхши кўрасан, бизларни афв эт”), дуосини кўп айтинг.
16. Аллоҳ таоло барча мусулмонларни дўзахдан озод қилишини кўп сўранг.
17. Ҳалол ризқни осон қилиб беришини ва ҳолатларни яхши томонга ўзгартиришини сўраб дуо қилиш.
18. Ўтган ота-оналарингизнинг ҳақига дуо қилиб, Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўранг.
19. Дуо қилганда ушбу дуоларни ҳам айтиш: “Роббанаа ҳаб ланаа мин азважинаа ва зурриййаатинаа қуррота аъюн”, (Роббимиз, бизга жуфти ҳалолларимиздан, фарзандаларимиздан кўз қувончлари бер).
20. Эр ёки хотин бир-бирининг ҳақига гўзал ҳолат, нафс ва фикрнинг роҳатини тилаб дуо қилиши керак.
21. Сажда қилган ҳолатингизда кўп дуо қилинг. Чунки банданинг Роббисига энг яқин бўлган ҳолати сажда қилган ҳолатидир.
22. Саждада узоқ вақт дуо қилиб туринг. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда бундай деганлар: “Белларингиз гуноҳларингиздан оғирлашиб кетган. Уларни саждада узоқ туриш билан енгиллатинглар”.
23. Бир сонияни ҳам зое кетказманг, вақтни ғанимат билинг. Чунки илоҳий раҳмат ва шаббодалар бу тунда очик бўлади.
24. Қодир бўлганингизча Қуръон ўқинг.
25. Қадр кечасини ибодат билан ўтказиш тонг отгунича давом этади, ўша вақтда фаришталар осмондан тушиб, чиқиб туришади.
26. Аллоҳ таоло сизни бу кечани ибодат билан ўтказишга муваффақ қилганига шукрлар айтинг, сиздан бошқа қанча-қанча кишилар бу бахтдан бебаҳра қолди.
27. Қадр кечасида имкон қадар садақа беришни унутманг. Чунки бу кечада қилинган ҳар бир амалнинг ажри улуғ.
Муҳаммад Яҳё Низомиддин